Мақолалар

Жаннат боғларидан ўтсангиз…

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Жаннат боғларидан ўтсангиз…da fikr bildirishni o'chirish

Масжид шундай меҳмонхонаки, унинг мезбони Аллоҳ таоло бўлиб, у Зот ўзининг ҳидояти, раҳмати ила меҳмонини икром қилади. Мўмин киши бу муқаддас маконда Ҳақнинг лутфу марҳамати ила ўзининг холис тоат-ибодатлари билан Унга яқин бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам: «Қачон жан­нат боғлари ёнидан ўтсан­гиз, сайр қилинг», дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?» дедим. У зот: «Масжидлар», дедилар. Мен: «Сайр нимадир, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. «Субҳаналлоҳу вал ҳамду лиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», дедилар» (Имом Термизий).

Мазкур муборак ҳадисдан масжидлар фазли ойдин кўриниб турибди. Масжидлар жаннат боғлари, деб аталмоқ­да. Демак, ким ёруғ дунёда масжидга кирса, жаннат боғига кирган, зикр қилса, жаннат боғида сайр қилган бўлади. Мўмин шунчалар бахтлики, унга ҳар куни беш марта жаннат боғига кириш, унда сайр қилиш имкони берилган.

Шу нуқтаи назардан, масжид одобларига амал қилиб, у жойда қўполлигу дағаллик, фойдасиз сўз ва гуноҳлардан тийилиш лозим. Яхши биламизки, жаннат аҳли учун бундай номақбул ишлар бегона бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат васфини билдириб: “Улар у жойда бирон беҳуда ва ёлғон сўз эшитмаслар”, (Набаъ сураси, 35-оят) дея марҳамат қилган.

Бироқ баъзан масжиддек улуғ даргоҳ қадрини билмай, у жойда ибодат, зикру тасбеҳ билан машғул бўлиш ўрнига бекорчи гапларни гапириб, ҳатто ғийбат қилаётган кишиларнинг гапи қулоққа чалиниб қолади. Биринчидан, ғийбат ёки бўҳтон гуноҳи кабиралардан бўлиб, охиратда унинг азоби қаттиқ бўлади. Иккинчидан, Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаган, мусулмонлар жам бўлиб Аллоҳга боғланадиган даргоҳда бу каби қилмишларнинг гуноҳи янада катта бўлади. Учинчидан, жамоат бирлигига путур етиши мумкин. Шунинг учун ўзини имонли деб билган киши Аллоҳнинг уйида беҳуда сўз айтиш, фитна қўзғашдан сақлансин. Масжидда билиб-билмай номақбул ишлар содир этиб қўймайлик. Фақат салом ва яхши сўзни гапирайлик. Бирор кимса масжидда хато қилаётганини кўрсак, четга олиб, яхши насиҳат қилайлик, Аллоҳнинг уйида эканимизни эслатиб қўяйлик.

Ўтмишда ўтган солиҳ зотлардан бири шогирдларига бундай насиҳат қилган: “Ҳар гал масжидга борганингда, билгинки, сен покларгина ҳузурига кира оладиган буюк Подшоҳ даргоҳига келдинг. Бунда ростгўйлардан бошқага жой йўқ… Чунки у Зот фақат покиза ва холис қалбларни қабул қилади”.

Бугун масжидларимизнинг қиёфаси кўркам, обод. Кирган одам яратилган шароитларга ҳавас қилади. Шундай экан, унда ибодат қилувчилар ҳам зоҳирию ботини пок ва гўзал бўлишига ҳаракат қилиши керак.

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири

“Ҳидоят” журналининг  2019 йил, 3-сонидан