Мақолалар

Аҳил-иноқ оила – юрт таянчи

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Аҳил-иноқ оила – юрт таянчиda fikr bildirishni o'chirish

Оила қуриш жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари бўлиб, ҳадиси шарифда: “Никоҳ менинг суннатимдир. Кимда-ким менинг суннатимдан воз кечса, у биз (умматим)дан эмас”, дея марҳамат қилинган. Ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга, мамлакатимизда амалда бўлган қонун-қоидаларга ҳам амал қилишимиз зарурдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида никоҳдан ўтиш маросими бизнинг диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга ошириб келингани, шаръий никоҳдан ўтишда Ислом динимизда келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир қанча шарт ва одоблар борлиги, уни барча яхши билиб олиши ва амал қилиши зарурлиги уқтирилган. Фатвода бундай дейилади: “Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилди. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлиши лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган ёш оилалар ажрашадиган бўлса, она тирик етим боласи билан кўчада қолиши мумкин”.

Шундан ҳам кўриниб турибди, оила мустаҳкам бўлишини ўйлаб, уни давлат қонунлари билан муҳо­фазаланган ҳолда қуриш, никоҳ ўқитиш чоғи юқоридаги фатвога амал қилиш билан кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинади.

Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт.

Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушо­ҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Шу ўринда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифларини эсга олиш лозим: “Қизларни турмушга бериш борасида оналари билан маслаҳатлашинглар”.

Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса-ю, эр, оила масъулияти ва жамият олдидаги бурчини англаш, бажариш даражасида бўлмаса, у оиласида ҳам, жамиятда ҳам ўрнини тополмайди.

Таълим ва тарбия соҳасида қабул қилинган қонун­ларга риоя қилиш ҳар бир кишининг муҳим бурчи ҳи­собланади. Ўрта мактабни тамомлаш, коллеж ёки лицейда ўқиб бирон-бир касб-ҳунарни эгаллаш, ҳаёт деб аталмиш кенг қамровли майдонга тушиш олдидан турмуш ва оила кўникмаларини тасаввур қилиш учун бир муддат вақт керак бўлади, албатта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги пурҳикмат сўз­ларига эътибор қилинг: “Энг катта бахт, мен буни минг марта қайтаришдан чарчамайман, оиламиз тинч бўлсин! Оила кичик ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, ватан тинч бўлади. Ўша бахтли кунларни, ватанимизнинг, ёшларимизнинг камолини ҳозир ният қилаётганимиз каби кўриш ҳаммамизга насиб этсин!”

Мана шу талабларга жавоб берадиган ёшлар кўп­лаб топилади. Лекин ҳали вояга етмасдан туриб, никоҳ аталмиш муқаддас битимга кириб улгурган ёшларнинг ахлоқ-одоблари жамият талабларига жавоб берадиган даражада шаклланганми? Турмушнинг мураккаб, чигал манзилларидан тўғри йўлни топа оладиларми?

Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли, ҳаётида зарур бўладиган маълумотларга эга бўлишларига ун­довчи ҳадислар кўп. Хусусан, Пайғамбаримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам): “Илм талаб қилиш бар­ча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, дея марҳамат қил­ганлар.

Бу ерда бир нарсага аҳамият қаратайлик, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бош­қа-бошқа нарса экани ҳаётда исботини топ­моқда. Балоғат ёши – бу камолот ёши эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби ҳам бутунлай ўзгача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўрганиш ҳар бир аёлга фарздир. Булардан олдин турмушга чиққан қизнинг ўқишлари сустлашгани, оила юмушларида қийналгани, эпсиз уй бекаси ҳамда бўлажак фарзандларнинг тарбияси ишончсиз қўлларда қолганининг гувоҳи бўлинади. Илмли, касб-ҳунарли аёлгина болани яхши инсон қилиб тарбиялай олади.

Вояга етмасдан эрта турмуш қурганларнинг аксарияти ё ота-онасининг қарамоғида яшайди ёки турмуши дарз кетган бўлади. Бу ҳолларда ёш қизларнинг турмушдан ке­йинги ҳаёти ёш турмуш қурган йигитларга нисбатан оғирроқ кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғи­лиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлик боис эшитадиган таъна-дашномлар охир-оқибатда унинг тинкасини қури­тади. Мусулмонлар бу ҳақиқатни эътироф этиб, салбий, аянчли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналарга риоя қи­лиш билан бир қаторда, оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз қонун-қоидаларига ҳам қатъиян амал қилишлари зарурдир.

Афсус ила эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда баъзи чаласавод кишилар ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартларини сўраб-суриштирмай, ёшларга никоҳ ўқишмоқда. Натижада, ёш оилалар ажрашиб, ўртада гўдаклар тирик етим, она эса оғир вазиятда қолмоқда. Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказиляпти. Никоҳ шартлари сирасида Фу­қаролик ҳолати бўйича далолатномалар ёзиш идораси гувоҳномаси бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътироф қилиш ўринлидир.

Булар зарурий кўрсатмалардан бўлиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам дунё­вий, ҳам ухровий жиҳатдан фойдалидир. Ҳар бир оила­га ғамхўрлик қилиш, унга ҳар томонлама моддий-маънавий ёрдам бериш инсонпарвар, адолатли давлатнинг муҳим вазифаларидандир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВНИНГ “Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётда чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм