Мақолалар

Ёшларга айтар сўзим

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Ёшларга айтар сўзимda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадиси шарифда: Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам раво кўрмагунингизча имонли бўла олмайди (Муттафақун алайҳ), дейилади. Бу пурмаъно сўзларга амал қилган ҳолда сизларга мактуб йўлладим. Зора, ҳаёт йўлимда чиқарган хулосаларим бошқалар учун ҳам манфаатли бўлса…

Мактабни аъло баҳоларга битирганимга қарамай, олийгоҳда ўқимадим. Шу сабаб фарзандларимнинг таҳсилига жиддий эътибор қаратдим. Уч ўғлим олий маълумотли бўлишди, алҳамдулиллоҳ! Ўзим эса узоқ йиллар 103-Жиззах шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишладим.

Яқинда ҳаётимда қувончли воқеа рўй берди. Азалий орзуим ушалди. Эллик беш ёшимда талаба бўлдим. Жиззах давлат педагогика институтининг тарих факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилиндим.

Мени шодлантирган бу ҳолатга атрофимдагилар турлича муносабат билдиришди.

– Шу ёшда ўқишга бало борми!

– Пулинг кўп бўлса, тўй қил!

Бу гап-сўзлар менга таъсир қилди, иккилана бошладим. Кейин чуқур ўйлаб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Бешикдан то қабргача илм изла”, деган сўзларига амал қилишим лозим, деган қарорга келдим.

…Шу ўринда ёшларга айтар сўзим бор: Атрофдаги инсонлар ҳар бир хатти-ҳаракатингизга ўз фикрларини билдиришлари табиий. Сиз эса қалбингизга қулоқ солинг, қилаётган ишингиз Аллоҳнинг амри, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатмаларига зид бўлмаса, йўлингизда давом этинг! Эзгу мақсадлар сари дадил қадам ташланг! Албатта, муродга етасиз, иншоаллоҳ.

Сувонқул ЖЎРАЕВ

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан