Мақолалар

Бир ҳадис ҳикмати

Чоп этилди Dekabr 17, 2018 No Comments

Константинополни фатҳ этишга Ислом лашкарлари нима учун жону жаҳдлари билан ҳаракат қилганлар ва бугунги инсонлар нима учун ушбу тарихга қизиқади?

Бунинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Константинополь албатта ишғол қилинади, уни ишғол қилган саркарда нақадар бахтиёр, уни ишғол қилган қўшин нақадар бахтлидир”, деган ҳадиси шарифидир.

Саодат Асрида яшаган мусулмонларнинг ҳадиси шарифга эътиборини, амалини, муҳаббатини қарангки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисига амал қилиб, динимиз улуғлаган шарафли лашкар бўлишни дилига тугиб вақтни ортга сурмасдан Константинополь сари йўлга тушганлар.

Мусулмонлар Константинополни фатҳ этиш мақсадида илк марта ҳижрий 48 йили (милодий 668) келганлар. Ушбу қўшин таркибида 63 саҳоба бўлган. Улар орасида Абу Айюб ал-Ансорий, Абу Шайба ал-Худрий, Фазола ибн Убайд ал-Ансорий, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр каби машҳур саҳобалар ҳам бор эди. Энг шиддатли жанглар Айвонсарой-Эдирнекапи орасида бўлган.

Абу Айюб ал-Ансорий ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг сут қардоши Абу Шайба ал-Худрий жангда шаҳид бўлганлар. Айюб Ансорийнинг васиятига кўра, у Константинополь деворлари остига дафн этилган. У зотнинг қабри бугунги Истанбулнинг қоқ марказида. Бу зиёратгоҳни турклар “Султон ота” деб атайдилар.

Айюб Султон масжиди Истанбул фатҳидан сўнг 1558 йилда қурилган илк катта жоме масжиддир. Ҳозирги кунда ушбу зиёратгоҳда Қуръони карим тўхтовсиз тиловат қилиб турилади ва ҳар намозда амри маъруф қилинади.

Умумий ҳисобда, Истанбулда саҳобаларга оид 29 та зиёратгоҳ мавжуд. Аммо уларнинг 2 тасининг ҳақиқий қабри шу ерда жойлашган. Қолганлари эса мақомдир (яъни, айнан шу ерга қўйилгани аниқ эмас).

Демак, Пайғмабар соллаллоҳу алайҳи ва саллам 632 йил боқий дунёга кўчган бўлсалар, орадан бор-йўғи 36 йил ўтиб мусулмонлар Константинополга етиб келганлар.

Тарихдан аёнки, мусулмонларнинг қўли баланд келгунига қадар арабларлар ночор қабилачилик асосида  ҳаёт кечирар эдилар. Лекин жуда қисқа фурсатда ён-атрофдаги росмана давлатларни ишғол қила бошлади, ҳатто форс империясини вайрон қилди, энг жанговар халқлар, яъни бизнинг аждодларимиз ҳаёт кечирган Марказий Осиёга бостириб келди ва ўша чоқда Фарғона водийсига етиб келган хитойликларни ҳам ортига қайтариб қувлаб юборди. Бир қарасангиз, мусулмонлар Қуддуси шарифни салибчилардан озод қилган, яна бир қарасангиз, Византия империясига таҳдид солиб турган бўларди.

Мусулмонларнинг бунча  кўп жойларга юриш қилишига, қудратли империяларни ишғол қилишига ундовчи, ҳар бир жангда уларнинг қўлини баланд қилувчи куч нима эди?

Шубҳасиз, ўша куч – мустаҳкам имон, Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига бўлган муҳаббат эди. Тарих саҳифаларини саҳифалаб кўрсангиз, мусулмонларнинг қўли қачон баланд келган бўлса, ўша вақтда шариатимиз аҳкомларига қатъиян амал қилинган бўлган. Мусулмонларнинг бошига қачон балолар ёғилган бўлса, динимизга амал қилинмагани учун ёғилган. Ўзи-ку, қадим замонларда бошқа умматлар ҳам ўзларига тушган шариатга амал қилмагани боис фалокатга учраганлар.

Ҳосили калом, мусулмон лашкарлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқорида келтирилган ҳадиси шарифида тилга олинган бахтиёр саркарда ва бахтли лашкар бўлиш орзусида Константинополга бир неча марта юриш қилдилар. Уларнинг жанглари натижасида Константинополь фатҳ қилинмаган бўлса-да, Византиянинг ҳудуди Константинополга қараб кичрайиб, мусулмонларнинг ҳудуди шу томонга қараб кенгайиб бораверди. Мусулмонлар Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлган жангдаёқ Мармара денгизидан сузиб ўтиб Константинополь остонасига яқинлашиб қўйган эдилар.

Лекин атрофи тоғлар, денгизлар ва баланд тош деворлар билан ўралган бу шаҳарни босиб олиш мутлақо имконсиздек кўринадиган даражада оғир иш эди. Бу шаҳарни муҳофизлари ва уларга ёрдамга келган иттифоқчилари жон-жаҳдлари билан муҳофаза қилар эдилар. Чунки бу жой насроний православлигининг юраги эди.

Усмонийлардан етти ҳукмдор Константинополни етти марта қамал қилди ва еттинчи султон, еттинчи қамалда бу шаҳарни қўлга киритди.

Мақола бошида айтиб ўтилганидек, бу тарихга барчанинг қизиқишининг сабабларидан яна бири, 1453 йилдаги жанг турклар ва юнонлар ўртасида бўлгани учун эмас, мусулмонлар ва ғайридинлар ўртасида кечгани – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифида мақталган лашкарбошини ва лашкарни билиш истагидандир.

Яна бир сабаби эса бу шаҳарнинг географик жиҳатдан ғоят қулай жойда жойлашганидир. Шарқ ва Ғарбни боғлаб турадиган ва денгиз йўлининг устида бўлган муаззам шаҳар кимнинг хаёлини ўғирламайди, дейсиз. Шунинг учун ҳам Константинополь ҳар доим Шарқу Ғарбнинг  диққат марказида бўлиб келган. Ҳатто франция императори Наполеон Бонапарт: “Агар дунё битта империя бўлса, Истанбул унинг  пойтахти бўлар эди”,  деган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Константинополь ҳақида айтган ҳадиси шарифи мусулмонларни ушбу шаҳарни қўлга киритишга муттасил даъват этиб, руҳлантириб турган. Агар шу ҳадис айтилмаганида эди, мусулмонлар бу ерга бир-икки қўшин тортиб келиб, шаҳарни ишғол қила олмасдан умид узиб кетиши мумкин эди. Оврўпага Ислом дини ва илм, маънавият ва маърифат Константинополь орқали тарқалди ва бу ҳали ҳам давом этмоқда.

Константинополни фатҳ этишга уринишлар

Султон Муҳаммад Иккинчининг Константинополни ишғол қилганига бу йил 565 йил тўлди. Имом Аҳмад “Муснад”ида, Имом ал-Бухорий “Тарих ал-Кабир”ида, Имом Ҳаким “ал-Мустадрик”ида Абдуллоҳ ибн Бушр ал-Хасъамий отасидан ривоят қилган, отаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганини айтган эканлар:  «Константинополь албатта ишғол қилинади, уни ишғол қилган саркарда нақадар бахтиёр, уни ишғол қилган қўшин нақадар бахтлидир”, дедилар. У айтадики, “Бир куни мени Масмала ибн Абдулмалик чақириб шу ҳадис ҳақида сўради, Ҳадисни яхшилаб эшитиб олганидан сўнг қўшин йиғиб Константинополга қараб йўлга тушди”.

Ҳафиз ал-Хайсамий “Мажмаъу аз-Заваид” асарида “Мазкур ҳадисни Имом Аҳмад, Имом Баззор ва Имом Табароний ривоят қилган ровийлар ишончлидир” деган. Шунингдек, Ҳафиз ас-Суютий “Жомеъ ус-сағир” асарида ишончли деган,  яна Захабийнинг саҳиҳ дегани, Ибн Абдулбаррнинг ҳасан деганлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида 655 йил араб флоти византияликларни мағлуб этади. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалик чоғида Константинополга бир неча бор муваффақиятсиз юришлар қилади. Византия пойтахтига 668 йил ҳужум қилинган  вақтда Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлади ва шаҳар девори тагига дафн қилинади.

Маслама ибн Абдулмалик қўшинининг 716-717 йилги бир йилдан ошиқ қамали,Ҳорун ар-Рашид қўшинининг 781-782 йилги қамали натижасиз тугади. Муваффақиятли юришларни усмоний султон Мурод Биринчи ва унинг ўғли Боязид Биринчи амалга оширди. Улар византияликлардан ҳисобсиз ерларни тортиб олдилар. Султон Мурод Иккинчининг 1422 йилдаги қуршови ҳам самарасиз бўлди. Жангга тайёргарлик

Аллоҳ таолонинг изни иродаси ила Константинополни усмоний султон Муҳаммад Иккинчи фатҳ этди.

Пайғамбар алайҳиссалом “бахтли” деб таърифлаган қўмондоннинг ҳаёти билан танишиш албатта ҳаммани қизиқтиради. Муҳаммад 1432 йилнинг 29 мартида Эдирнада дунёга келди. У Мурод Иккинчининг тўртинчи ўғли бўлган, онаси Мурод Иккинчининг жорияси Хима хотун эди. У 6 ёшга тўлганида анъанага мувофиқ Манисса вилоятига юборилади. Отаси вафот этганидан сўнг Эдирнага келиб отасининг тахтига ўтиради. У ҳукмдорлигининг биринчи куниданоқ Константинополни ишғол қилиш режасини амалга жорий этишга киришади.  Ўша кезларда усмонийларга қарши бўлганлар бир нечта душманлик кайфиятидаги ҳаракатлар қилади. Бутун Онадули ҳудудига эгалик қилишга интилаётган караманийлар Сайдишаҳар ва Оқшаҳарни қамал қилади. Ғарбда эса серблар бир неча қалъаларни куч билан босиб олади. Муҳаммад Иккинчи 1451 йилда венгерлар ва венецияликлар билан қисқа муддатли тинчлик шартномаси тузади.  Бу тарафдан хатар келмаслигига амин бўлган султон қўшинни Шарққа, усмонийлар салтанатига хавф солиб келаётган Кичик Осиёдаги феодал ҳукмдор – караман амирига қараб бошлайди. Караман амири билан бўлган жанг 1451 йилдан 1452 йилгача давом этади. Муҳаммад Иккинчи караманларни мағлуб этиб, улар билан фойдали тинчлик шартномаси тузади.

Византия империяси 1000 йилга яқин вақт ҳукм суриб келган ва унинг  пойтахти Константинополь фақат бир мартагина – 1204 йилда салибчиларнинг тўртинчи юриши даврида ишғол қилинган эди.  Византияликлар мамлакати пойтахтини 1261 йил озод қилдилар. Константинополь Византиянинг пойтахти ва символи эди. Константинополь борлиги учун Византия бор эди. Византия насронийлик дини – православларнинг ватани ва таянчи эди. Император Константин XI ўзи томонга барча насронийларни, хусусан, католокларни ҳам жалб этишга ҳаракат қилган, бироқ у давлатнинг мустақиллигини сақлаб қолиш учун иттифоқчиларни бу ерга келишга даъват этган бўлса-да, мамлакат ичкарисидаги мухолиф кучларнинг қаршилигини бартараф эта олмади.

Ана шу ўринда нозик бир масалага эътибор қилмоқ лозимки, ушбу масалалар урушда ҳал қилувчи ўрин тутган бўлса, ажаб эмас. Биринчиси, мусулмон қўшини яқинлашиб келаётганидан ташвишга тушган Византия императори Константин XI католикларни ёрдамга чақиради. Католиклар салиб юришлари чоғида 1204 йил Константинополни босиб олиб православларни қирғин қилгани, ақлга сиғмас даражада ваҳшийликлар  кўрсатгани боис шаҳар аҳолисининг кўпчилиги уларнинг бу ерга келишларини сира ҳам хоҳламас, улардан кўра мусулмонлар келса, кўргуликларимиз камроқ бўлади, деб ҳисоблар эди. Шунинг учун улар императорга мухолиф бўлиб қолди.

Иккинчиси, Султон Муҳаммад Иккинчи Константинополга биз тасаввур қилгандек, Осиё тарафдан эмас, шимоли-ғарбий оврўпадан, Болгария ва Грециянинг шундоққина биқинидаги Эдирнадан йўлга чиққан. Эдирнадан Истанбулгача 237,3 чақирим йўл. Султон қарийб юз минг кишилик қўшин билан Константинополга қараб келар экан, йўлида учраган шаҳар ва қишлоқ аҳолиси борки, қорасини кўрсатмай қочиб қолар эди. Мусулмон лашкари эса қорни очиб егулик харид қилай деса сотадиган одам йўқ. Улар чорасиз қолиб боғлардан олма-узумлар териб ер ва пулини дарахт шохларига боғлаб қўяр; сурувлардан қўйлар сўйиб олса, сўйилган қўйларнинг пулини тирик қолганларининг шохига боғлаб кетар эдилар. Шу тариқа, улар кела-келгунча йўл юзидаги барча шаҳар-қишлоқ аҳолисини ўзларининг ҳалоллигига мафтун қилиб келдилар.

Византия императори Константин XI Парвардигорнинг ризолигини ўйламагани оқибатида ўз халқининг муайян қисмининг ундан кўнгли совуган бўлса; Султон Муҳаммад Иккинчи Аллоҳдан қўрқиб бандаларнинг ҳаққини адо этиб келгани учун бегона халқларнинг ҳам муҳаббатини қозонди, тарафдорлари сони ортди.

Султон Муҳаммад Иккинчи Константинополни Аллоҳ ризолиги учун олишга қарор қилди ва бўлажак жангга эҳтиёткорлик билан жиддий тайёрланди. У шу вақтга қадар бирорта қўшин қўлга кирита олмаган кучли қалъа билан юзлашишини яхши билар эди. Ҳаддан ташқари, қалинликдаги тош деворларига девортешар машиналарнинг кучи етмас, ҳатто ўша даврнинг артиллерияси ҳам қалин тош деворлар қаршисида ожиз қолар эди.  Шундай бўлса-да, Султон Муҳаммад Иккинчи усмонийларнинг қуруқликдаги жанглардаги устунлигини таъмин этадиган тўпларга алоҳида эътибор қаратди. 1452 йилнинг августида Босфор кўрфазининг энг ингичка жойида Румэли-Ҳисар қалъаси қурилиши бошланди ва олти ой ичида қуриб битказилди. Қалъа деворлари устига тўплар ўрнатилди. Константинополь Қора денгиздан узиб қўйилди. Византияга озиқ-овқат олиб келадиган йўл ёпилди. 1453 йилнинг мартида мамлакатнинг денгиз бўйидаги  кўплаб аҳоли пунктлари қўлга киртилди, лекин греклар ҳамон денгизда ҳукмронликни сақлаб турган эди. Март ойининг бошларида усмонийлар лагерларни Константинополь деворлари тагига кўчирдилар, апрелда эса шаҳарнинг қуруқлидаги қисмини қамал қилишни бошладилар. Турк қўшини 80 минг аскар ва 20 минг кўнгиллидан ташкил топган эди. Усмоний флотига Галлиполи ҳукмдори, славянин Сулаймон Балтўғли қўмондонлик қиларди. Константинополь Мармара денгизи ва Олтин Мугуз кўрфази ювиб турадиган яриморолда жойлашган. Мармара денгизининг кучли тўлқинланиб туриши усмонийларга девор тагига десант туширишга йўл қўймайди. Олтин Мугуз кўрфазига киравериш қувватли ёғоч халқалари билан  тўсилган эди. шу боисдан турклар Олтин Мугузга кирар олмайди ва шаҳар шимолидаги девор тагига аскар тушира олмайди.  Денгиз ва кўрфаз қирғоғига чиқадиган шаҳар даҳалари тош деворлар билан ҳимояланган эди. Шаҳарнинг қуруқликдаги қисми ҳам мустаҳкам деворлар ва миноралар тизими билан ўраб олинган эди. Ғарбда Мармара денгизидан то Олтин Мугуз кўрфази билан чегараланадиган Влахнерлар даҳасигача девор тортилган ва 20 метр энниликдаги чуқур хандақлар қазилган эди. Биринчи девор баландлиги 8 метр бўлиб, унинг ҳимоя миноралари бор эди, ундан кейинги девор 12 метр баландликда эди.

Қабул қилинмаган ультиматум ва султон Муҳаммаднинг ихтироси

Усмонийлар 6 апрель куни шаҳарни қамал қила бошлади. Заганос пошо қўмондонлигидаги бўлинма Олтин Мугуз кўрфази шимолидаги баландликдан кўтарилди. Қорача пошо бошчилигидаги кўп сонли артиллерия бўлинмаси билан Влахнерлар даҳаси қаршисига келди. Константинополь тўлиқ қуршаб олинди. Султон Муҳаммад Византия парламентига таслим бўлишни талаб қилиб элчи юборди. Шундай қилсалар шаҳар аҳолисининг жони ва мулкини омон қўйишни ваъда қилди. Император Константин Византиянинг имкони етадиган ўлпон бўлса тўлашга, исталган ҳудудидан воз кечишга тайёрлигини, лекин шаҳарни топширмаслигини айтди. Шундан сўнг султон Муҳаммад ҳужумга тайёрланишга буйруқ берди. Византияликларга қараганда, усмонийларнинг руҳи баланд ва кайфияти кўтаринки, ғалабага ишончи мустаҳкам эди. 11 апрель усмонийлар олти ҳафталик бомбардимонни бошладилар. Уларнинг орасида иккита йирик бомбардимончи машина бор эди. Улардан бирини таниқли венгер инженери Урбан ясаганди. Ана ўша бомбардимончи Константинополь деворларига жиддий зарар етказди. Бу тўп стволининг узунлиги  8-12 метрдан иборат бўлиб ядроси 500 килограмм металлдан ясалганди.

Султоннинг буйруғига биноан ёғочдан минораларга ўхшаган нарсалар ясалади. Улар шаҳарнинг ҳимоя деворларидан баланд қилиб ясалган ва ёниб кетмаслиги учун тери қопланиб, ўша қоплама тери намланиб турилар  эди. Мусулмонлар ана шу ёғоч миноралар ёрдамида душманга анча талофат етказди. Лекин шаҳар муҳофизлари уни ёқиб юборишга муваффақ бўлди.

Бироқ усмонийлар флотининг Олтин Мугуз кўрфазидаги ёғоч халқани ёриб ўтишга уриниши  муваффақиятсизликка учради. 22 апрель куни турклар отряди ёғоч халқали тўсиқни айланиб, қуруқликдан Галата тепалиги орқали 70га яқин жанговар кемани олиб ўтганидан сўнг вазият ўзгарди. Бунинг учун махсус ёғоч рельслар ясалди ва кемалар уларнинг устидан сирпаниб ўтиши учун ёғ ёғочлар устига суркалди. Лашкарлар бир кечада Босфор кўрфазидаги кемаларни қуруқликка судраб чиқиб, Олтин Мугуздаги хавфсиз жойга кўчирдилар. Эртаси куни тонгда Олтин Мугузда пайдо бўлган етмиш иккита кемани кўрган румликларнинг ақли шошиб, юрагига қаттиқ ваҳима тушди.

28 апрелда усмонийлар  турк кемаларини ёқиб юбормоқчи бўлган венеция ва генеуз кемаларининг ҳужумини бартараф қилди. Олтин Мугуз кўрфазининг ғарбий адоғидаги турк инженерлари қурган понтон кўприк асосий қўшин билан Загонос-пошо бўлинмаси бирлашишига шароит туғдирди.  Қамалчилар Влахерн даҳаси деворларига денгиздан ва қуруқликдан  тўп отар эдилар. Усмонийлар отряди бир неча бор деворга штурм қилишга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бироқ византияликларнинг қаттиқ қаршилиги, шаҳар муҳофизларининг яхши тайёргарликдан ўтгани, уларнинг командирларининг стратегик ва тактик иқтидори, урушга лаёқатли одамларнинг етишмаслигига қарамасдан, ҳимояда мустаҳкам туриб усмонийларни Константинопольга кириб келишларига йўл қўймас эди.  Кундузи ва кечаси бўлаётган шиддатли жанглар турклар учун самарасиз тугаётган эди: Муҳофизлар шаҳар ҳимоячилари артиллерия ёрдамида очилган озгина ёриқларга ҳам усмонийларни яқинлаштирмаётганди. Усмонийлар Влахерн даҳаси девори тагидан кавлаган ер ости йўли ҳам иш бермади. 23 май куни византияликлар ер ости йўлига мина қўйиб портлатиб юборди. 25 майда султон Муҳаммад ҳарбий кенгаш чақиради. Унда вазир Халил пошо қамални тўхтатиш керак дейди. Аммо султон Муҳаммад, Загонос пошо ва султоннинг муршиди Оқшамсиддин шаҳарга ҳужум қилишни давом эттириш зарур деб қаттиқ туришади.

Константинополь Истанбул бўлди

28 майдан 29 майга ўтар кечаси қуруқликдан ва денгиздан бир вақтда ҳужумга ўтиш учун қуруқлик ва денгиз қўшинларига жангни бошлаш ҳақида бир хабар-ишора қилиниши керак эди. Замбаракдан ўқ отилса, душман билиб қолади. Ўйлаб-ўйлаб ойнинг охири бўлгани учун янги ҳилол кўринган заҳоти ҳужумга ўтишга  келиши  олишади ва ҳилол кўриниши билан ҳужум бошлаб, зафар қозонишади. Ана ўшанда масжид минорасига ҳилол рамзи ўрнатилади ва бошқа масжид минораларига ҳам уни ўрнатиш тарқалиб, одатга айланиб қолади. Ҳужум такбир (Аллоҳу акбар) билан давом этади. Енгил пиёдаларнинг биринчи сафида турк, славян, венгер, немис ва итальян кўнгиллилари бор эди. Шу чоқда турк артиллерияси ҳимоя деворларига қарата ўт очди, кейин эса Исоқ пошо қўмондонлигидаги мунтазам армия ҳужумга ўтди. уч юзта онадулиликлар девор ёриқларигача етиб борди, лекин уларни византияликлар ўраб олиб қириб ташлашди. Усмонийлар байроғини қалъа девори устига қадаган Ҳасан Улубатли ҳам ўлдирилди. Учинчи ҳужумни яничарлар уюштирди. уларга султоннинг шахсан ўзи бош бўлиб қалъа девори остидан қазилган хандаққача олиб борди. Яничарлар иккита устун бўлиб бостириб борди: бири Ликосдаги деворнинг бузилган жойига  ҳужум қилди. Влахерн чорраҳаси деворлари шаҳарнинг асосий деворлари билан боғланган жойда яничарлар девордаги яширин йўлни топиб олишди ва ўша ердан шаҳарга кириб боришди. Византияликларнинг қаршилиги синдирилди. “Манқабавий ривоятда келтирилишича, Фотиҳ Султон Муҳаммад душман қўшини билан урушаётганда, оқ от минган Хожа Аҳрор жанг майдонида пайдо бўлиб, усмонли лашкарига ёрдам қўлини чўзиб, уларнинг ғалаба қозонишларига муҳим ҳисса қўшган экан, шундан кейин ғолиб Фотиҳ Султон Хожа Аҳрорга ҳадя сифатида пул юборибди. Хожа Аҳрор бу пулни Қарши кўпригини қуришга сарфлаганлар” (Сайфиддин Сайфуллоҳ. Буюклар ҳалқаси. Тошкент, “Ноширлик ёғдуси” нашриёти, 2011, 76-бет).

Ҳосили калом, тарих саҳифаларига 53 кунлик қуршов номи билан кирган уруш Константинополнинг усмонийлар қўлига ўтиши ила ниҳоясига етди. Султон Муҳаммад шаҳарга музаффар бўлиб кирди ва шукрона саждасини қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу шаҳарнинг фатҳ этилиши ҳақидаги ҳадиси шарифини баланд овозда айтди. Император Константин XI жангда ўлди. Унинг жияни усмонийлар саройида яшади ва Ислом динига кириб Масиҳ пошо исмини олди.

Урушдан сўнг шаҳар уч кун ҳарбийларга берилди. Фотиҳ Муҳаммад асир тушган грекларни ўзининг пулига сотиб олди ва озод қилди. “Омон қолганларга эркинлик бериш тўғрисида”ги декрет эълон қилинди. Уларга шаҳарга қайтиб усмонийлар давлатининг янги пойтахтида яшашга рухсат берилди. Аё-София биносини кўздан кечирган султон уни масжидга айлантириш ҳақида буйруқ берди. Ибодатхона аё-София жомийи – София буюк масжиди номини олди. Таъмирлаш даврида миноралар ҳам қурилди. Гувоҳларнинг шаҳодат беришича,  султон императорнинг денгизга қаратиб қурилган саройининг вайронага айланганига қараб туриб Шайх Саъдийнинг қуйидаги байтини ўқиган экан: “Цезарнинг саройида парда ўрнида ўргимчак тўри осилган,/Афросиёб минорасидан тунлари бойқуш овози эшитилади”.

Урушдан сўнгги ишлар

Султон шаҳарни тиклаш ва аҳолини жойлаштиришни амр этади ҳамда шаҳар марказидаги энг кўркам жойдан янги султон саройини қуришга қарор қилади.  Айни вақтда шаҳар деворини таъмирлаш ишлари бошланиб кетади, Мармара денгизига яқин Олтин дарвозадан Едикули – етти минорали  қалъа қурилиши бошланади.

Муҳаммад Иккинчи янги пойтахтнинг маданий қадриятлари сақланиб қолишига доир бир неча қарорлар чиқаради. Шаҳар марказидаги тикланган сарой яқинидан катта ва чиройли бозор қурилади. Султон Муҳаммад Иккинчи даврида бу ерда яна кўплаб катта ва чиройли меъморий тузилмалар барпо этилади: масжидлар, бозорлар, ҳаммомлар, шунингдек, атрофида боғ, ҳовуз ва фавворалар бўлган Тўпқопи саройи.

Шундай қилиб, Константинополь Истанбул бўлди – буюк давлатнинг буюк пойтахтига айланди. Насронийларга ўз эътиқодларини сақлаб қолиш ҳуқуқи берилди. Истанбулга турклар, араблар, греклар оқиб кела бошлади. Қаёққа қарасангиз, уларнинг аравасига кўзингиз тўшар эди. Муҳаммад Иккинчи руҳонийлар, диний арбоблар, насроний черковлари ва миссиялари раҳбари билан муносабат ўрнатди. Ғайридин аҳоли жамоаси – “миллат” деб аталди. Юнонларга эса давлат ичида ўзини-ўзи бошқариш жамоасини ташкил қилиш ҳуқуқини берди, Жамиятни юнонларнинг Константинополь православ черкови патриархи бошқарар ва султонга бўйсунар эди. Муҳаммад Иккинчи даврида патриарх этиб Паммакариста монастри қароргоҳи бўлган Геннадий сайланди. У ўзининг патриарх сифатида шахсий дахлсизлигини кафолатлайдиган, қадр-қимматини ҳурмат қиладиган, уни ва унинг қўл остидаги епископларни бутун умрга солиқ ва бошқа тўловлардан озод этадиган султон фармонини олди. Фотиҳ Муҳаммад Константинопольни ишғол қилганидан сўнг венецияликлар ва генуэзцлар  усмонийлар салтанати билан ўзаро ҳужум қилмаслик ва эркин савдо бўйича шартнома имзолашди. Кейинги ҳафтада султон Эдирнада хорижий давлатлардан келган элчиларни қабул қилди: венецияликлар, серблар, албанлар, мисрликлар, юнонлар, форслар, турклар – караманидлар. Улар энди усмонийлар билан яхши алоқада бўлишнинг ҳаракатига тушиб қолган эдилар.

Венециялик Жакомо Лангуси султон билан бўлган учрашувини қуйидагича баён қилган эди: “Буюк турк Муҳаммадбек – 22 ёшга тўлган йигит, зуваласи пишиқ, баланд бўйли, жанговар қуролларни катта маҳорат билан ишлатади, вужудидан куч-қудрат ёғилиб туради, ғоят сахий, бир режа қилса, амалга оширмасдан қўймайди, ҳар бир ишда мардлик намунасини кўрсатади. Султонда адолат туйғуси жуда кучли, у бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб кетган зулмни бартараф этиш учун астойдил ҳаракат қилади”.

1454 йил султон келиб чиқиши юнон ва серб аслзодаларидан бўлган, ислом динига кирган византиялик Маҳмуд пошони бош вазир лавозимига тайинлайди. Константинополни ишғол қилган усмонийлар Онадулида  ҳукм сураётган турли давлатларни битта кучли империя қилиб бирлаштирди. Фотиҳ Муҳаммад секин-асталик билан давлатининг чегарасини Византия давлатининг барча ҳудудларига ва Эгей денгизи ҳавзасидаги латин давлатлари томонга кенгайтириб борди. Келгуси йилларда уларга қарши юришлар бўлди ва натижада Сербия бўйсундирилди, Эгей денгизи ороллари бирлаштирилди, юнонлар қўзғалони бостирилди, Патрас ва Коринф, Морея, Синоп, Трабзон, Амасра, Герцеговина,  стратегик жиҳатдан муҳим бўлган ҳудуд Албания эгалланди. Шунингдек, караманидлар давлати, Қрим,  Қора денгиз бўйи шаҳарлари билан муносабатлар тартибга келди. Венецияликларнинг даъволари пучга айланди. 1480 йилда усмонлилар Родосни қамал қилди Наполи қироллигидаги Отрантони босиб олди. Усмонийлар флоти қўшни шаҳарлар – Лечче, Таранто, Бринзи ва Вьеста шаҳарларига юриш қилди. Римда ваҳима тарқалди. Папа Сикст IV шаҳарни эвакуация қилиш планини ишлаб чиқди ва Европа давлатларини бирлашиб туркларга қарши навбатдаги салиб юриши қилишга даъват этди. Усмонийлар Отрантони 1481 йил Муҳаммад Иккинчи қазо қилган куни ташлаб чиқишди. 1481 йилнинг 21 май куни Боязид Иккинчи тахтга чиққанининг иккинчи куни унинг танаси Фотиҳ масжидидаги мақбарага қўйилди.

Султон сийратига чизгилар

Фотиҳ Муҳаммад усмонийлар империясининг энг кучли ҳукмдорларидан бири эди. У мустаҳкам иродали ва ҳайратомуз ақл соҳиби эди. У яхши таълим-тарбия олган,  математика, геометрияни ўрганган, астрономия билан шуғулланган, юнон файласуфлари асарларини қунт билан ўрганган ва византиялик олимлар кўмагида уларни шарҳлаган. Унинг таълим олиши ва тарбияси билан Мулла Эган, Оқшамсиддин, Мулла Гуроний ва Мулла Аяс каби замонасининг пешқадам олимлари шуғулланганлар. Улар ёш султонга Қуръони карим, тафсир, ҳадис илмлари, шариат қонунлари, исломий анъаналар, фалсафа ва тарихдан дарс берганлар. Унинг сўфийларга ҳурмати ва ихлоси баланд эди ва ўзи ҳам тариқат шайхларидан бири бўлган Оқшамсиддиннинг муриди эди. Султон Муҳаммад Фотиҳ араб, форс, лотин, юнон ва серб тилларида эркин гаплашар эди. “Авний” тахаллуси билан кўплаб ғазаллар ҳам ёзган эдики, ўша ғазалларни бугунги адабиётшунослар мукаммал асарлар сифатида баҳолашмоқдалар.

Фотиҳ Султон Муҳаммад ҳазрат Навоийдан тўққиз ёш катта. Лекин ўша даврда Ҳирот адабий муҳити машҳур эди ва бошқа ўлкалардаги шоирлар ҳиротлик ижодкорларга эргашиб ёзишни ҳавас қилар эдилар. Иккинчи томондан, ҳазрат Навоийнинг ёшлигиданоқ номи ён-атрофга ёйилиб, туркигўй шоирларнинг пешвоси сифатида донг таратган эди. Шу асосларга кўра, Авнийнинг кўплаб ғазалларини Навоий ғазалларига боғланган назира деб айтиш мумкин. Шу фикрни туркиялик адабиётшунос олим Юсуф Четинтоғ ҳам докторлик диссертациясида ёзган эди. Ахборот учун қуйида иккитаси билан кифояланамиз.

Навоий:

Қон ёшим йўлунгда томмайдур кўзум гирён бўлиб,

Ким аёғингға тушубдур кўз қароси қон бўлиб. (ҒС, 51).

Авний:

Ağlasa ‘âşık belâ-yı hicr ile nâlân olup

Gözleründen akan anun yaş yerine kan olup (Avnî 8-4).

 

Навоий:

Неча бўлғай заҳмлиғ кўнглумни маҳзун айламак,

Захм қонидин кўзум ёшдин жигаргун айламак.

 

Авний:

Ey cefâ-cû hâtırum derdile mahzûn eyledün

Zahm-ı sînemden gözüm yaşın cigergûn eyledün (Avnî 42-38).

 

Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг иродаси ила қадим юнон ва шарқий рим тамаддуни меросхўри бўлган Византия империясини бўйсундириб, уларнинг устига ҳукмрон мусулмон тамаддунини ўрнатган ­ – турк, араб, славян ва бошқа кўплаб халқларни бирлаштирган усмонийлар империяси султони айнан шу одам эди. Султон Муҳаммад Фотиҳ усмонийлар империяси тарихида давлат қурувчиси сифатида муҳим ўрин эгаллайди. У буюк давлат барпо этишга интилди ва бутун умри шу мақсади йўлида ҳарбий юришларда ўтди. 32 йиллик ҳукмронлик даврида у 2 та империя, 6 та князлик, 5 та герцогликни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 17 та давлатни ­ишғол қилди. Султон Болқон яриморолини тўлиқ қўлга киритиб ва Эгей денгизининг бир неча оролларини эгаллаб Қора денгизни туркларнинг денгизига айлантирди. Султон Муҳаммад отаси Мурод Иккинчидан мерос қилиб олган усмонийлар империясини 2,5 баробар кенгайтирди. “Қонуннома”да у ҳарбий-маъмурий, молиявий ва шариат қозилигини ҳукумат тизимига айлантирди. Бир аср мобайнида Фотиҳ масжидида усмонийлар империясининг асосий таълим даргоҳлари бўлган 8 та мадраса қурилди. У олимларга юксак ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлди ва илм-фан равнақига ҳомийлик қилди.

Ажабланарли жиҳати шундаки, 1453 йил Истанбул фотиҳи Муҳаммад Иккинчи буйруғи билан масжидга айланган аё-София ибодатхонаси орадан 480 йил ўтиб, 1935 йил музейга айлантирилди. қарйиб беш аср ибодат қилинган, Али Қушчидек муборак зотлар дарс берган саждагоҳ шунчаки музей қиёфасини олди.

Бундан-да қизиғи, аё-Софиянинг ёнгинасида Тўпқопи музейи бор. Аё-Софияга келган сайёҳлар албатта Тўпқопига ҳам киради. Тўпқопининг ичида ҳам айрим ҳудудларга кириш учун яна чипта сотиб олиш керак бўлади. Бу ердан йил бўйи сайёҳ аримайди. Модомики, аё-Софиянинг музей бўлиши моддият билан боғлиқ экан, ўша ердан олинадиган маблағдан Султон Муҳаммаднинг руҳини шод қилиш учун кечиб қўя қолинса, жуда бўлмаса, Тўпқопи музейи чиптаси нархини бир оз кўтариб қўйилса бўлмасмикан? Зеро, шуни унутмаслик керакки, Византиянинг юраги Константинополь,  Константинополнинг юраги аё-София эди…

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan