Мақолалар

Маддоҳнинг мақтови…

Чоп этилди Aprel 21, 2019 Маддоҳнинг мақтови…da fikr bildirishni o'chirish

“Маддоҳ” сўзи луғатда “мақтовчи”, “хушомадгўй” маъноларини англатади. Ҳар кимни мақтайверадиган кишига нисбатан ҳам бу ибора қўлланилади. Ўринсиз мақтов инсонда кибр ва манманликни келтириб чиқаради. Зеро, Фиръавннинг: “Эй одамлар! Мен сизлар учун ўзимдан бошқа (бирор) илоҳни билмасман” (Қасас сураси, 38-оят), деб айтган даъвосига ҳам одамларнинг ҳаддан зиёд мақтови, хато ишларига кўз юмиб: “Тўғри қилдинг”, дея олқишлашлари сабаб бўлган.

Ўтмишда Бани Исроил Узайр (алайҳиссалом)ни кўкларга кўтариб, охири “Узайр Аллоҳнинг ўғли”, дейишгача борди. Зурриётлари эса Исо (алайҳиссалом)ни мақташиб: “Исо Аллоҳнинг ўғли”, деб залолатга кетишди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Насоролар Исо (алайҳиссалом)ни мақтаганидек мени мақтаманглар, албатта, мен Аллоҳнинг қулиман. Балки мени Аллоҳнинг қули ва элчиси денглар”, дея умматларига таълим берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир инсонни ҳаддан зиёд муболаға қилиб мақтаётган маддоҳга: “Ўша одамни ҳалок қилдинглар (ёки белини синдирдинглар)”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га бошқа бир кишини кўп мақтади. Набий (алайҳиссалом): “Ҳолинғга вой бўлсин! Ўртоғингнинг бўйнини уздинг-ку”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).

Иброҳим Таймий отаси Язид (раҳимаҳумаллоҳ)дан ривоят қилади: «Биз Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан ўтирган эдик. Даврамизга бир киши келиб, қавмдошини ўзига мақтай кетди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Ўртоғингни майиб қилдинг. Аллоҳ ҳам сени майиб қилсин”, деди». Бир одам роса Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)ни мақтаётганда Миқдод ибн Асвад (розияллоҳу анҳу) маддоҳнинг юзига тупроқ сепди. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу): “Нима қилаяпсан, эй Миқдод?” деб сўради. Миқдод деди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар маддоҳни кўрсангиз, унинг юзига тупроқ сепинг” (Имом Муслим), деганларини эшитганман.

Уламолар: “Маддоҳнинг юзига тупроқ сепишдан мурод – ўзи мақтаётган кишидан кўнглини совутиш ва умидини узиш учундир”, дейишган.

Баъзи ўринларда, масалан, болаларни рағбатлантириш ва яхши ишларга янада қизиқтириш учун мақтов сўзларни ишлатиш мумкин.

Уламолар: “Агар мақтов – имон ва ишончнинг камолоти тўғрисида бўлиб, мақталган кишини фитнага солмаса, кибрланишга олиб бормаса, жоиз. Аммо мақталаётган кишини кибр ва маъсиятга етакласа, мутлоқ ножоиз”, дейишган. Кишининг ўзига ўзини бўртириб мақташ – энг ёмон. Одамнинг йўқлигида, мақтов унга етиб боришини билатуриб мақташ ҳам дуруст эмас. Киши йўқлигида, мақтов унга етиб бормаслигини билиб мақташ эса зарарсиз. Фақат ота-онани ва устозни олдида ҳам, ортидан ҳам мақташ жоиз.

 Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдурасул ТОШПЎЛАТОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан