Мақолалар

Аҳком

Чоп этилди Aprel 18, 2019 Аҳкомda fikr bildirishni o'chirish

“Аҳком” сўзи луғатда “буйруқ”, “топшириқ”, “ҳукм” деган маъноларни англатади.

Истилоҳда эса: бу имтиҳон дунёда яшаши учун одам боласига бериладиган қисқа умр мобайнида бошидан ўтадиган турли хил жараёнлар билан боғлиқ қоидалар, ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларидан иборат ҳукмлардир. Пайғамбарлар ўз умматларини кейинги галда шу аҳкомларга даъват этган.

Барча пайғамбарлар, биринчи қисм – ақидада бир хил бўлган ва қавмларини шу ақидага, шу эътиқодга чақиришган. Кишиларнинг эътиқодини ислоҳ қилиш, тафаккурини тарбия қилиш ҳар бир пайғамбарнинг энг биринчи ўриндаги бурчи бўлган.

Иккинчи қисм – аҳкомларда эса фарқ бўлган. Баъзи олдинги ум­матларга ҳаром бўлган нарса кейингиларга ҳалол қилинган ёки аксинча. Чексиз илму ҳикмат эгаси Аллоҳ таоло ҳар бир қавмнинг ўз замонаси, яшаш шароити ва яна бошқа томонларига мос энг керакли, фойдали ҳукмни жорий қилган.

Юқорида келтирганимиз ҳар икки қисм бир сўз билан “дин” деб ифодаланган, номи “Ислом” дейилган. Жамики пайғамбарларнинг дини бир бўлган ва улар одамларни мана шу ягона динга даъват этишга юборилган.

Ислом одамлар ўртасида бир ота-онадан бўлган оға-иниларни­ки каби инсоний бирликни эълон этиш йўлини тутди. У жамият­даги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатди. Шу ўринда Қуръон инсонларга асл инсоний бирликларини эслатиб турадиган: “Эй инсонларЭй Одам фарзандлари! деган лафзлар билан кўп маротаба хитоб қилганини, шунингдек, бир дин фарзандларини миллати, тоифасини ажратмай: “Эй имон келтирганларЭй мўминлар!дея чақирганини мулоҳаза этиб ўтишимиз фойдадан холи эмас.

Ислом аҳкомларидаги инсоний ўзига хосликни шариат боб­ларининг ҳар бирида аниқ сезасиз. Намозда одамларнинг бар­часи Аллоҳ олдида баробар туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун мах­сус макон ажратилмайди. Рўзада ҳам одамлар амир, ё бой, ё ша­рифга ажратилмай, бир хил даражада очликни бошдан кечи­ради. Ҳажда одамлар бир хил кийим кияди. Бир хил жойда тури­шади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, куч­ли ва заиф, улуғ ёки омининг фарқи йўқ. Фуқаролик қонун­ла­рига қара­сак, одамлар ўртасидаги алоқаларда устувор қонуни­ят – ҳа­қиқат экани, қонунчиликдан кўзланган мақсад – адолат эка­ни, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ – зулмни даф этиш эканини кўрамиз. Жиноятга оид қонунларда эса, жиноят қилган ҳар қандай кишига жазо бир хил эканини кўрамиз. Ким ўл­дирса, ўлдирилади. Ким ўғирласа, жазоланади. Ким ҳаддан ошса, адаби берилади. Қотил олим ё жоҳил бўлишининг, мақ­тул амир ё деҳқон бўлишининг фарқи йўқ. Ёки тажовузкор мў­мин­лар­нинг амири ё тўқувчи эканининг, тажовуз қурбони ажам ё араб, шарқлик ё ғарб­лик эканининг эътибори йўқ. Ҳаммаси қонун назарида баро­бардир.

Одамларнинг барчасига дин аҳкомларини бажаришда, ирқла­ри, рангларидан қатъи назар, инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда шариат бундан ҳам юксакликка кўтарилди.

Аллоҳ таоло:

 «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукар­рам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик(Исро, 70), деб марҳамат қилган.

Одамларнинг ҳаёти, эътиқоди, илм олиши ва умр кечиришдаги барча ҳуқуқларига кафил бўлган бу ҳурмат уларнинг барчаси учун баробар эди. Одамларнинг ҳаммасига бир хил даражада кафил бўлиш давлатнинг мажбурияти эди. Инсонларни Аллоҳ муко­фот­лаши ва жазолаши асослари уларнинг зоҳир амалларига қараб эмас, балки ниятларига қараб бўлишини эълон қилган пайтда шариат юксакликнинг бундан ҳам юқори чўққисига кўтарилди. Ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга эмас, бал­ки қалбларингизга қарайди”, дейилган. Демак, жазолаш ва муко­фотлаш боиси ният экан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, амаллар ниятлар биландир. Ва ҳар бир киши ни­мани ният қилган бўлса, шу бўлади…”, деганлар. Аллоҳнинг ҳузу­рида мақбул ният – яхшилик, одамларга манфаат етказиш ва ҳеч қан­дай моддий ғараз ёки тижорий фойдани кўзламай Аллоҳнинг розилигини талаб қилишдир.

Қуръони каримда:

Эй имон келтирган бандалар! Парвардигорингизга ру­ку, сажда ва ибодат қилиб, яхшилик қилингиз! Шояд нажот топсангиз (Ҳаж, ,77) дейилади (бу оят сажда ояти бўлгани боис, ўқилганда сажда қилиш вожиб бўлади).

Дарвоқе, Аллоҳ таоло жорий қилиб қўйган боқий аҳкомларнинг замирида биз билмайдиган улкан ҳикматлар яширинган. Бу ҳикматларни англаш учун аҳкомларни амалга ошириш ва ҳаётимизга жорий этиш зарур.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган Нашриётдан харид нархи 34000 сўм