Мақолалар

Шариатда уйланиш ҳукми

Чоп этилди Aprel 15, 2019 Шариатда уйланиш ҳукмиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳар бир мусулмон уйланишнинг шаръий ҳукм­лари­ни билиши зарур. Кишининг жинсий қуввати ҳамда оила масъулиятини адо эта олишига кўра, шариатда уйланишнинг ҳукми беш хил:

  1. Маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга уйланиш фарз.
  2. Маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, уйланмаса, зинога кетиш хавфи бўлган кишиларга уйланиш вожибдир.
  3. Маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга уйланиш суннатдир.
  4. Маҳр ва аёл нафақасини топиб беришидан ҳамда жинсий ожизлигидан хавфсираган кишиларга уйланиш макруҳдир.
  5. Маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга уйланиш ҳаромдир.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбалари­дан ҳисобланган «Дуррул Мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да зикр этилганидай: «Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннат­да ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргалик­даги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди».

Никоҳ шариатга мувофиқ бўлишининг учта асосий шарти бор:

  1. «Ижоб ва қабул», яъни, икки тарафнинг биридан так­лиф, иккинчисидан эса уни қабул қилиш. Ижоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак.
  2. Никоҳ чоғида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши. Гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди.
  3. Маҳр белгиланиши, яъни, эр хотинга берадиган сов­ғанинг миқдори ёки кўриниши аниқлаб олиниши керак.

Кейинги вақтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлиши­ни ўйлаб давлатимиз кўплаб хайрли тадбирларни амалга оширмоқ­да. Ана шундай хайрли ва манфаатли ишлардан бири оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтка­зишдир. Бу ишнинг янги қурилган оила дуч келиши эҳтимол бўлган кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олишда ҳамда дунёга келадиган зурриётга, қолаверса, уларнинг яқинларига ҳам жуда катта  фойдаси бор.

Исломда оила ва никоҳ масаласига жуда жиддий қа­ралади. Оиланинг мустаҳкам бўлиши учун никоҳнинг қў­шимча шарти сифатида кафоатга ҳам амал қилинади. “Кафоат” деганда, никоҳланаётган томонларнинг ижти­моий, моддий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига тенг, мос бўлиши тушунилади. Халқимизнинг «Тенг – тенги би­лан» деган мақоли бежиз эмас. Никоҳдаги тенглик икки томоннинг насл-насаби, дини, бойлиги, касб-ҳунари ва эътиқоди каби нарсаларда намоён бўлади. Бугунги во­қеликка эътибор қаратадиган бўлсак, неча асрлар олдин Ислом ҳуқуқида жорий қилинган тенглик масаласи оила мустаҳкамлиги учун нақадар муҳим омил эканига гувоҳ бўламиз. Зеро, ота-онаси  бағридан чиқиб, ўзи учун шу пайтгача мутлақо бегона саналган янги оилага кўникиб кетиши учун тушган хонадони билан ота-онаси хонадони ўртасида ижтимоий ва маънавий нуқтаи назардан тенглик бўлса, келиннинг янги ҳаётга мослашуви осонроқ кечади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВНИНГ “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм.