Мақолалар

Бадан – шариат вазифаларини бажарувчи ҳаммолдир

Чоп этилди Aprel 18, 2019 Бадан – шариат вазифаларини бажарувчи ҳаммолдирda fikr bildirishni o'chirish

Агар биров сўрасаки: “Одам (алайҳиссалом) фарзандлари иссиқ ва совуқ, фойда ва зарар, очлик ва ташналик, яланғочлик каби нафсу ҳаво орзуларини қондиришда тафовутли ва асло бир-бирларига ўхшамаслар. Бу табиий хоҳишлар ичида бўлгач, улардан бирортаси ҳам ислом ҳақиқатига тўла эриша олмайдими?

Жавоб: Аллоҳ муваффақ айласин.

Билгинки, ейиш-ичиш, кийиниш, уйланиш ва рўзғор тебратиш эҳтиёж даражасида бўлса, динга мувофиқдир ва ислом ҳақиқатларига зид эмас. Қачонки, диний ишлар, шаръий вазифалар ва исломий арконлар мусулмон кишининг ҳузур-ҳаловат маконига айланса-ю, нафсоний лаззатлар унинг исломий ғоясига кўра қабиҳ ва нохуш кўринса, бу табиий хоҳишлар эҳтиёж даражасида қондирилган бўлади. Агар дунё завқларисиз кун кечиришнинг имкони бўлганда эди, инсон уни ўзига зарурий бир ғанимат дея билган бўларди. Лекин инсон жисмоний ҳаётининг давом этиши учун зарурат юзасидан ейди, ухлайди ва дунёвий орзуларининг машаққатига сабр қилади, нафсоний лаззатларнинг аччиқ шарбатига чидайди. Чунки бадан – дин омонат топширган бир уловдир ва шариат вазифаларини бажарувчи ҳаммолдир. Бадан дин йўлида ғозийнинг отидан ва ҳожининг туясидан афзал бўлмаганидек, тубан ҳам эмас. Жиҳод ва ҳаж йўлида от ва туяга ем-хашак бериш Ҳаққа ибодат ва диний амаллардан бўлса, бундан ҳам афзалроғи – шариат ҳукмларини ва дин аҳкомларини бажарувчи баданни таомлантириш – Ҳаққа итоат ва яқинлик қилишдир.

Ҳою-ҳавасларга эргашиб, нафс васвасаларига бўйсуниб, шариатга хилоф амалларни бажариш учун баданини таомлантирган инсон от ва туяга ем-хашак бериб, уларнинг кучи билан йўлтўсарлик қиладиган қароқчи ёки бир мусулмонни ноҳақ ўлдириш учун қиличини қайраган кишига ўхшайди. Олимларнинг иттифоқига кўра, бундай қабиҳ мақсадда емиш бериш ва қилич қайраш ҳаромдир. Шайтоннинг йўлидан юрадиган бадан уловига емиш бериш, ундан ҳам баттарроқ ҳаром ишдир.

Яна юқоридаги мавзуга қайтадиган бўлсак, баданнинг шариат юкини кўтариши, диний вазифаларни адо этишга доим тайёр туриши, исломий фармонларга бўйсуниши ва ниҳоят инсоннинг нима еб-ичаётганию қандай кийинаётганига эътибор қилиши Ҳақ таолога итоат ҳамда хайрли ишдир. Дин билан тасалли топган, Ҳақ зикри билан ҳузур-ҳаловатга эришиб, саодатли бўлган кишининг етти қават осмон ва ерга ҳеч қандай душманлиги, қаршилиги ва эътирози қолмайди… Натижада бу бири кам ноқис-маъюб дунёда, оқибатсиз саройда, алданиш ва васваса диёрида маъмур, мустаҳкам бир руҳий ҳузур маконига эришади. Энди унинг ҳиммат қуши улуҳият самоларида қанот қоқади. Тили сирда ва Мавлонинг зикрида бўлиб, бадани ҳароратдан эрийди ва диний ҳузур, унсият-муҳаббат макони янада маъмур ва обод ҳолга келади. Ва у ўша Ҳаққа бўлган унсияти билан тирик ва ҳаётдир. Қуйидаги оят шундай солик ҳақидадир:

“Ўлик (кофир) бўлган одамни (ҳидоят билан) тирилтириб, унга одамлар ичида ўзи билан олиб юрадиган нур (имон)ни берганимиздан кейин (у) зулматлар ичида (қолиб,) ундан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?! Шунга ўхшаш, кофирларга ўз ишлари зийнатли (кўринадиган) қилиб қўйилди” (Анъом сураси, 122-оят). Бу:

Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз (Наҳл сураси, 97) оятининг сирридир. Ислом ҳақиқати эса мана шудир:

“Кишининг беҳуда нарсалардан узоқлашуви, унинг гўзал мусулмон эканлигидандир”[1]. Бундай мусулмончиликнинг маъноси:

Қўли ва тилидан бошқа мусулмонлар хотиржам ва омонда бўлган киши ҳақиқий мусулмондир”[2] ҳадиси шарифида ифодаланган. Бу исломнинг меваси.

Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришинг, намозни адо этишинг, закот беришинг, ҳажга боришинг ва рамазонда рўза тутишингдир[3].

Биз юқорида шарҳлаган таскин ва хотиржамлик мақоми ҳар қанча улуғ мартаба бўлса ҳам, олтину жавоҳир диёрининг чеки, соф ва покиза дурри ва махлуқот лаззатларининг ниҳояси бўлса-да, Ҳақ таоло томонидан қўллаб-қувватланган кишилар йўлининг илк қадами, тавба қилувчи ва Ҳаққа қайтувчилар фатҳу зафарларининг бошланишидир. Ҳазрати пайғамбар (алайҳиссалом) бунга шундай ишора қилганлар:

Ислом Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришингдир”.

Шаръ олами ва дин дунёсидаги иккинчи тасалли ва ҳузур маскани ҳақида шариат раҳбари ва тариқат кашшофи ҳазрати Муҳаммад (алайҳиссалом) шундай ишора қилган:

Имон Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират куни қайта тирилишга, яхшилик ва ёмонлик ҳамда тақдирнинг Аллоҳдан эканига ишонишдир”[4].

Баданий нофила ибодатларни ўзгартириш, нафсу ҳаво айбларини тафтиш қилиш ва имон оламига етишишлик билан хонақоҳ муриди ва Ҳақ ҳузурининг солики дунё сафоларидан қўл силташи лозим. Ҳамда диний масалаларни англаб етишда ҳимматини баланд тутиши керак.

Ҳақиқат йўлининг чўққисига эришганларнинг қаноати бундай: дилни нафл ибодатлар билан обод қилиш танни нафл ибодатлар билан обод қилишдан афзалроқдир. Яъни кўнгил ва нафснинг нофиласи бадан нофиласидан фазилатлироқ. Фикрда тан амаллари нофиласи ва дил амаллари нофиласини жамлаш тартиби пайдо бўлса, уларни жамлаш керак. Чунки бу нофилалар умрининг охиригача зоҳирию ботинини обод қилувчи хизматкордир. Аммо уларни бирлаштириш бир вақтнинг ўзида имконсиз бўлгани сабабли, кўнгилга риоя қилиш мақбулдир. Ахир кўрмайсанми, рўза – бу танни сақлашдир ва кўнгил ҳамда фикрга мухолиф эмас. Демак, мурид уларни бирлаштириши керак.

Басират аҳли демишлар: инсонда имоний бир фикр пайдо бўлса, исломий амал унинг табиатига айланади. Ҳар иккаласини жамлаш имкони бўл­са, бирлаштириш лозим. Масалан, рўза ва тафаккур, эътикоф ва тафаккур ва ҳоказолар. Намоз, рўза, жиҳод ва ҳажни тафаккур билан, маъно-моҳиятига етган ҳолда жамлаш узрли бўлса, амрга мувофиқ фарзни бажариш фарз қарзини, суннатни бажариш эса пайғамбар (алайҳиссалом)га эргашиш масъулиятини бўйиндан соқит қилади. Тафаккур заифлашган вақтда эса нофилани адо этиш муриддан талаб этилган ишлардандир. Имон оламида тафаккур давом этаркан, унинг қалб ҳаётига мувофиқ бўлиши, кўнгилнинг обод этилиши ва яширин ширк (риё) ғуборининг ювилиб тозаланиши ҳам муриднинг ойдинлик йўли учун зарурий шартлардандир.

[1] Имом Термизий. Зуҳд. 11-ҳ.

[2] Имом Бухорий. Имон. 4, 5-ҳ; Имом Муслим. Имон. 64-ҳ.

[3] Имом Муслим. Имон. 1-ҳ.

[4] Имом Муслим. Имон. 1-ҳ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг “Ҳаёт мезони” асаридан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 13000 сўм