Мақолалар

Хулафои рошидин

Чоп этилди Aprel 17, 2019 Хулафои рошидинda fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулафои рошидинларга эргашишни буюрдилар. Улар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг Ислом давлатига бошчилик қилган тўғри йўлдаги тўрт халифа – Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳум)дир. Ушбу ҳадисларида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларидан сўнг у зотлар йўлидан боришни васият қилмоқдалар. Зеро, тўғри йўлдаги ушбу тўрт халифанинг ҳаммалари Қуръон ва суннатни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бевосита ўрганишган ва уларга оғишмай амал қилишган. Ҳар бир мусулмон Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларини маҳкам тутиши лозим. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилишни амр этган.

“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз” (Ҳашр, 7).

Хулафои рошидин ҳақида сўз юритар эканмиз, улардан ҳар бирининг шахсий ҳаётлари, хулқ-атворлари, суннатга эргашишлари, жамият манфаати учун қайғуришлари, фазилатлари ва бошқа сифатлари ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Хулафои рошидинлар ичида энг улуғи ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг тўлиқ исмлари Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абу Куҳофа Усмон ибн Омирдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишини ростгўйликлари, омонатдорликлари, Исро ва Меърож кечаси воқеаларини энг биринчи иккиланмай тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» деб номлаганлар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан икки йил кейин туғилиб, Маккада ўсиб-улғайдилар. Жоҳилият даврида ипак савдоси билан шуғулланганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ёшликдан яқин дўст бўлган. Қўли очиқ, саховатли, етимларни севиш каби фазилатларга эга эдилар.

Ҳиро ғорида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га илк ваҳий нозил бўлганида, Хадича (розияллоҳу анҳо) онамизга келиб айтганлар. Хадича (розияллоҳу анҳо) ҳеч иккиланмай имон келтирган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалбларидан қўрқув аримасидан Байтуллоҳни тавоф қилишга бораётганларида ҳазрат Абу Бакрни учратадилар ва ваҳий ҳақида сўз очдилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ҳам Хадича (розияллоҳу анҳо) каби иккиланмасдан тасдиқ этиб, Ислом динини қабул қилганлар. У кишидан бу ҳақда сўралганида: “Мен Муҳаммаднинг асло ёлғон гапирганини билмайман”, дея жавоб беради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақларида бундай деганлар: “Мен кимни Исломга даъват этсам, бир оз тўхталар, тараддудга тушар эди. Абу Бакр эса ҳеч қандай иккиланишсиз Исломни қабул қилди”.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) сабабли жуда кўп кишилар Ислом билан шарафланишди. Ҳазрат Абу Бакр Исломни қабул қилган кунларидан бошлаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан доимо бирга бўлдилар. Исломни энг олдингилардан бўлиб қабул қилганлари учун ҳам қурайшликлардан ва бошқа нодонлар томонидан кўп азият чекдилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Ислом ривожи учун ҳеч нарсасини аямадилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини асло тарк қилмадим”.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у зотнинг фазли ҳақида айтган сўзларидан бирида: “Дарҳақиқат, мен учун суҳбати ва молида инсонларнинг энг омонатдори Абу Бакрдир. Агар мен ўзимга Раббимдан бошқа дўст олганимда, Абу Бакрни дўст қилиб олардим. Бизнинг орамизда Ислом биродарлиги ва ўртоқлик бор”, деганлар.

Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг мусулмонларга бош бўлдилар ва халқ тинчлиги, фаровонлиги йўлида кўп хизмат қилдилар. Жумладан, Ридда урушини бостирдилар, закотни ман қилганлар билан урушдилар, Қуръонни жамладилар ва кўп диёрларнинг Ислом билан шарафланишига бош-қош бўлдилар.

Бу зотдан сўнг мусулмонларга Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифа бўлдилар. Биз ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олижаноблиги, шижоатлари, қаттиққўлликлари билан бирга буюк адолатларидан ибрат оламиз.

У зотнинг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл, кунялари Абу Ҳафс бўлган. Ҳақ билан ботилни ажратганлари учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишини “Форуқ” (ажрим қилувчи) деб номлаганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўн тўрт йил кейин туғилган бўлиб, у зот тўғри фикрли ва тўғри сўзли, яъни ҳақ йўлидаги киши эдилар. Мунофиқ ва мушрикларнинг махфий ҳаракатларини зийраклик билан кузатардилар. Бирон кимса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га азият етказгани ёки суиқасд тайёрлаётганини сезса, тезда келиб, ҳалиги кишининг адабини беришга рухсат сўрардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло Умарнинг тилига ва қалбига тўғриликни солди”, деганлар. У зот бошчилигида амалга оширилган асосий ишлардан бири ҳижрий йил ҳисоби тақвими бўлди. Олтмиш уч ёшларида вафот этдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг ёнларига кўмилдилар.

Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен сизларнинг орангизда яна қанча туришимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин мана бу иккисига эргашинглар”, дедилар ҳамда Абу Бакр ва Умарга ишора қилдилар».

Яна бир ҳадисда: “Умматим ичида илҳомлилари бўлса, Умар ибн Хаттоб улар ичидаги энг аълосидир”, деганлар.

Учинчи халифа Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг тўлиқ исмлари Усмон ибн Аффон ибн Абул Ос ибн Умайя бўлиб, кунялари Абу Абдуллоҳдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки қизларига уйланганлари учун «Зиннурайн» (икки нур эгаси) деб номланганлар. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олти ёш кичик эдилар. Ўрта бўйли, чиройли юзли, кўркам бир зот эдилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) чақириқларига биноан Исломни қабул қилган ҳазрат Усмон саҳобалар ичида ўта ҳаёли ва саховатлилардан бўлган. Бевосита Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан 146 та ҳадис ривоят қилган.

Бир яҳудий сувини сотиб, фойда кўрадиган Рум қудуғининг ярмини шериклик асосида йигирма минг танга ва юзта ёш туя эвазига сотиб олиб, мусулмонларга ҳадя қилдилар. Шундан сўнг белгиланган муддатда мусулмонлар келиб, сув олиб кетишар, яҳудийнинг сувидан ҳеч ким олмасди.

Усмон (розияллоҳу анҳу) 23-ҳижрий йили халифа қилиб сайланганида, етмиш ёшда эдилар. У зот бошчилигида Арманистон, Африка, Кипр ўлкалари фатҳ этилди. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) саҳифаларга кўчирилган сураларни йиғиб, бир ерга тўплаган бўлса, Усмон (розияллоҳу анҳу) жамлаб, бутун Мусҳаф (китоб) ҳолига келтирдилар. Қуръони каримнинг саҳифалари олдинига ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу), сўнгра қизлари Ҳафса (розияллоҳу анҳо) онамизнинг уйларида сақланарди. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) Ҳафса онамизга одам юбориб: “Саҳифаларни бизга беринг, ундан нусха кўчирамиз”, дедилар. Ҳафса онамиз саҳифаларни ҳазрат Усмонга юбордилар. Халифа Усмон Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳумо) каби саҳобалар ёрдамида Мусҳафни бир неча нусхада кўчирдилар. Кўчирилган нусхаларни минтақаларга биттадан юборишди. Ихтилоф пайдо бўлмаслиги учун бошқа ҳар хил нарсаларга кўчирилган оятларни ёқиб юборишни буюрдилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг уйимда икки болдирлари очиқ ҳолда ёнбошлаб ётган эдилар. Шу пайт Абу Бакр киришга изн сўради. Унга изн берилди, у зот гаплашдилар. Сўнгра Умар изн сўради. Унга ҳам изн берилди, у зот гаплашдилар. Сўнгра Усмон изн сўради. У зот ўтирдилар ва кийимларини тўғрилаб олдилар. Сўнгра кириб, гаплашди. Усмон чиқиб кетганида Ойша: “Ё Расулул­лоҳ, Абу Бакр кирди, Умар кирди, улар билан ҳеч истиҳоласиз гаплашдингиз. Аммо Усмон кирганида ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?!” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен қандай ҳаё қилмайин!” дедилар».

Хулафои рошидиннинг тўртинчиси ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг тўлиқ исми Али ибн Абу Толиб ибн Абдул­мутталиб ибн Ҳошим ибн Абду Манофдир. Кунялари – Абул Ҳасан, Абу Туроб. “Ҳайдар” деб ҳам номланганлар. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўттиз ёш кичик эдилар. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га амакивачча бўлганлар. Оталари Абу Толиб Қурайшнинг улуғи бўлса ҳам, бойиб кетмаган эди. Ҳатто Маккада қаҳатчилик бўлганида, анча қийналиб қолди. Қариндошлари ёрдамга келишди. Фарзандларидан Жаъфарни Аббос, Алини Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қарамоғларига олишди. Ўша вақтда Али олти ёшли бола эди. Пайғамбаримизга илк ваҳий келганида ҳазрат Али биринчи имон келтирганлардан бўлди. Улғайиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)га уйландилар. Ҳасан, Ҳусайн исмли фарзандлари туғилди. Али (розияллоҳу анҳу) ҳазрат Усмон вафотларидан сўнг ўрниларига халифа этиб сайландилар. Мусулмонлар халифа Али ибн Абу Толиб (каррамаллоҳу важҳаҳу)га 35 ҳижрий йилда байъат қилишди. Бу вақтда фитна авж олган эди. У зот халифа бўлганларидан сўнг ҳамма волийларни бўшатиб, ўринларига янги волийлар тайин этдилар. Бу даврда Жамал, Сиффин каби даҳшатли урушлар бўлиб ўтди. Таҳкимга рози бўлмаган ўн икки минг киши Али (розияллоҳу анҳу)га қарши чиқди. Улар тарихда хаворижлар деб аталди. Хаворижлар Исломда пайдо бў­ган биринчи фирқа ҳисобланади. Оқибат­да улар ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)ни шаҳид қилишди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг фазилатлари тўғрисида келган ҳадислар:

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир”, дедилар».

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг саҳобаларим таомдаги туз кабидир. Таом фақат туз билангина мазали бўлади”, дедилар».

Ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳум) ғаразгўй фитначилар томонидан шаҳид этилди. Фитначилар шу ишлари билан мусулмонлар орасида бўлиниш пайдо қилишди. Дунёга Ислом зиёсини тарқатиб келаётган баракали уммат орасига дарз тушди. Олдинлари ихтилоф нималигини билмаган мусулмон умматининг пешқадамлари – саҳобаларнинг кўплари ҳалок бўлишди. Халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ўлими билан боғлиқ воқеалардан то Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ўлдирилишигача бўлган ҳодисалар мўминлар учун катта мусибат эди. Аммо у зотларнинг фазилатларию қаҳрамонлиги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрганган гўзал хулқ ва одоблари қиёматгача инсонлар учун намуна бўлиб қолди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (2-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп қилинган. Нашриётдан харид нархи 30000 сўм