Слайдер

Ўзбекистон – Корея: масофа узоқ, кўнгил яқин

Чоп этилди Aprel 19, 2019 Ўзбекистон – Корея: масофа узоқ, кўнгил яқинda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 27 йил тўлди. Лекин икки давлат ўтмишига назар солинганда халқларимиз ўртасидаги алоқалар бир неча асрларга бориб тақалиши ойдинлашади. Самарқанддаги “Афросиёб” музейида сақланаётган деворий суратларда VII аср ўрталарида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Чосон элчисини қабул қилиш маросими акс эттирилгани бунга ёрқин мисол бўла олади.

Тарихан қарор топган муштарак алоқалар бугун изчил ривожланиб, кўлами кенгайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида Жанубий Корея инвестицияси иштирокида 31 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Биргина 2018 йилда 11 та қўшма корхона ташкил этилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга амалга оширган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш имконини берди, – дейди Самарқанд вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бўлим бошлиғи Темур Бозоров. – Бир йил ичида вилоятимизда кореялик ҳамкорлар билан бирга ўндан ортиқ корхона ташкил этилгани ҳам ана шу муштараклик самараси. Йил давомида вилоятимиз тадбиркорлари, туман ва шаҳар ҳокимларидан иборат делегациялар Кореяда бўлиб, ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришди. Ўз навбатида Жанубий Кореядан 3 та расмий делегация вилоятимизга ташриф буюрди. Ҳамкорликда бизнес форумлар, В2В форматдаги учрашувлар уюштирилди. Бу алоқалар натижасида ўтган йил умумий қиймати 77 миллион долларлик 4 та инвестицион лойиҳани амалга оширишга киришилди. Текстиль маҳсулотлари, замонавий иссиқхона хўжалиги, интенсив боғдорчилик ва туризм йўналишидаги ушбу лойиҳалар вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Бундан ташқари, йўл қурилиши, лалми ерларни ўзлаштириш, Самарқанд вилояти туризм салоҳиятини оширишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш борасида ҳам кореялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Умуман, ўтган йил Самарқанд вилояти ва Жанубий Корея минтақалари ўртасидаги товар айланмаси 22 миллион 474 минг АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди. Жорий йилда бу рақамнинг анча юқори бўлиши кутилмоқда.

Самарқанд таълим, кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам Корея билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйилган. Самарқанд давлат чет тиллар институтида корейс тили мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланади. Самарқанд давлат университети эса ўтган ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим муассасалари мутахассислари тайёрлашда Корея университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда касб таълими имкониятларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 2016 йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида ҳар йили 300 нафардан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда. Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, электроника ва асбобсозлик, пайвандлаш ишлари техниги, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар юртимизнинг турли ҳудудларидаги корхона ва ташкилотларда, шунингдек, хорижда меҳнат қилмоқда.

– Муассасамизда ўқиш истагида бўлган ёшлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда, – дейди марказ директори И.Эргашев. – Сабаби бу ерда тингловчилар ўзлари танлаган йўналиш бўйича замонавий ўқув дастурлари бўйича хориждан келган ва ўзимизнинг юқори малакали мутахассислар томонидан ўқитилади. Танлов асосида саралаб олинган йигит-қизлар албатта, ўз йўналиши бўйича мукаммал билим ва ҳунар олиши қатъий назорат қилинади. Энг муҳими, марказни битирганидан сўнг биз билан ҳамкорликда ишлайдиган корхона ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини бошлайди.

Кўп миллатли Самарқандда айни пайтда корейс миллатига мансуб беш мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улар вилоят ҳаётининг барча жабҳаларида фаол меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Самарқандлик корейсларнинг ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаши ҳамда давом эттириши учун ҳам кенг имкониятлар яратилди. Вилоятда корейс миллий-маданият маркази фаолияти кўрсатади.

– Жонажон юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакиллари каби биз ҳам ўз тақдиримиз, баxтимиз, келажагимизни шу муқаддас Ватан билан боғлаганмиз, – дейди Самарқанд вилояти корейс миллий-маданий маркази раиси Николай Ким. – Шу юртнинг фуқароси сифатида унинг равнақига ҳисса қўшишни ўз бурчимиз деб биламиз ва бу вазифани шараф билан адо этиб келаётган миллатдошларимиз кўплигидан фахрланамиз. Миллий-маданий марказимиз ана шу инсонлар фаолиятини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, бир неча минг йиллик анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш борасида самарали иш олиб бормоқда. Самарқанддаги бошқа миллий-маданий марказлар билан ҳамкорликда дўстлик фестиваллари уюштирамиз, турли миллатлар байрамларини биргаликда нишонлаймиз. Ўзбекистон ва Корея Республикалари Президентларининг дўстона муносабатлари ҳамда тез-тез учрашиб туришлари бизга ҳам кўтаринки кайфият бағишлайди, бундан руҳланамиз. Яқинда Корея Республикаси Президентининг юртимизга ташриф буюриши ва мазкур ташриф доирасида Самарқандда бўлишини эшитдик. Ҳозирда барчамиз ушбу тарихий воқеликни интиқлик билан кутяпмиз.

 

Ғ.Ҳасанов,

ЎзА