Мақолалар

Сеҳрнинг энг яхши давоси

Чоп этилди Aprel 18, 2019 Сеҳрнинг энг яхши давосиda fikr bildirishni o'chirish

(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига, одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дилларига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир” (Нас сураси, 1–6-оятлар).

Мусҳафи шарифда бир юз ўн тўртинчи, нозил бўлиш сирасига кўра йигирма биринчи сура. Фалақ сурасидан кейин, Ихлос сурасидан аввал Маккада нозил бўлган.
Сура номи илк оятда келган “нос” – инсонлар сўзидан олинган. Нос сураси Фалақ
сураси билан бирга “Муаввизатайн” деб ҳам аталади.

Суранинг нозил бўлиш сабаби борасида Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонил азим”
китобида Ибн Аббос ва Ойша (розияллоҳу анҳумо)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Яҳудийлардан Лабид ибн Аъсам деган бир мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатларини адо этишда хизмат қилар эди. У орқали бир гуруҳ яҳудийлар Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароқларининг синган тишларини қўлга киритишади ва шу нарсаларга сеҳржоду қилиб, бир эски қудуққа ташлашади. Шундан кейин Расул (алайҳиссалом) олти ой бетоб бўлиб ётиб қоладилар. Бир куни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб, бир-бири билан савол-жавоб қилишади:

– Унга нима бўлибди?

– Сеҳрланибди.

– Ким сеҳрлабди?

– Лабид ибн Аъсам исмли бир яҳудий.

– Сеҳрни нимага ўқибди?

– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.

– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?

– “Зарвон” номли қудуқда.

Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ
тишлари ва яна игна суқилган ўн битта тугун бор экан. Шу пайтда Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилади. Биттадан оят ўқилганида, биттадан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн бир оят ўқиб бўлинганида, дарддан бутунлай фориғ бўлиб кетганлар”.
Аллоҳ таоло инсонларни яратиб, моддий ва маънавий неъматлар билан уларни ҳам
жисман, ҳам руҳан озиқлантиргани, тарбиялагани учун Ўзини Парвардигор деб атади. Илоҳ эса ибодат қилишга лойиқ Зот демакдир.

Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Парвардигори бўлгани ҳолда, Нос сурасининг
аввалги уч оятида “инсонлар” сўзига урғу берилишидан мурод одам барча махлуқларнинг энг шарафлиси эканига ишорадир.

Дунёда подшоҳлар, қироллар бисёр. Уларни илоҳ санаб, уларга сиғинган қавмлар ҳам тарихда бўлган. Шу боис сурада инсонларнинг Парвардигори, подшоҳи ва илоҳи ёлғиз Аллоҳ экани, ёлғиз Унга сиғиниб, Унга илтижо қилиш, Унинг ҳукмларига бўйсуниш лозимлигига эътибор қаратилмоқда.

“Васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки” оятидаги “васваса қилувчи” жумласи “васваса қилишдан тўхтамайдиган”, “кўп васваса қилувчи” маъноларини англатади.
Васвасанинг ўзи шубҳа, тараддуд, яширин сўз, кишининг кўнглидан ўтган туйғу деган маъноларни англатади. Хаёлда ихтиёрсиз пайдо бўлиб, кишини турли ёмонлик ё фойдасиз тушунча, ёки дин ва ахлоққа зид хатти-ҳаракатга ундайдиган асоссиз фикр, шубҳага васваса дейилади. Маълумки, васваса манбаи шайтондир. Бир неча оятларда бунга ишора бор: «Сўнгра шайтон унга
васваса қилиб: “Эй Одам! Мен сени абадият дарахти ва чиримас
(йўқ бўлмас) мулкка бошлаб борайми?” деди» (Тоҳо сураси, 120- оят).

Шу билан бирга, васвасага инсоннинг тарбия қилинмаган нафси ҳам сабаб бўлиши
мумкин: “Инсонни (Биз) яратганмиз, (демак,) унинг нафси васваса қиладиган (кўнглидан ўтадиган) нарсаларни ҳам билурмиз…” (Қоф сураси, 16-оят).
“…(Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир” ояти каримасидан инсонларни тўғри
йўлдан оздиришга ҳаракат қиладиган икки хил шайтон борлиги маълум бўлади: биринчиси, жинлардан бўлган кўринмас шайтонлар. Улар одамлар қалбига васваса солиб, нотўғри йўлларга бошлашга ҳаракат қилишади.

Иккинчиси эса шайтон феълли инсонлар. Улар қадр-қиммат ўлчовларини йўқотган,
ўзини нафснинг хоҳиши ва орзулар оқимига ташлаган, яъни шайтоннинг домига илинганлардир. Бандаларни ҳақ йўлга бошлагандек кўринадилар. Аслида эса уларни охири надомат билан тугайдиган ишларга йўллайдилар.
Ҳар бир инсоннинг ёмонликларга бошлайдиган, ёмон амалларни чиройли кўрсатиш
учун ҳаракат қиладиган бир шайтони бўлади. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир инсоннинг бир шайтони бўлиши ҳақида хабар берганлар (Имом Доримий, Риқоқ, 25).

Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадисда шайтон инсоннинг қон томирларида
юриши айтилади.
Сурада бизга жин ва шайтонлар ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраш, ҳар бир орзу, туйғу ва тушунчаларни ақл, виждон ва дин элакларидан ўтказиб, унга кўра ҳаракат қилиш ўргатилмоқда.

Шу билан бирга, сура инсонларга дунё ва охиратдаги ёмонликларнинг барчасидан – инсон, жин, йиртқич, ҳашарот, олов, гуноҳ, ҳатто нафснинг шумликларидан паноҳ тилаш йўл-йўриқларини ўргатмоқда.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятлар нозил қилди. Улар “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари», деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Имом Бухорий ва “Сунан” китоби соҳиблари “Шифо талаб қилиш” бобида бу уч
сура ҳақида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан бундай ривоят қилишган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар ҳар кеча тўшакларига ётишни хоҳласалар, кафтларини очиб, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини ўқиб, баданларига суртардилар. Бу ишни аввал бошлари, юзлари ва олд томонидан бошлардилар. Буни уч марта такрорлардилар».

Манбалар асосида Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан