Мақолалар

САБРНИНГ ДИНДАГИ ЎРНИ

Чоп этилди Aprel 18, 2019 САБРНИНГ ДИНДАГИ ЎРНИda fikr bildirishni o'chirish

Имоннинг афзали сабр ва жўмардликдир.

Сабр ҳар ишнинг бошидир. Сабр этганлар зафарга эришади. Сабр билан хом нарса холвага, япроқ эса атласга айланади.

Кексаларнинг ёмони шаҳватларига сабр этмаган, бесабр, дарғазаб ва бадхўй ёшларга ўхшаганларидир. Шунингдек, қўшнилар билан яхши муносабатда бўлмоқ, улардан етадиган азиятларга сабр этмоқ ҳам осон иш эмас. Сабри бўлмаган киши қўшнилари билан яхши муносабат ўрната олмайди. Сабр ҳар бир кишига, ҳар бир олимга хос хислат эмас. Унга ноил бўлмоқ масаласи асл имонга ва ҳақиқий илмга боғлиқ.

Нафл ибодатларнинг энг афзали машаққат, ғам ва кадарлардан қутулмоқни кутмоқдир. Бунга сабр дерлар. Савоби жуда улуғ, саноқсиз ва ҳисобсиздир. Ҳаво ҳамма вақт булутли бўлмайди. Албатта, булутлар тарқайдиган кун келади. “Кун туғмасдан нима туғади”, дейдилар.

“Дин илмини ўрганмоққа ғайрат қил. Чунки илм мўминнинг дўстидир. Ҳилм унинг вазири, ақл далили ва охиротда унинг ҳимоячисидир. Эзгулик устуни ҳисобланувчи сабр эса аскарнинг амири мақомидадир”.

Ҳадиси шарифда сабр қўшиннинг лашкарбошиси каби сифатланибди. Илло, лашкарбошиси бўлмаган қўшиннинг  ҳоли қанчалик хароб бўлса, бесабр кишининг, хусусан, олимнинг ҳам ҳоли шу қадар харобдир. “Сабрнинг сўнгги саломатликдир”, дейдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга меҳрибон бўлиб, илмида комил ва айни замонда омил, ҳалим, салим, гуноҳлардан ва ярамас иллатлардан қочувчи, мулойим табиатли, сабрли, сўзида турадиган, вазмин, дунёси учун охиратини ва охирати учун дунёсини барбод этмайдиган севикли қулларидан айласин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп қилинган. Нашриётдан харид нархи 5000 сўм