Мақолалар

Сабр – кўнгил ва тафаккурнинг ўтмишга маҳлиё бўлиб қолмаслигидир

Чоп этилди Aprel 15, 2019 Сабр – кўнгил ва тафаккурнинг ўтмишга маҳлиё бўлиб қолмаслигидирda fikr bildirishni o'chirish

Тасаввуфда сабр – куннинг ҳар они ва ҳаётнинг ҳар лаҳзасида Ҳақни хотирда тутиб, худди Унинг ҳузурида турган каби яшамоқдир. Бу эса Аллоҳ таолони исми ва сифатлари билан ҳар дам онгу шууримизда тутмоқ кайфиятидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “ЭҲСОН” шаклида ифода этган бу хислат инсонларнинг ҳаётий аъмолига айланишига монелик қиладиган туйғулар, муносабат, алоқалар ўтмишга ёки келажакка ёхуд ичида бўлганимиз ҳолда яшаган ҳодисаларга қаратилгандир. Бинобарин, сабр – кўнгил ва тафаккурнинг дунёмизнинг ўтмиши ва тўла-тўкислигига маҳлиё бўлиб қолмаслик, Аллоҳ таолони унутмаслик учун ато этилган бир неъмат, ақлу шуурнинг ўтмишга боғлиқлигидан халос бўлмоқ демакдир. Бўлган ишлар бўлиб ўтди, “Ўқ ёйдан отилди”. Ўтган воқеаларни фильм ленталари каби ортга қайтариб бирор томонга ўзгартириб бўлмайди. Шунингдек, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалардан гина қилмоқ, ўтмишга боғланиб қолмоқ бемаъни машғулотдан бошқа нарса эмас. Амалий ҳаётда ҳеч қандай фойдаси бўлмайдиган, воқеликда ҳам ўзгартириш имкони йўқ мозийнинг қалб ва ақлдаги таъсирини йўқотмоқ керак. Зеро, кўп йиллар  инсонни лоқайдликка судраган нарса ўтмишда ўтган нарсалардир. Улар диққат ва эътиборимизни ўзига жалб қилиб, бизни Ҳақдан ғофил қилади. Ўтмишни сабр билан хотирада сақлаб, аммо унинг бизга сира ҳам фойдаси тегмайдиган жозибасидан воз кечиб Ҳақ билан машғул бўлмоғимиз лозим. Шу сабабдан сўфийга “ибн ул-вақт” дейилади. Сўфий – ўтмиш ва келажак андишаларини бир тарафга улоқтириб, ўзи яшаётган вақтни энг яхши шаклда ўзлаштирган ва ундан унумли фойдаланадиган шахсдир.

 

Мозий билан келажакка сарф айлама умр,

Ҳол аҳли учун ҳеч бири мақсуд эмасдир.

Дил асирин ўлдуғи кундан бери озодадир.

Бу дунёга боғланурми, боғланган виждон санга.

Ўйлайманки,  талаби давлату жоҳ этмоққа келдик,

Биз оламга бир ёр учун оҳ этмоққа келдик.

Бўлди, бўлади, бўлмайди, бўлмади асло,

Оламда нечун бесамар меҳнату машаққатлар чекдик.

 

Тасаввуф руҳнинг ерга қуллиги эмас, унинг бутунлай акси бўлиб, ақл ва ироданинг бор қудрати ила Аллоҳ таолога янада яқинлашиши, энг тезкор ҳолда Унга буткул йўналмоғидир. Биз орзуларимизни, руҳимиз қудратини Ҳаққа қутблаштириб Унга етишмоққа ҳаракат қилмоғимиз даркор. Ўтмишда бўлган ҳодисалар билан мақтаниб юраверсак, бу ҳавойилигимиз ўз орзуларимизни банд этиб, бизни ўзига маҳкам боғлаб олади, ғафлатга солиб қўяди.

Масалан, боғбон олма дарахтини етиштирмоқ учун кўчатнинг тагига ўғит солади, сув қўяди, тагидан ўсиб чиққан бегона ўтларни юлиб тозалайди. Бутун қувват дарахт новдалари ва унинг меваларига борсин деб шундай қилади у. Шу каби сабр ҳам руҳнинг, кўнгил ва ақлнинг дунёга интилиш туйғусини тозаловчи ва Аллоҳга бошқарувчи демоқдир.

Шу маънода, сўфийларнинг қуйидаги ифодалари эътиборга моликдир:

“Аччиқ таъмларни қошингизни чимирмасдан ютинг”.

“Сабр гўё сиҳҳатлик каби дард билан ҳамнафас яшамоқдир”.

“Ҳақнинг ҳузурида мутаваккил бўлинг. Қошингизни чимирмай ва чиранмай унинг зарбаларини қарши олинг”.

“Шикоят ва ғишава қилмасдан зарбалар остида эгилинг”.

Бу ерда ишорат этишга ҳаракат қилганимиз сабр фақат ибодат ва қулликда комилликка етганлар учунгина эмас, ер юзида яшаётган бани Одамнинг ҳузури ва бахтиёрлиги учун беҳад зарурдир. Ўтмиш воқеалари таъсирида таъбни хира қиладиган ва кишини асабийлаштирадиган руҳий зарбалар, кескинликлар ва буларга сабаб бўладиган давосиз касалликларга қарши ягона чора сабрни янада теран ўрганмоқ ва собирларча яшамоқдир. Ҳаётимизни чувалаштирган нарсалар яшаганимиз  ҳодисаларга нисбатан ҳис қилган қайғу ва андишалар эмасми? Булар фақат сабр билан тозаланади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 5000 сўм.