Мақолалар

Ақида

Чоп этилди Aprel 17, 2019 Ақидаda fikr bildirishni o'chirish

“Ақида” сўзи луғатда икки нарсани бир-бирига боғлаш, тугун маъносини англатади.

Истилоҳда эса, қалб билан соф диний таълимотни бир-бирига мустаҳкам боғлаш, ишониш.

Расуллар умматларини аввало соф ақидага, яъни Аллоҳ тао­лонинг борлиги, бирлигини тасдиқ этиш, унга нолойиқ бўлган барча си­фатлардан пок эканига ишониш, охират куни, ҳисоб-ки­тоб, жаннат-дўзах ҳақлигига имон келтиришга даъват этган.

Ҳамма пайғамбарларнинг ақидаси бир бўлиб, шариатлари ҳар хил бўлган. Ақида бир неча нарсалардан ташкил топган бўлиб, уни қалбга мустаҳкам ўрнатиб олиш ва унга қалб ҳеч қачон гумон қилмаслиги ҳамда қалб унга ҳақиқий ишониши керак. Ақидасиз кишининг ҳаёти ҳаёт эмас. Ақидасиз умр жуда оғир ва маъносиз бўлади. Ақида билан ўтган умр эса жуда яхши, лаззатли ва маъноли бўлади. Бундай дейишимизнинг бир неча сабаблари бор:

Баъзилар одамда руҳ йўқ, фақат танадан иборат дейди. Лекин одамнинг танасида албатта руҳ бор.

Танамизни еб-ичиб қувватлантирганимиз каби руҳимизни ҳам худди шундай озиқлантиришимиз керак. Кишининг ақидаси қанчалик тўғри ва мустаҳкам бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик тинч ва хотиржам бўлади. Аммо кишининг ақидаси қанчалик бузуқ ва нотўғри бўлса, унинг қалби ҳам шунчалик нотинч ва ташвишда бўлади. Аллоҳ таоло инсонга тўғри ва нотўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Ким тўғри йўлда бўлса, азобдан қутулади. Ким нотўғри йўл­да бўлса, азобда қолади.

Агар кишининг ақидаси тўғри бўлса, у ҳаётида ҳайрон қолади­ган саволларга йўлиққанда, шу саволларга тўғри жавоб бера олади. Масалан: Мен кимман? Мени ким яратди? Нима учун яратди? Шу каби саволларга ақидаси соф одам тўғри жавоб бера олади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

 «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганлар­ни тақво қилишларингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилинг» (Бақара, 21).

“Нима учун яратди?” деган саволга жавоб: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилиш­лари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Ҳаётда ҳар бир киши ўз ақидасига эга. Лекин ақида тўғри ёки нотўғри бўлишига қараб кишини бахтли ёки бадбахт қилади. Ин­сонлар ҳар қанча бой бўлмасин, агар уларнинг ақидаси тўғри бўлмаса, улар бахтсиз ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай дейди:

 «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳо, 124).

Инсон қанчалик кўп яшамасин, агар унда тўғри ақида бўлмаса, у ўзининг ҳеч кимга керак бўлмай қолганини сезади. Масалан, ким­дир ҳаётини уй-жой солиш, бошқа бири обрў-эътибор топиш, яна бошқаси молу дунё йиғиш билан ўтказиб юборади. Тўғри, улар ўз мақсадларига етади, лекин охирига келганда ҳаммасидан қуруқ қолиб, ўзи учун зарур бўлган нарса бу нарсалар эмаслигини сеза­ди. Уларнинг юраги нотинч бўлиб сиқила бошлайди, бойиган сари уларнинг ҳаловатсизлиги кучайиб боради. “Мен ўлсам, мол-дунём кимга қолади?” каби ўй ва саволлар кўпаяди.

Ақидаси тўғри бўлган одам, бу ҳаётда хотиржам яшайди. У бу дунёдан ўтгандан кейин охират бор, деб аниқ ишонади. Шунинг учун у бу дунёнинг неъматларига кўнгил қўймасдан яшайди ва ҳаётда қанчалик қийинчиликларга дучор бўлмасин, ҳаммасига сабр қилади. Бу дегани илм ўрганма, профессор бўлма, дегани эмас, аксинча, илм ўрган, олим бўл, фақат Аллоҳ учун ўрган, деган ақиданинг тасдиғидир.

Саодат асрининг буюк вакиллари бўлмиш саҳобалар ҳам ўз ақидаларида мустаҳкам бўлиб, уларни дунёнинг ҳеч бир нарсаси чалғита олмаган. Жумладан, ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)­нинг Аллоҳ таолога бўлган имони шунчалик кучли эди, ҳеч бир нарса унинг имонига халал бера олмас эди. Ўз имони хусусида бундай деган: “Агар парда кўтарилиб, Аллоҳнинг жамолини кўрсам ҳам, имоним заррача кўпаймайди”.

Рибъий ибн Омир деган саҳоба оддий бир киши эди. У киши оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан таълим олган. У киши форс подшоҳига йўлиққан вақтида, подшоҳнинг “Нега келдинг?” деган саволига шижоат би­лан бундай деб жавоб берган экан: “Биз бандаларни бандаларга қулчилик қилишдан қайтариш, бандаларнинг Рабби Аллоҳга қул­чилик қилишига ўргатиш учун ва ҳар хил жабру жафолардан Ислом адолатига олиб чиқиш учун юборилган қавммиз”.

Ҳақиқатан ҳам энг бахтли ҳаёт Аллоҳга ишониб, Унга қулчилик қилиб ўтказилган ҳаётдир. Ақида эса ҳаёт нима эканини ва дунёда қандай ҳаёт кечириш кераклигини ўргатадиган ягона илмдир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп қилинган. Нашриётдан харид нархи 34000 сўм