Мақолалар

Фиръавннинг ғарқ бўлиши

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Фиръавннинг ғарқ бўлишиda fikr bildirishni o'chirish

Миср ери кенг бўлса-да, Бани Исроилга торлик қилди. Мисрнинг ҳосилдор ва унумдор ерлари энди уларга кераксиз бўлиб қолди. Ахир, улар зиндонда ҳар куни азоб ва хўрланишнинг янги турини татиб ётган бўлсалар, ерлару мол-мулклар ҳақида ўйлашармиди?

Аллоҳ таоло Мусо алайҳис­саломга Бани Исроил билан тунда Мисрдан чиқиб кетишни ваҳий қилгач, улар ҳаракатга тушишди. Бу ҳақда Фиръавннинг жосуслари хабар топиб, керакли жойларга етказишди, керакли тадбирлар кўрилди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроил билан кечаси Фаластин томон юрдилар. Одамлар ўн икки гуруҳга бўлиниб, ҳар бирига йўлбошчи тайинланди. Мусо алайҳиссалом Шом йўлидан икки марта ўтган, йўлни яхши билардилар. Бироқ Аллоҳнинг иродасига кўра, пайғамбар ва издошлари адашиб қолишди.

Карвондагилар шимол томон кетяпмиз деб ўйлаб, тун зулматида шарқ томон юришибди. Рўпарадан тўлқинлари мавж уриб турган Қизил денгиз чиқиб, йўллари тўсилди.

“Эй сақлагувчи Эгам! Эй асрагувчи Эгам! Қаердамиз ўзи?!” дея ваҳимага тушди мусофирлар. Ортларида бутун уфқни чанг-тўзонга тўлдириб келаётган улкан қўшинни кўришди. У ер-бу ердан норозилик овозлари ҳам эшитила бошлади: “Эй Имрон ўғли! Бизни ўлимга етаклаб келибсан-ку! Нима ёмонлик қилгандик сенга! Фиръавн бизни сичқондек қириб ташлашини мўлжаллаганмидинг?! Ахир, бу ердан қочиб қутулишнинг иложи йўқ-ку?! Сен сабабли етган бало-офатлар каммиди?! Мана, олдимизда душман каби денгиз, ортимизда эса денгиз каби душман турибди. Ўлимдан бошқа чорамиз қолмади!”

Бани Исроилнинг кўзига дунё қоронғу бўлди, кўнгилларни умидсизлик эгаллаб олди.

Лекин Мусо алайҳиссалом­нинг имонли қалби изтиробга тушмади: «(Мусо) айтди: “Йўқ, мен билан бирга Пар­вардигорим бор. Албатта, У мени (хавфсиз) йўлга бошлар” (Шуаро сураси, 62-оят).

Аллоҳ таолонинг амри билан Мусо алайҳиссалом ҳассасини денгизга урди. Денгиз ёрилиб сув икки тарафга баланд тоғ каби кўтарилди. Ўн икки гуруҳ учун ўн иккита йўл очилди. Қавм нариги соҳилга эсон-омон етиб олди.

Фиръавн Бани Исроил денгизни саломат кесиб ўтганини кўргач, аскарларига: “Анави қочоқларни тутиб олишим учун денгиз амримга қандай бўйсунганини кўряпсизларми?” деди.

Бани Исроил яна бетоқат бўлди: “Анави золимлар, олдимизга ўтишмоқчи. Уларни биздан ҳеч нарса тўсолмайди, тезда етиб олишади. Ё хўрлаш учун асир олиб кетишади, ё бу кимсасиз, овлоқ ерда ўлдириб юборишади”. Шунда Мусо алайҳиссалом денгиз олдинги ҳолига қайтишини истаб, асосини қуруқликка урди. Лекин Аллоҳ унга: «Денгизни саломат ҳолда тарк эт, “Улар ғарқ қилинувчи қўшиндир” (Духон сураси, 24-оят) дея ваҳий қилди».

Фиръавн ва одамлари етиб келганида, қуруқлик бўлиб турган денгиз уларни ўраб олди. Фиръавн ўлими яқин­лашганини сезди: «Унга (Фир­ъавнга) ғарқ бўлиш (соати) етганида айтди: “Имон келтирдим, Исроил авлоди имон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, 90-оят).

«Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки бирорталарига ўлим келганида, “Энди тавба қилдим” дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо сураси, 18-оят). “Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди” (Анъом сураси, 158-оят).

Шунда унга (Аллоҳ деди): «Эндими?! Ахир сен илгари итоатсизлик қилган эдинг ва бузғунчилардан эдинг-ку!» (Юнус сураси, 91-оят).

Фиръавн чўкиб кетди. Минг­лаб гўдакларни ўлдирган золим ўлди. Ҳисобсиз одамларни қамоққа ташлаган, осган кимса ҳалок бўлди. Тахтидан йироқда, чор-ночор ҳолда ўлим топди.

Бани Исроил Фиръавн ўл­ганидан гумонда эди. Чунки “Фиръавн ўлмайди” деган гапга ишонишарди. Шу пайт денгиз унинг жасадини юқорига чиқарди. Шундан сўнггина Бани Исроил унинг ўлганига ишонди.

Аллоҳ таоло Фиръавнга деди: “Мана бугун сендан ке­йингиларга белги (ибрат) бўлишинг учун жасадингни қутқарурмиз” (Юнус сураси, 92-оят).

Шундай қилиб, Фиръавннинг жасади келгуси авлодлар учун ибрат бўлди. Фиръавннинг аскарлари ҳам битта қолмай сувга чўкди. «Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмалар­ни, экинзорларни ва сўлим жойларни қолдириб (ғарқ бўлиб) кетдилар. Яна (қанчадан-қанча) ўзлари баҳраманд бўлган неъматларни (қолдириб кетдилар). Мана шундай. Биз у (неъматлар)ни бошқа қавмга мерос қилиб бердик. Бас, уларга осмон ҳам, ер ҳам (аза тутиб) “йиғлагани” йўқ ва уларга (тавба қилиш учун) муҳлат ҳам берилмади» (Духон сураси, 25–29-оятлар).

Саҳрода

Бани Исроил бехавотир ерга етиб келди, чинакам озод кишилардек енгил нафас ола бошлади. Бу ерда Фиръавн ҳам, Ҳомон ҳам, миршаблар ҳам уларга хавф солмайди. Энди эмин-эркин, хотиржам юришлари мумкин. Лекин бу ер – саҳро. Ям-яшил водийда ўсган Бани Исроил қуёш тиғидан азият чекмоқда эди. Парвардигорнинг амри билан булут Бани Исроилга соябон қилинди. Булут уларга эргашиб, қаерда тўхтаса, ўша ерда тўхтар, юрса ортларидан юрарди. Қавм сувсизликдан азоб чекар, на қудуқ, на бир қатра сув бор эди. Одамлар Мусо алайҳиссалом ҳузурига келиб, гўдак йиғлаб, онасидан ёрдам сўраганидек, сувсизликдан шикоят қилишди. Шунда Мусо алайҳиссалом Раббига дуо қилиб сув сўраганида: “Асо­йингни тошга ур!” дедик. Бас, ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди. (Ўн икки уруғдан) ҳар бир гуруҳ ўз сувини билиб (тақсимлаб) олди» (Бақара сураси, 60-оят).

Қорни очган Бани Исроил яна кўмак сўраб Мусо алайҳиссалом қошига келди. Ўзларига хос таънали шикоятларини айтишди: “Сен бизни турли лазиз меваларга бой, бойликлари бисёр Миср еридан олиб чиқдинг. Энди ким бизга бу қуп-қуруқ саҳрода бирон егулик беради?”

Мусо алайҳиссалом Аллоҳга дуо-илтижолар қилди. Пар­вардигор қавмга манн – ҳолва; занжабил; сутдан оқ, асалдан ширин ичимлик ва қўзиқорин каби ноз-неъматлар ҳамда салво – беданаларни юборди. Бани Исроил қушларни осонлик билан ушлар, тирикчиликларига файз-барака кирган эди.

 

Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” асаридан Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси

“Ҳидоят” журналининг  2019 йил, 3-сонидан