Янгиликлар

Тошкент – Жакарта авиайўналиши очилади

Чоп этилди Aprel 16, 2019 Тошкент – Жакарта авиайўналиши очиладиda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Тошкент – Жакарта йўналиши жорий йилнинг 1 майидан парвозни амалга ошириши ҳақида Ўзбекистон туризмни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Жамшид Газиев “Tashkent Travel Mart” “В2В” форматидаги кўргазмада маълум қилди.

ЎзА хабарига кўра, «Orient Secrets» масъулияти чекланган жамияти, бир қатор хорижий турфирма ва меҳмонхоналар билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда Россия, Индонезия, Туркия, Таиланд, Барлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби, Шаржа каби йирик шаҳарлари туризм соҳаси вакиллари иштирок этмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳаси сифат жиҳатдан янгиланиб бормоқда. Хусусан, меҳмонхоналар сони сезиларли равишда кўпаймоқда. Биргина мисол. 2017-2018 йилларда давомида 100га яқин меҳмонхона қурилган бўлса, бу йил уларнинг сонини 170тага етказиш режалаштирилган. Мамлакатимизда меҳмонхона хизматлари уюшмасининг ташкил этилгани бу борадаги хизматларни янада кенгайтириш имконини беради.

Тадбирда мамлакатимизнинг сайёҳлик имиджини ошириш, туризмда янги йўналишлар очиш ҳисобига соҳани диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинди. «Orient Secrets» масъулияти чекланган жамияти томонидан мамлакатимизга келадиган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича тақдимотлар ташкил этилди. БАА билан ушбу йўналишдаги истиқболли шериклик юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида юртимизга 1,4 миллионга яқин сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 972 минг 300 кишига кўпдир. Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор туфайли биргина Индонезиядан келадиган сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 181 фоиз, Малайзиядан келганлар сони эса 168 фоизга ошган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати