Мақолалар

“Оқработ ота” жоме масжиди

Чоп этилди Aprel 19, 2019 “Оқработ ота” жоме масжидиda fikr bildirishni o'chirish

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги “Оқработ ота” жоме масжиди 2004-2005 йиллари “Оқработ” маҳалласи аҳли томонидан ҳашар йўли билан барпо этилган, 2012-2014 йиллари замонавий тарзда қайта таъмирланди.

Илгари масжид фақат намозхонадан иборат эди. Ҳозирга келиб, 12 сотихли майдонда жоме хонақоси, узун ва кенг зал, маънавият хонаси, кутубхона, имом ва масжид ходимлари хонаси, қоровулхона қад ростлади. Таҳоратхонага тоғ этагидаги булоқлардан қувур орқали сув тортилди, қозонхона ўрнатилиб, иссиқ сув таъминоти йўлга қўйилди. Баландлиги 5 метр, айланаси 10 метр бўлган катта гумбаз эса масжидга ўзгача чирой ва виқор бағишлаб турибди.

Ўтган йили “Энг маърифатли имом” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичида “Энг обод масжид” йўналиши бўйича ғолиб деб топилди.

Динимизда масжид обод қилишнинг савоби улуғ. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг: “Ким Аллоҳдан савоб умидида битта масжид қурса Аллоҳ таоло унга жаннатда шунга ўхшаган бино қуради” деганларини эшитганман”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим). Уламолар ушбу ҳадисдаги “масжид қурса” сўзини имконият даражасида ёрдам берса, деб ҳам шарҳлашган. Шу маънода масжидимиз қурилишига бош қўшган инсонлар улуғ ажру савобларга эга бўлишди, иншоаллоҳ.

Сўнгги йилларда воҳадаги муқаддас қадамжоларга нафақат юртимиз, балки яқин ва узоқ хориж мамлакатларидан келаётган зиёратчилар сони янада ортиб боряпти. Уларнинг аксарияти “Тошкент – Термиз” магистрал йўли ёқасида жойлашган масжидимизга қўниб ўтади. Меҳмонлар намозхонларга яратилган шарт-шароит ва қулайликларни кўриб, хурсандчиликларини билдиришмоқда.

Юртимизда “Оқработ ота” сингари обод масжидлар сони тобора кўпаяётгани ислоҳотлар меваси, халқимизнинг бирдамлиги самарасидир.

Ғайрат БОЗОРОВ,

масжид имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан