Мақолалар

Бахт ўз оилангдан бошланади

Чоп этилди Aprel 19, 2019 Бахт ўз оилангдан бошланадиda fikr bildirishni o'chirish

Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором ТОШМУҲАММЕДОВА билан мулоқот

Инсон ҳаётда, жамиятда қандай ўрин, мавқега эга бўлишида унинг оилада олган тарбияси, кўникмалари жуда аҳамиятли. Шу боис сиз раҳбарлик қилаётган марказ зиммасига қўйилган вазифа, масъулият юки салмоқли, жиддий…

– Ҳа, оила – жамият занжирининг бир ҳалқаси. Тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам оила муқаддаслигини асраган, унинг ўзаро ҳурматэътибор, садоқат ва поклик, ишончу оқибатга асосланган қадриятларига амал қилган жамият аъзолари маънавий юксаклиги билан ҳам ажралиб туради. Бахт ўз уйингдан бошланади, деган ибора ҳам бор. Шахсан Юртбошимизнинг кўрсатмалари билан ташкил этилган марказимиз ходимлари юртимизда мустаҳкам оилалар сафи кўпайиши билан жамиятимиз ҳар жиҳатдан ривожланишига ҳисса қўшишни масъулият ҳам шараф деб биладилар.

Республикамизда оилаларни мустаҳкамлаш, уларда соғлом турмуш тарзи барқарор бўлиши, соғлом она ва бола камолга етиши учун изчил тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шунга қарамай, оилавий ажримлар ва бунинг оқибатида қалби кемтик бўлиб қолган болалар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани – жамиятимизнинг дарди. 2018 йилда юртимизда қанча ажрим кузатилди, қанча оила сақлаб қолинди?

– Ўтган йили тузилган никоҳлар 2017 йилга нисбатан бирмунча ортиқ бўлди.
Лекин афсуски, ажримлар ҳам кўпроқ қайд этилди. Яъни, ўтган йили янги қурилган 311,4 минг оиладан 32,3 мингтаси шу йилнинг ўзида ажрашиб кетди. Улар орасида фарзандли бўлганлари ва фарзанд кутаётганлари оз эмас.

Марказимиз мутахассислари ўтказган тадқиқот натижалари кўпчилик ёшлар оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, бирбирини тушунмаслиги, турмушда муҳим билан номуҳимни ажратолмаслиги каби ҳолатлар ажримларга сабаб бўлаётганини кўрсатди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари ҳар бир нотинч оиланинг муаммоларини ҳар тарафлама ўрганиб, уларнинг ечимини топишда психолог, ҳуқуқшунос, тиббиёт ходимлари, имом-хатиблар, отинойилар билан ҳамкорлик қилинди. Ўтказилган суҳбат, тушунтиришлар натижасида ўтган йили ажрашиш арафасида турган 25 мингдан ортиқ оила яраштирилди. Шу оилаларда тарбияланаётган 36 мингдан ортиқроқ ўғил-қиз ярим етим бўлишининг олди олинди.

Ачинарлиси, бир неча йиллик турмушдан кейин, болалари улғайиб, катта бўлиб қолган эру хотинлар орасидаги ажримлар ҳам оз эмас. Эру хотин ўртаси да ўзаро ишонч йўқлиги, хиёнат, моддий етишмовчиликлар, ичкиликка ружу қўйиш, аёлга зулм қилиш, эркакнинг оилани моддий таъминлашга харакат қилмаслиги, чет элга кетган эр ёки хотиннинг оиласи билан алоқасини бутунлай узгани, оила ҳаётига қариндошларнинг аралашуви, оила яшаш шароитининг талабга жавоб бермаслиги, аёлнинг оилада мутлақо ҳуқуқсизлиги ва унинг ишлаши ёки ўқишининг тақиқланиши ажримларнинг асосий сабабларидир.

Кўриниб турибдики, муаммолар асосан эру хотиннинг маънавий-маърифий жиҳатдан тарбияси камлиги, дунёқараши торлиги, рўзғорда учраши мумкин бўлган қийинчиликларни енгишга сабр-тоқати етишмаслиги билан боғлиқ.

– Шунинг учун ҳам бугун юртимизда оилавий ажримлар муаммосини ўрганишга кенг илмий жамоатчилик жалб этилмоқда. Чунки нотўлиқ оилаларнинг кўпайиши, болалар ва ўсмирлар ўртасида қонунбузарлик, шунингдек, назоратсиз қолган болалар сонининг ортиши, ёлғизлик, қариндошларнинг ўзаро муносабатлари ёмонлашуви каби ижтимоий муаммоларнинг илдизи оилалардаги носоғлом муҳитга бориб тақалади.

Яна бир салбий ҳолатни айтиш керак: жойларда баъзан куёв томоннинг қандайдир сабабни рўкач қилиши ёки келин-куёвнинг маълум муддатда албатта ФҲДЁдан ўтиши ҳақидаги ваъдасига ишониб хуфия никоҳ ўқиттириш билан қизини узатиб юборадиганлар ҳам учраб туради. Фарғона шаҳрида аввал уйланган йигитнинг онаси: “Ўғлим биринчи хотини билан яшолмади. Судга ариза ташлаб қўйган, яқинда қонуний ажрим бўлади. Ҳозирча қизингизга шаръий никоҳ билан уйланиб турсин, кейин ФҲДЁдан ўтишади”, деб келин томонни ишонтиришган. Тўйдан тўрт ой ўтиб, куёв биринчи хотини билан ярашиб олган, иккинчи келин эса ҳомиласи билан отасиникига қайтиб келди. Шошма-шошарлик билан гулдек қизини қонуний хотини ва фарзанди бўлган йигитга берган ота-она ҳам, расмий ва жамоат ташкилотлари ҳам иккинчи келинга ҳеч қандай ёрдам беролмади. Яна бир бўлиб ўтган воқеа: туманларимиздан бирида келин тўйдан ўн беш кун ўтиб ўз уйига қайтиб келди. Сабаби… қизнинг ота-онаси куёв томоннинг йигитни ўзлари тиббий кўрикдан ўтказганлари, ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳақидаги гапларига ишонишган; йигит-қизнинг ФҲДЁдан ўтишга ариза ташлаш муддатини кечиктиравергани сабабига умуман эътибор беришмаган. Куёв томоннинг, “тўйдан кейиноқ ФҲДЁга боришади”, деган ваъдаси билан тўйни ўтказишган-у, ҳафта ўтмай йигитнинг руҳий касаллиги маълум бўлган. Афсуски, бу каби мисоллар жуда кўп.

Қиз болани ўз муносибига, ҳурмат-иззати билан, шошма-шошарлик қилмай, давлат қонунларию шариат кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда узатган ота-она, аввало, фарзанди, қолаверса, ўзларининг эртанги хотиржам ҳаётига асос қўйган бўладилар. Афсуски, жойларда норасмий никоҳлар билан оилалар қурилаётгани норасида болаларнинг етим қолиши, аёлларнинг рўзғор юкини зиммасига олишига сабаб бўлмоқда. Норасмий никоҳ билан осонгина уйланиб олган айрим эркакларнинг эрлик, оталик масъулиятини ўзидан соқит қилиши ҳам жуда осон кечмоқда. Бундай вазиятда болалари билан ёлғиз қолган аёл қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиши ҳам қийин. “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказимиз бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда жойларда тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Оилавий муаммоларга илмий-таҳлилий ёндашиб, чиқарилган хулосалар қоғозлару ҳисоботларда қолиб кетмай, ҳаётга самарали татбиқ этилиши учун нималар қилинмоқда?

Ёшлар мустаҳкам оила қуришни астойдил хоҳлашади, лекин юқорида айтилганидек, эру хотинлик ҳаёти билан боғлиқ билим ва малакалари камлиги ёки умуман йўқлигидан турмуш муаммоларини ечишда қийналишяпти. Шундан келиб чиқиб, ёш келин-куёвлар учун “Мустаҳкам оилага йўлланма” деб номланган ёндафтарча, “Оила сабоқлари” номли мобил илова, ўн бешдан ортиқ ижтимоий роликлар тайёрланди, уларнинг тарғиботи кенг йўлга қўйилди. Ўтган йили Тошкент вилоятининг Паркент туманида “Ёш оила қурувчилар учун” тажриба сифатида ташкил этилган мактабда ҳафтанинг ҳар шанба куни оила қуриш арафасида турган йигит-қизларга ўқув машғулотлари ташкил этилди. Кузатувлар бу мактаб ўқувчилари ҳаётида ижобий самара бераётганини кўрсатмоқда. Шунинг учун мазкур тажриба бошқа ҳудудларга ҳам ёйилмоқда.

– “Оила” илмий-амалий маркази билан “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари,
“Ислом нури” газетаси жамоалари қайси масалаларда ҳамкорлик қилиши хайрли бўлади, деб ўйлайсиз?

– Бу нашрлар юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўзининг минг-минглаб ўқувчиларига эга. Уларда босилаётган оила муқаддаслиги, ажримларнинг олдини олиш, шарқ оиласида эр-хотин муносабатлари, фарзанд тарбияси, шахслараро муносабатлар ва миллий қадриятларнинг моҳиятини тарғиб қилувчи мақолалар, ҳикматли сўзлар бизнинг фаолиятимизда ҳам дастуриламал бўлмоқда. Муқаддас Ислом динимиз таълимотининг оилавий муносабатларга оид масалаларини халқимиз онгига сингдириш, уларга амал қилиб яшашга қалбларда муҳаббат, рағбат уйғотиш энг савобли, муҳим ишларимиздан. Шунингдек, айни борадаги ибратли тажрибаларни оммалаштириш, муаммоларга кўпчиликнинг фикру мулоҳазалари асосида ечим излашда ҳам ҳамкорлигимиз хайрли бўлади, деб ўйлаймиз.

 Муҳтарама УЛУҒОВА суҳбатлашди.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан