Мақолалар

Тўйдаги хурсандчилик

Чоп этилди Aprel 19, 2019 Тўйдаги хурсандчиликda fikr bildirishni o'chirish

Жоҳилият даврида тўй тантаналарида маст қилувчи ичкиликлар ичилар, чолғулар чалиниб, жориялар қўшиқлар куйлаб, рақсга тушар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом нубувват даври бошланишидан бурунлари ҳам бундай тўйлардан муҳофаза қилинганлар. Амакисининг ишларига ёрдам бериш учун қўй боқиб далага чиқиб кетган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шу чўпонликлари сабаб бўлиб кўп вақтларини шаҳардаги бемаъни кўнгилхушликлардан йироқда ўтказар эдилар. Бир, икки марта тўйларга яқин борган бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан тўй тантаналари бошлангунга қадар ухлаб қолган эдилар. Бу ҳақда ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

“Жоҳилият ёшлари қилган ишларнинг бирортасини қилмадим. Фақат икки марта қилишимга оз қолган эди, Аллоҳ таоло паноҳида асради. Амакимнинг қўйларини боқиб юрган кечаларнинг бирида дўстимга маккалик ёшлар билан бир оз шаҳар айланиб келиш учун Маккага бормоқчи эканимни айтиб менинг ҳам қўйларимга қараб туришини илтимос қилдим. У рози бўлди ва мен Маккага жўнадим. Маккага кираверишда қулоғимга чолғу овози эшитилди. Ўша тарафга қараб юрдим ва одамлардан “Бу нима?” деб сўрадим. “Тўй бўляпти, фалончи одам, писмадончининг қизига уйланяпти”, дедилар.  Ўтириб тўйни томоша қилишни истадим ва ўтирганим заҳоти ухлаб қолибман, тонг ёришганда уйғондим. Қаттиқ ухлаганимдан тўйнинг садосини ҳам эшитмабман. Эрталаб дўстимнинг ёнига қайтиб бордим. Мендан шаҳарда нима қилганимни сўради. Мен ҳеч нарса қилмаганимни айтдим. Маккага кириб борганим  ва ухлаб қолганимни гапириб бердим. Аллоҳга шукрки, шу воқеадан кейин нубувват келиб саодат йўли очилгунига қадар бундай жойларга бориш хаёлимга ҳам келмади” (Байҳақий. Далоил ун-нубувват, 2/33-34) .

Ушбу ҳадиси шарифдан аён бўладики, жоҳилият давридаги тўйларда эркак-аёл жам бўлиб ўтирган, аёллар ҳаддан очиқ кийинган, маст қилувчи ичимликлар ичилган, кўнгилхушлик учун, эркак-аёлни жазавага солиш учун чолғулар чалиниб шовқин-сурон қилинган. Раббимиз Пайғамбар алайҳиссаломни ҳали жуда ёшлигиданоқ бу каби тўйларда қатнашишдан асраган.

Нубувват даври бошланганида эса Пайғамбар алайҳиссалом тўйларни қандай ўтказиш кераклигини ўргатдилар. Яъни уйланган кишини бошқа мусулмонлар бахтиёр онларида қутлаши ва қувончига шерик бўлишини айтиб, бу ишларнинг йўл-йўриқларини кўрсатиб бердилар.

Аллоҳнинг Расули оила қурган жуфтликнинг ушбу қувончли кунини инсонларга эълон қилишини амр қилдилар. Фақат бунда созлар чалиб, очиқ-сочиқ қилпиллашлардан узоқ бўлган чинакам маънавий усулни муносиб топдилар.

Тўй маросимининг асл мақсади – жамиятда янги бир оила барпо бўлганини элга эшиттирмоқдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Никоҳни эълон қилинг, уни масжидларда қийинг, кейин эса чилдирма чалинг.”, деб марҳамат қилганлар  (Имом Термизий. Никоҳ, 6; Имом Насоий. Никоҳ, 72). 

Саҳоба аёллардан Рубайй бинт Муоввиз  розияллоҳу анҳо бундай деганлар: «Менинг тўйимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар. Ўшанда хизматчилар чилдирма чалиб Бадр куни шаҳид бўлган оталаримизга атаб марсия айтаётган эдилар. Улардан бири: “Орамизда эртага нима бўлишини биладиган Пайғамбар бор” маъносида мисра айтди.  Буни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом: “Бундай дема, айтаётганингни давом эттиравер”, дедилар (Термизий. Никоҳ, 6; Имом ибн Можа. Никоҳ, 21).

Пайғамбар алайҳиссалом сўзларида ширк, ҳаромни мақташ, ахлоқсизликка ундаш каби унсурлар бўлмаган қасидаларни куйлашдан қайтармаганлар. Тўйларда илоҳий, эзгуликка даъват этувчи қўшиқларни куйлаш жоиздир.

Музаффар АЪЗАМ,

Яшнаобод туманидаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби