Мақолалар

Хаттотлик санъати

Чоп этилди Aprel 19, 2019 Хаттотлик санъатиda fikr bildirishni o'chirish

Бугун қайта чирой очаётган тарихий обидалар, уларнинг пештоқидаги хаттотлик намуналари киши эътиборини ўзига тортади. Айниқса, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.

Таҳририятимизга келаётган кўплаб мактублар орасида хаттотлик тарихи, хаттотлик мактаблари ҳақида маълумот беришимизни сўраб ёзилган хатлар талайгина. Ана шу талаб ва истакларингизни инобатга олиб, қуйидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Ўрта Осиё хаттотлик санъати тараққиёти тарихига бир назар солсак, VII–X асрларда Араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Макка, Кўфа ва Басрада яратилиб, кейинчалик халифаликнинг бошқа ҳудудларига тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келганини билиб оламиз. Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) каби хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратганлар.

XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди. Шу даврдан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди.

XV асрда Темурийлар сулоласи ҳукмдорларининг қўллаб-қувватлашлари билан вужудга келган Ҳирот хаттотлик мактаби Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил) каби вакиллари билан элга танилган.

XVI асрда Шайбонийлар сулоласи хонлари саъй-ҳаракатлари билан асос солинган Бухоро хаттотлик мактаби Мирали Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Аҳмад Дониш (1826–1897) каби вакиллари билан шуҳрат қозонди.

XVIII аср бошларида Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудида Хоразм ва Фарғона хаттотлик мактаблари, XIX асрда эса Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланди.

Хоразм хаттотлик мактаби ўзининг Мунис Хоразмий (1778–1829), Комил Хоразмий (1825–1899) каби намояндалари билан танилган бўлса, Фарғона хаттотлик мактаби Мирзо Мирзо Шариф Дабир (XIX аср), Муқимий (1850–1903), Самарқанд хаттотлик мактаби Очилдимурод Мирий Каттақўрғоний (1830–1899), Абдулжаббор Ургутий Самарқандий (1885–1910), Тошкент хаттотлик мактаби эса Муҳаммад Юнус Котиб (XIX аср) ва Муҳаммад Шоҳмурод Котиб (1850–1922) каби вакиллари билан машҳур бўлди.

Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган.

Юртимизда шаклланган хаттотлик мактабларининг энг машҳур вакилларидан айримлари тўғрисида қисқача маълумот бердик. Умид қиламизки, ушбу маълумотлар газетхонларда машҳур хаттот аждодларимиз тўғрисида бир оз бўлса-да, тасаввур уйғонишига ёрдам беради.

 

Ғафуржон РАЗЗОҚОВ,

Бухоро вилоятидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан