Мақолалар

Яхши қўшни бўлоламизми?

Чоп этилди Aprel 18, 2019 Яхши қўшни бўлоламизми?da fikr bildirishni o'chirish

Биз, ўзбеклар, ҳаётни қўшниларсиз тасаввур этишимиз қийин. Кундан-кунга ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизнинг шаҳару қишлоқлари, туманларида одамлар учун барча қулайликларга эга уй-жойлар қурилмоқда. Албатта, янги уйларга кўчиб ўтганлар меҳр-оқибатли қўшнилари бўлишини хоҳлайдилар.

Яхши қўшни бўлоламизми?

Муқаддас Ислом динимизда қўшничилик борасида кўплаб ҳадислар бор. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшни ҳақида шунчалар давомли, кўп васият қилганларидан, қўшни меросхўр бўлса керак, деб гумон қил­дим”, дедилар. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Зарр, агар шўрва пиширсанг, унинг сувини кўпайтириб, қўшниларингдан ҳам хабар олгин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Ҳовли олма, қўшни ол” деган мақоллар кенг тарқалган. Ҳамсоялар билан тинч-тотув, иноқ-иттифоқ яшаш динимизда мақталган амал­лардандир. .

Йўлдош ака деган танишим ёшлигида бўлган бир воқеани шундай эслайди: «Болалигимда қўй-эчкиларимизни далага ҳайдар эдим. Бир куни ўйинга берилиб кетибман, ҳайвонлар қўшнининг ҳовлисига кириб кетибди. Уларни дарвозасидан ҳайдаб чиқаётган қўшнини кўриб қўрқиб кетдим. У жаҳл билан бақир-чақир қилса керак, деган ҳадикда ерга қараб туравердим. Лекин қўшнимиз тўғри ёнимга келиб: “Хижолат бўлма, болам, гуллар пайҳон бўлса, яна кўкаради, менга қўшни керак”, деди-да бағрига босди. Енгил тортиб хурсанд бўлиб кетдим!.. Шундан буён қўшниларга ҳурматим бошқача, уларнинг хизматидаман».

Яқинда бир киши келиб: «Домла, кутилмаган иш бўлди, – дея гап бошлади. – “Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади” деганларидек, кучли шамолда томимизга қоқилган тахта учиб кетиб, қўшнимизнинг машинаси ойнасига зарар етказди. Улар шу ойнанинг янгисини олиб берасан, дейишяпти. Ҳозирча иложим йўқроқ, лекин қўшни тушунмаяпти-да…» Эҳтиёжмандга ёрдам бериш чорасини топдик. Аммо қўшниси бу одамнинг олдига чиқиб: “Ўша тахта бирортамизнинг бошимизга тушса нима бўларди? Беадад шукрки, машинанинг ойнаси синибди. Ойна топилади, менга қўшни керак, сиз хижолат бўлманг”, деганда қандай яхши бўларди.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳузуридаги дўстларнинг яхшиси дўс­ти учун хайрли бўлганидир. Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир”, деганлар. Биз қисқа умримиз давомида қўшниларимиз билан аҳил яшасак, фарзандларимиз ҳам йўлимиздан боришади, иншоаллоҳ.

Отабек Боқонийнинг шундай сатрлари бор:

Билингки, ким қўшни билан соз бўлар,

Ҳаётида муаммоси оз бўлар.

Тўрт томондан тўртта қўшни йўқласа,

Тегармиди ғаним милтиқ ўқласа.

Яхши қўшни қулоқ, кўзу қош бўлар,

Тўй, маърака эҳсонларда бош бўлар.

Сен яхши бўл, ёмонларга ёндашма,

Қўшниларни хафа қилиб адашма.

Қўшниларни ҳурматлаган Пайғамбар,

Уммат бўлсанг, қўшнилардан ол хабар.

Қиёматда қўшни хақи сўралар,

Ёмон қўшни олов билан ўралар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳа­дисда: “Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, дейилган. Иншоаллоҳ, қўшниси билан иноқ бўлиб, баъзи бир ҳолатларда улардан келган заҳ­матларга кўз юмиб, “Менга қўшни керак”, дейдиганлар икки дунё саодатини тилаган чинакам мўминлардир.

Зиёуддин АЙМУҲАММЕДОВ,

Чирчиқ шаҳри “Амир ўғли Ҳасанбой” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан