Мақолалар

500 йиллик ибодатга тенг

Чоп этилди Aprel 17, 2019 500 йиллик ибодатга тенгda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло инсонга жуда катта жисмоний ва руҳий имкониятлар берган. Бу неъматларга шукрона келтириш бизнинг бандалик бурчимиз, вазифамиздир.

Ҳаким Термизийнинг “Ҳа­дисларнинг биз билган ва анг­ламаган ҳикматлари” китобида Жобир розияллоҳу анҳудан бир ривоят келтирилган: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқдилар ва бундай дедилар: “Ҳозиргина Жаброил алайҳиссалом менга бундай деди: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сизни ҳақ йўлда юборган Зот ҳаққи, Аллоҳ таолонинг шундай бандаси борки, у 500 йил давомида сатҳи 30 зироъга 30 зироъ (бир зироъ 58 см.дан – 66 см.гача) бўлган, ҳар томони 4000 фарсах (бир фарсах тахминан 6 км.) денгиз билан ўралган тоғ тепасида Парвардигорига ибодат қилди. Аллоҳ таоло унга бир бармоқ кенгликда чучук сувли булоқ чиқариб қўйди. Унинг суви тоғнинг пас­тига йиғилар эди. Ўша ерда бир анор дарахти бўлиб, ҳар кечада битта мева солар, мева кун бўйи пишиб етиларди. Кеч бўлганда таҳоратини янгилагани пастга тушиб, анорни еб, намозга ҳозир бўлар эди. Намозда сажда қилган ҳолатда вафот топишини, вафотидан сўнг ер ва бошқа нарсалар унинг ҳолатини бузмай, сажда қилган ҳолатида қайта тирилишини сўраган. Бизга маълум қилинадики, қиёмат куни ўша банда қайта тирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига олиб келинади. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Бандамни раҳматим ила жаннатга киритинг­лар”, дейди. Банда эса: “Йўқ Раббим, амалим ила”, дейди. Аллоҳ азза ва жалла яна бир бор: “Бандамни раҳматим ила жаннатга киритинглар”, дейди. Банда яна: “Йўқ, Раббим, амалим ила”, дейди. Шунда Аллоҳ таоло малоикларга буюради: “Бандам­нинг амалини унга ато этган неъматларим билан (қиёслаб) ўлчанг”. Кўз неъматининг ўзи банданинг 500 йиллик ибодатига баробар келади. Тананинг бошқа (аъзолари) неъматлари (бадали)га ҳеч нарса қолмади. Аллоҳ азза ва жалла дейди: “Бандамни оловга ташланг”. Банда нидо қилади: “Раҳматинг билан мени жаннатга дохил қил, Раббим!” Аллоҳ дейди: “Қайтаринглар уни!” Бандани Унинг ҳузурига олиб келади­лар. Аллоҳ бандага: “Сени йўқдан бор қилган ким?” дейди. Банда: “Раббим” дейди. Аллоҳ: “Бу иш сен туфайли амалга ошдими ёки Менинг раҳматим биланми?” Банда: “Сенинг раҳматинг билан”. Аллоҳ: “Ким сени 500 йил давомида ибодат қилишинг учун куч-қувват ато этди?” Банда: “Сен, Раббим”. Аллоҳ: “Ким сенга денгиз билан ўралган тоғда, шўр сув ўртасида чучук булоқ чиқариб қўйди? Ҳар кеча сенга биттадан анор мевасини ҳозир қилди? Дарахт эса бир йилда бир мартагина ҳосил беради. Сен Мендан сажда қилган ҳолда вафот топишни сўрадинг, шундай бўлди ҳам. Бу Менинг раҳматим, раҳматим ила сени жаннатга киритаман. Бандамни жаннатга олиб боринглар. Сен яхши банда эдинг”. Шундай қилиб, банда жаннатга киради. Жаброил алайҳиссалом деди: “Эй Му­ҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, барча нарсалар Аллоҳнинг раҳматидандир”».

Инсоннинг мўъжазгина кўзида юз миллиондан ортиқ нейрон (нерв ҳужайра)лар бор. Кўз неъматини кўриб чиқадиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсонга инъом этган кўзнинг шундай мураккаб ва нозик тузилишга эга эканини кўриб, илоҳий мўъжизага имон келтирамиз. Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири ҳам Басийр (барча махфий ва ошкора нарсаларни кўрувчи)дир. Қуръони каримнинг бир неча оятларида кўриш ҳақида айтиб ўтилган. Мулк сурасининг 23-оятида: «(Эй Муҳаммад! (кофирларга) айтинг: “У (Аллоҳ) сизларни пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ, кўзлар ва дилларни яратган зотдир. (Сизлар эса Аллоҳнинг неъматларига) камдан-кам шукр қилурсиз”. Балад сурасининг 8–9-оятида Аллоҳ таоло қудратини тан олмайдиган кофирларга, “…Биз унга икки кўзни бермадикми?” деб хитоб қилинади.

Ранг ва ёруғликни сезиш кўриш сезгилари бўлиб, инсон ҳаёти ва фаолиятида катта ўринга эга. Беруний бобомиз кўриш сезгиси нурдир, дейди. Шу нур ҳаво орқали жисмлар рангини кўрсатади. Олимларнинг аниқлашича, одамнинг кўзи тоза ҳавода, тим қоронғу кечада 27 километр узоқликдаги шам ёруғини кўриш қувватига эга экан. Инсон олаётган маълумотларининг учдан икки қисмини, яъни 65–70 фоизини кўриш сезгиси орқали олади. Кўриш сезгиси кўз косасида жойлашган бўлиб, ўта мураккаб тузилмага эга. Бу аъзо кўз соққаси ва ундан чиқадиган асаб толаларидан иборат.

Кўз соққасида тўр парда мавжуд бўлиб, унда 130 миллион таёқча ва етти миллионга яқин “колбача” деб аталадиган асаб ҳужайралари бўлади. Колбача ёрдамида фақат кундуз кунлари етти хил хроматик (камалак): қизил, сариқ, зарғалдоқ, кўк, яшил, зангори ва бинафша ранглар кўрилади. Одамнинг кўзи рангнинг 150 га яқин ҳар хил тусланишларини фарқлайди. Бу асаб толалари ишламаса, одам ранг ажрата олмай қолади. Бу касалликка чалинганлар дальтониклар дейилади. Статистик маълумотларга кўра дальтониклар эркаклар орасида 2 %, аёлларда 0,5 % ни ташкил қилар экан.

Оқ, қора ва хилма-хил кул­ранглар ахроматик ранглар дейилади. Таёқча асаб ҳужай­раларининг сезгирлиги юқо­ри бўлиб, кечалари биз асосан улар ёрдамида ахроматик рангларни кўрамиз. Бу нерв ҳужайраларининг ишдан чи­қиши натижасида, киши­да шапкўрлик, яъни кечалари яхши кўра олмаслик юзага келади. .

Болаларнинг кўзи тез такомиллашиб боради. Ота-она ва тарбиячилар болалар сезги аъзоларининг ўсишига эътибор беришлари даркор. Болалар ёрқин рангларни жуда ёқтиради, улардан завқланади. Улар рангларни ажратса-да, номларини яхши билмайди. Шунинг учун болаликдан ранг­ларни номлари билан тўғри ажрата олишни шакллантириш, уларда эстетик диднинг ривожланишига замин бўлади.

Демак, фарзандларимизга бу неъматнинг мўъжиза эканини англатиб, уни бизга берган Аллоҳ таолога давомли шукрона айтиш кўникмасини пайдо қилишимиз лозим.

Мўминхон МАМАТОВ,

Ўзбекистон миллий университети Психолигия кафедраси профессори в.б.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан