Мақолалар

Модератор ва иймонометр

Чоп этилди Dekabr 18, 2018 No Comments

Иймон ва куфр масаласида ҳакамлик қилиш Аллоҳнинг ишидир. Лекин оддий одамлар орасида бу вазифани ўзича “ўзлаштириб” олганларнинг кўплигидан ва уларнинг сони тобора кўпайиб кетаётганидан ташвишланаман.
“Сенинг иймонингда нуқсонинг бор”, “иймонингда гумоним бор”, “мунофиқ”, “куфрнинг аломати сезиляпти”, “куфр гап айтдинг”, “унга раҳмат тилаб бўлмайди” каби иймон ва куфр масаласида модераторлик қилишни яхши кўрадиганлар кўп.
Лекин бу масала жуда хатарли эканлигини биламизми? Аввалги олимларимиз ва имомларимизнинг ҳаётини ўргансангиз, кўплари қозилик қилишдан, бирор банда устидан, иймон ва куфр масаласи четда турсин, ҳатто маиший масалаларда ҳам ҳукм ўқишдан қочишгани, қози бўлмаслик учун неча йиллаб зиндонда ётишга рози бўлишгани ҳақида эшитганмисиз?!
Нега? Чунки, сен бировга ҳукм ўқиётганингда, ўзингга ҳам ўқиётган бўласан. Айниқса иймон ва куфр масаласида.
Чунки, бир мусулмон бошқа мусулмонни куфрда айбласа, ёки у, ёки ўзи кофир бўлиши аниқ. Шунинг учун, куфрга сабаб бўладиган ишларни қилган одамлар қозининг олдига келтирилганда, қози дарров “муртад” деган ҳукм чиқармаган. Унга тушунтирган, огоҳлантирган, оқибатлари, жазолари ҳақида маълумот берган, урдирган, дарра солдирган, соғ ёки жиннилигини текширтирган, хуши жойидами, атайлаб ўлишни қасд қилмаганми, аниқлашга ҳаракат қилган, зиндонбанд қилган, яна сўроққа тутган. Яна тушунтирган ва ҳоказо.
Нега? Чунки, масала жуда оғир. Бир банданинг жаннат ё дўзахга кириш масаласи ҳал бўляпти. Агар қози уни “муртад” деб эълон қилса, уни ўлдиртириш ҳукмини чиқариш зиммасига тушади. Бир мусулмонни кофирга чиқариб, ўлдиртирса, кофирга чиқаргани учун ва ноҳақ ўлдиртиргани учун қиёматда, Аллоҳнинг ҳузурида, Аллоҳнинг Ўзидан жазо олади…
Мана шундай оқибатларни билган олимлар, қози бўлишдан, ҳукм ўқишдан қочишган. Адашишдан қочишган, савоб қиламан деб, гуноҳ қилишдан қўрқишган, тақво қилишган.
Бизчи? Ҳеч ким буни биздан сўрамаса ҳам, талаб қилмаса ҳам, ваколат бермаган бўлса ҳам, ҳар икки гапимизнинг бирида бировни лаънатлашга, кофирга ва муртадга чиқаришга, иймон масаласида одамларни “сортировка” қилишга одатланганмиз.
Ўзимизча модератормиз-у, қўлимизда сўнгги модел иймонометр бор.
Агар улар сен билан тортишсалар: «Аллоҳ нима қилаётганингизни билгувчидир. Аллоҳ қиёмат куни сиз ихтилоф қилган нарса бўйича орангизда ҳукм қиладир», деб айт (Ҳаж сураси).
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси).
Саид Комил ХОЛХЎЖАЕВ
Манба: azon.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan