Мақолалар

“Икки зид нарса бир жойга жам бўлмайди”

Чоп этилди Aprel 17, 2019 “Икки зид нарса бир жойга жам бўлмайди”da fikr bildirishni o'chirish

Бу қандай гўзал даргоҳки, йўлининг илк манзили бундай шарафга эгадир. Қандай улуғ ва қандай буюк мақомдирки, унга минглаб муқарраб (яқин) майдонларнинг аввалгиси бундай даража ва юксакликка эга. Ҳақ таоло фармон қиладики:

Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл су­раси, 97-оят).

Инсоннинг ҳузур ва оромгоҳи  дунё экан, ҳаётнинг хусусияти ғурур-алдовдир.

“Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир” (Оли Имрон сураси, 185-оят). Ҳузур ва ҳаловат макони дин ва Ҳақ таолонинг шариати бўлса, унинг сифати “яхши ҳаёт” бўлур:

Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз (Наҳл сураси, 97-оят) .

Борлиқ ва коинотнинг айланишини ҳамда ҳечлигини билолмаган, коинот сиррига ўзи ва ўзлигидан бехабарлиги туфайли огоҳ бўлмаган жоҳилни кўзи очиқ деб бўлмайди. Кўзи очиқ киши шариат мулкини бус-бутун кўрадиган инсондир. Зеро, шариат – нафс ва коинотнинг султонидир.

Махлуқотнинг сарвари, пайғамбарлар ва умматларнинг муқаддами, дин ва шариат раҳбари ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом) бу ҳаёт манзили ҳақида гапириб айтдиларки:

“Ислом – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришинг, намозни адо этишинг, закот беришинг, ҳажга боришинг ва рамазонда рўза тутишингдир. Буларни бажарсанг бас, сен – мусулмонсан” (Имом Муслим. Имон. 1-ҳадис; Имом Абу Довуд. Суннан. 16-ҳ.)

Ҳазрати пайғамбар бу ҳаёт манзилларининг аввалгиси дини ислом эканлигини таъкидладилар. Чунки инсон дунё лаззатлари билан фароғат топишдан йироқлашмагунча, диний вазифаларни ҳаққи билан адо этолмайди. Бир қалбда икки зид нарса ўрнашолмайди, келиша олмайди. Кўнгил дунё завқларига асир экан, ислом шарафи ва шонидан узоқлашиб, тубанлашиб бораверади. Натижада исломий тасалли мақоми хароб бўлиб, дунёвий завқу сафога тегишли таскин макони маъмур ва обод бўлади. Зеро, “Икки зид нарса бир жойга жам бўлмайди”.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг “Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп қилинган. Нашриётдан харид нархи 13000 сўм