Мақолалар

Ислом дини эшигимизни тақиллатса

Чоп этилди Dekabr 17, 2018 No Comments

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالْدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلاَّ مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَن تَسْتَقْسِمُواْ بِالأَزْلاَمِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ الْيَوْمَ يَئِسَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن دِينِكُمْ فَلاَ تَخْشَوْهُمْ وَاخْشَوْنِ الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِّإِثْمٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар, (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, ҳалол. Ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бундай қилмоғингиз фосиқликдир. Бугунги кунда куфр келтирганлар динингизга зарар етказишдан умид уздилар. Улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим. Кимки гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида очликдан музтар бўлса, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ушбу ояти каримада асли гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар ҳақида сўз бормоқда. Албатта, чўчқани ҳисобга олмаганда. Аслида, гўшти ҳаром бўлган ҳайвонлар ўз-ўзидан маълум, баҳс улар ҳақида эмас. Гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.) (Бақара, 173).

Ислом дини бизнинг ва оила аъзоларимизнинг ҳаётида ўз таъсирини муттасил кўрсатиб туриши қандай катта омад.

Келинглар, ўз оиласига ислом динини олиб киришга уринаётган икки хил эркак, А ва Б турдаги инсонларнинг ҳаёт тарзини кўриб чиқайлик.

А турдаги эркак

У жуда диндор инсон. Кунига беш маротаба ибодатни тўлиқ адо этадиган бу инсон яна ҳафтасига икки маротаба рўза тутиш ва мунтазам равишда ночорларга садақа бериш билан машғул. Аммо унинг оила аъзолари диндан узоқлашиб кетган. Улар дунёнинг турли хурсандчиликлари ва ўйин-кулгуларидан баҳраманд ҳолда, ҳаттоки беш вақтлик ибодатини ҳам тўлиқ адо этмай яшашади. Шунга қарамай, у оила аъзолари билан, хусусан, турмуш ўртоғи билан муносабатини жуда юмшоқ тутади. Қисқаси, бу оилада ҳар бир инсон оила бошлиғига қарама-қарши ўз дуёсида яшайди.

Б турдаги эркак

Бу инсон беш вақт ибодат қилиб, Аллоҳнинг амрларига қарши иш қилмаётган бўлса-да, уни жуда диндор инсон деб атаб бўлмайди. Унинг ибодати ўртача ва у рамазондан ташқари қўшимча рўза тутмайди. Бу камчиликларга қарамасдан, унинг оиласи диндан бехабар эмас. Оила аъзоларини Аллоҳ таолонинг амрларига қарши чиқмасликларини, Ислом динининг фарз ва суннатларидан воз кечмасликларини ва беш вақтлик ибодатларини адо этишларини мунтазам текшириб туради.

Юқоридаги икки инсонларнинг қайси бирлари ўз оилаларига кўпроқ қайғурар экан?
Оила бошлиғини чўпонга ўхшатиш мумкин. Чўпон ўз сурувига масъул бўлгани каби оила бошлиғи ҳам оила аъзоларини ҳимоя қилиши ва тўғри йўлга бошлаши зарур.
Бугунги оилаларга назар соладиган бўлсак, бунинг аксини кўришимиз мумкин. Оила бошлиғи диндор бўлса-ю, унинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари диндан мутлақо бехабар бўлса, у намоз ўқиса-ю, унинг хотини ва фарзандлари ўз ибодатини адо этмаса, у рўза тутса-ю, унинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари рўза тутмаса, бу қандай ҳаёт бўлди.

Бу вазиятни қуйидаги мисол билан таққослаш мумкин: Оила бошлиғи Қуръон тиловат қилиб ўтирибди, оиланинг бошқа аъзолари эса смартфондан бошини кўтармаяпти. Тўсатдан эшик таққиллиб қолди, Қуръон ўқиётган оила бошлиғи фарзандларининг эшикни очишини кутди. Лекин уларнинг ҳаммаси ўз смартфонларида дўстлари билан гаплашиб, шу даражада берилиб кетганидан эшик таққиллаганини эшитишмади. Охири оила бошлиғи Қуръон тиловатини тўхтатиб, эшикни очиш учун ўзи турди. Эшик қаршисида турган кекса киши “Мен динман. Уйингизда яшагани келдим. Агар уйингизда яшагани рухсат берсангиз, сизга ва оила аъзоларингизга кўп фойда келтираман. Аллоҳ таолонинг мукофотларига ҳам сазовор бўласиз”, деди. Оила бошлиғи бироз иккиланиб турди. Кейин “Оилам билан маслаҳатлашиб кўрай-чи”, деди. Дастлаб ўн олти ёшли қизидан сўради. Қизи ватсапда йигити билан гаплашаётган эди. Ундан “Динни уйимизга киргизсак қандай бўларкин”, деб сўради. “Илтимос, дада, мени ёлғиз қолдиринг, бандлигимни кўрмаяпсизми?”, деб қизи йигити билан суҳбатини давом эттираверди. Энди ота ўн саккиз ёшли ўғлининг олдига келди. Ўғлининг кўзлари юмуқ, аммо ухланаётгани йўқ. Қулоғида қулоқчин, танаси эса мусиқа ритмига мос қимирлаб турибди. Отаси ўғлига “Мени эшитяпсанми?” деди. Ўғил кўзини очди, шунда ота “Динни уйимизга олиб кирсак қандай бўларкин” деб сўради. Ўғил бир оз тикланиб турдида, кейин шартда кўзини юмиб мусиқа тинглай кетди. Унинг юзидан норозилиги билиниб турарди. Қараса, хотини ҳам смартфонда ўтирибди.  Олдига борди, хотини эрининг олдига келганини кўрди ва эшикни очолмаганидан хижолат бўлиб, “Узр, эшикни очолмадим, ҳозир жуда ишим кўп. Кейинги катта йиғилишга мени ҳам таклиф қилишлари мумкин, шунинг учун кўп ишлашим керак. Ўзи ким келибди?” деди. Аммо ҳеч ҳам кўзини смартфондан узгани йўқ. “У Аллоҳнинг дини. У уйимизга кирмоқчи, нима дейсан” дебди. Аёл буни эшитиб, қошини чимирди. Кейин “Унга бориб айтинг, бизда ортиқча хона ҳам, ортиқча вақт ҳам йўқ. Яхшиси масжидга борсин. Энг яхши йўл шу”. Оила бошлиғи эшикнинг олдида турган диннинг олдига борди-да, ўзи уни уйга киритишни хоҳлаётган бўлса-да, уйга олиб кира олмаслигини айтиб узр сўради.

Баъзан инсон қанчалик тақволи ва илмли бўлмасин, ўз оиласи олдида ожиз қоларкан. Бунга сабаб, биз яшаётган атроф-муҳит динсизлар, исломий бўлмаган маданият, китоблар, тақиқланган тадбир ва байрамлар билан тўла. Агар оила бошлиғи ўз уйининг чўпони бўла олмас экан, Динни уйига олиб кира олмайди.

Ислом динини қачон уйимизга олиб кирамиз:

  1. Оилада эркак диндор бўлса дин учун уй эшиги очилади, холос. Аммо аёл диндор бўлса, у динни уйига олиб киради. Шундай экан, энг аввало сиз динни аёлингизнинг ҳаётига олиб киринг.

2.Оила аъзоларингизга Аллоҳ таолонинг қудратини, буюклигини, раҳм-шафқатини, иноятини ва қолган муҳим нарсаларни тушунтиринг.

  1. Уйингизда бўш қолганингизда Қуръон ўқиш ва илм олиш билан банд бўлинг.

4.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳаёт тарзингизда доимо қўлланг.

  1. 5. Смартфонлар ва интернет тармоғидан фойдаланишни чекланг.
  2. Оила аъзоларингизга исломий муҳит яратиб беринг. Саҳобалар ҳаёти, уларнинг Аллоҳнинг дини учун курашганини ҳикоя қилиб беринг.
  3. Уларга ҳалол ва ҳаромни бир-биридан ажратишни ўргатинг, айниқса, турмуш ўртоғингизга буни яхшилаб уқтиринг.
  4. Сиз динни уйингизга олиб кирдингизми, бу нарсаларга жиддий қарашингиз керак. Фарзандларингиз биргина саломни унутишига ҳам йўл қўйманг. Ўғилларингизни масжидга боришини, қизларингизни намозни ўз вақтида ўқишини мунтазам равишда кузатиб юринг.
  5. Оила аъзоларингизга камтарлик тушунчасини уқтиринг ва у кундалик ҳаётда муҳим ўрин тутишини тушунтиринг.
  6. Фарзандларингизни ҳар хил синфдош ва дўстлар йиғини, ўтиришлар, байрамлар ва зиёфатларига жўнатманг.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматларим дунёга меҳр қўйиб, унга интилсалар, уларнинг юракларида ислом дини ўз аҳамиятини йўқотади. Яхши амалларни тарк қилиб, ёмон амаллар қилсалар, ваҳийнинг савобларидан маҳрум бўладилар. Улар Аллоҳнинг кўз ўнгида паст ўринда турадилар”.
Демак, дунёга кўп меҳр қўйиш, ёмон амаллар қилиш – уйимиздан Ислом динини сиқиб чиқарар экан. Барчамиз дуо қиламиз, Аллоҳнинг дини уйимизни ҳеч қачон тарк этмасин. Зеро, ислом дини билангина уйимиз тинч ва осойишта, қалбимиз эса хотиржамдир. Аллоҳ таоло барча нарсани билиб тургувчидир.

Манба: Islam News

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan