Мақолалар

Абу Толиб тарбиясига ўтишлари (Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Чоп этилди Aprel 19, 2019 Абу Толиб тарбиясига ўтишлари (Давоми. Бошланиши ўтган сонда).da fikr bildirishni o'chirish

Отаси Абдулмутталибнинг васиятича, Абу Толиб ҳам шу кундан бошлаб, вафот бўлгунчалик борлиқ куч-қуввати билан Пайғамбаримиз тарбияларига киришди. У зотни ҳимоя қилишда ҳеч қандоқ камчилик кўрсатмади. шундоқ бўлиб амакилари Абу Толиб тарбиясида ёшлари ўн иккига етди. У замондаги Қурайш халқининг ҳар йили савдогарчилик билан икки қайта сафарга чиқиш одатлари бор эди. Қиш фаслида Яман шаҳрига, ёз кунлари Шом вилоятига бориб савдогарчилик қилар эдилар. Шу одатларича Шом сафарига тайёрланган Қурайш карвонларига қўшилиб Пай­ғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб ҳам чиқмоқчи бўлди. Энди жўнар вақтида Пайғамбаримиз келиб, туянинг бурундиғига осилдилар:

– Эй амаки, мени кимга ташлаб кетасиз, мен сиздан ажрамайман, – деб кўзларига ёш олдилар.

Буни кўриб Абу Толибнинг кўнгли эзилди. Қариндошлик меҳри қўзғалиб, кўзига ёш келди ва сени ташлаб бу са­фарга чиқмайман, деб қасамёд қилди. Шунинг билан Пай­ғамбаримиз Абу Толиб туя­сига мингашиб сафарга чиқ­дилар. Ҳаво ғоятда исиган вақти эди, мана шу кундан бошлаб, Пайғамбаримизнинг бош-устиларига бир парча оқ булут чиқиб, соя солиб турди. Шом сафаридин қайтиб келганчалик шу булут сояси сира ажрамади.

Аллоҳ таоло ўз ҳабиби Пай­ғамбаримизга болалик кунларидин бошлаб шундоқ мўъжизаларни бериб, бошқа­лардан фарқли қилган эди. Макка шаҳри билан Шом вилоятининг оралиғи эрса туя юришида қирқ-эллик кун чамалик йўлдир.

Қурайш карвони бу йўллар­ни юриб, манзиллардин ўтиб, сўнгра Шом тупроғига кирдилар. Шу ерда Бусро шаҳри бўлиб, анинг яқинида бир сўфий, роҳиб, насоро роҳиблар ибодатхонаси бор эди. Ана шунда узун замонлардин бери Буҳайро (Баҳира) отлиқ бир обид ибодат қилиб ётур эди. Бу обид эрса Исо алайҳиссалом келтирган ҳақ динни тутган, у йўлдан адашмаган, Таврот, Инжил ўқиган катта олимлардин бўлиб, Пайғамбаримиз сифатларини бул китоблардан ўқиб билган эди. Ул айтур эдиким:

– Одам алайҳиссаломдин кейин кўп пайғамбарлар ўт­дилар. Энди барча пайғамбар­лар улуғи, Худонинг дўсти, охирзамон пайғамбари чиқар вақти яқинлашди. Ул ўзи араб наслидин чиққай, Макка шаҳрида туғилиб, Мадина шаҳрига ҳижрат қилгай, ёш болалик вақтида Шом тупроғига киргай, – дер эди.

Бир куни савмаъа (ибодат жойи, ҳужра) устига чиқиб, Мадина тарафига қараб туриб эдиким, йироқдин карвон қораси кўринди. Алар яқинроқ етиб келгунча пайқаб турди. Қараса, туя минган ёш бола тепасида бир парча оқ булут соя солиб турибдур. Баҳира роҳиб Таврот, Инжил китобларида ўқиган охирзамон пайғамбари сифатларини аниқлаб билиш учун узун тикилиб турди. Карвонлар ҳам қўшларини туширдилар. Пайғамбаримиз сўнгра бир дарахт тубига келиб ўтирдилар. Қараб турса, дарахт шохлари эгилиб келиб, устиларига соя ташлади. Мана бу кароматни кўриб, обид кўнгли қарор топди.

Дарров савмаъасига кириб, карвонлар учун бор зиёфат асбобини тортиб, бориб уларни меҳмонга чақирди. Карвон халқи ичида ҳаммадин кичикроғи Пайғамбаримиз эдилар. Араблар одатларича ёш бола деб қўш-қўлон сақлашга қолдириб, бошқалари зиёфатга ҳозир бўлишди. Роҳиб кўрдиким, Пайғамбаримиз келмабдурлар.

– Сизлардин ким қолди? – деб сўради. Алар эса:

– Улуғларимиздин ҳеч ким қолмади, бир ёш боламиздин бошқа барчамиз бормиз, – дейишди.

Бу роҳибнинг асл мақсади эса Пайғамбаримиз дийдорларини тўйиб кўриш эди. Исо алайҳиссалом башорат берган, Таврот, Инжилда сифатлари айтилган охирзамон пайғамбари эканликларини аниқлаб билиш эди. Карвон аҳлини зиёфат қилишдан роҳибнинг мақсади ҳам шу эди. Йўқ эса карвонлар бундан илгари қанча қайта бу жойдин ўтганларида бу роҳибдин ҳеч қандоқ илтифот кўрмаган эдилар. Шунинг учун яна киши юбориб, қўймасдан, чақиртириб келтирди. Кел­гандин сўнгра:

– Бу боланинг отаси сизлардин қайси биринглар? – деб сўради. Анда Абу Толиб:

– Мен отаси бўларман, – деб жавоб берганида, роҳиб айтди:

– Ҳой, андоқ бўлмаса керак эди, бу боланинг ота-онаси ўлган бўлиб, ўзи етим бўлиши керак, – деди. Абу Толиб айтди:

– Бу сўзингиз тўғридур. Сиз дегандек, боланинг ота-онаси ёш чоғида ўлиб кетгандур. Мен бўлсам, улар ўр­нида тарбият қилиб турган амакисидурман.

Бу сўзларни эшитган ро­ҳибга бу боланинг охирза­мон пайғамбарлиги аниқ бўлди. Таврот ва Инжилда айтилган сифатлари тўғри келди, деб кўнгли қаноатланди. Зиёфат ўтгандин сўнгра роҳиб Абу Толибни бир четга чақириб:

– Эй Абу Толиб, сизга хушхабар! Бу ўғлингиз воясига етса, Аллоҳ таолонинг ҳабиби, анбиёлар сарвари, охирзамон пайғамбари бўлур. Таврот ва Инжилда сифатлари ёзил­мишдур. Узун йиллардин бери савмаъада ётиб, шуни кутмоқ­да эдим. Алҳамдулиллоҳ, бугун мақсадимга етдим. Шом шаҳридаги яҳуд олимлари ҳам ўз китобларида бу воқеа­ни кўриб, алар ҳам кутиб тур­моқдалар. Чунки Аллоҳ таоло тарафидин пайғамбарларга берилган барча китобларда бу пайғамбарнинг сифатла­ри баён қилингандур. Шу жи­ҳатдан яҳуд, насоро олимлари бу ишдин хабардордурлар. Энди бундоқ улуғ даражали пайғамбарлар алардин бўлмай, араб наслидин чиққани учун ҳасадлари қўзғолиб, кўн­гилларида қаттиқ адоват сақ­ламоқдадурлар. Энди менинг сизга дўстлик сўзим шулки, Шом шаҳрига кирмасдин, болани олиб, сиз шу жойдин қайтинг. Мабодо унга душманлар қасд қилиб зиён-заҳматлар еткузмасун, – деди.

Абу Толиб ҳам бу роҳиб сўзини англаб, Шоми шариф ичига кирмай, карвон тушган жойда ишларини битириб қайтди. Энди ул жойдин карвон юриб, сиҳат-саломат Маккага етдилар.

Шундоқ қилиб, орадин ой, йиллар ўтиб, Пайғамбари­мизнинг ёшлари йигирмадан ошди. Ўзлари болалик вақтидан бошлабоқ одобли, кўркам ахлоқли, чин сўзли, юмшоқ кўнгилли, саховат қўлли, гўзал қилиғли, улуғ ҳимматли эдилар. Катта-кичик, яхши­-ёмон, дўст-душман барчага қилган ишлари ёқимли эди. Ўйин-кулгудин, ботил ишлардин кўнгиллари наф­рат қилур эди. Ул замондаги араб халқининг тутган бутпа­растлик динларидин ва ҳар хил бузуқ ахлоқларидин бек жирканур эдилар. Буларнинг тутган динлари ботил диндур, албатта, хато йўл бўлгай, деб ишонур эдилар. Бировдин кўрмасдин, ҳеч кимсадин ўр­ганмасдин Иброҳим Халилул­лоҳнинг ҳақ динларини тутган эдилар. Худо тарафидин кўнгилларига шундоқ илҳом бўлган эди.

Аввалда араб халқининг тутган динлари Иброҳим алай­ҳиссалом келтурган Ислом дини бўлса ҳам, бу ўртада узун замонлар ўтиши билан ул йўлдан адашиб, буларда бутпарастлик кўп ривож топган эди. Ичларида Қурайш қабиласидан Варақа ибн Наф­вал деган бир олим киши бўлиб, бутун араблар ичида Иброҳим (алайҳиссалом)­дин қолган ҳақ динни тутган ёлғизгина шу киши эди. Бу киши эрса, ҳазрат Хадича она­мизнинг амакиларидур. Таврот, Инжил китобларидин ўқиб кўриб дер эдиким:

– Охирзамон пайғамбари чиқар вақти яқинлашди. Шу кунларда туғилиб, сояси ер устига тушди. Ул араб насли, Қурайш уруғидин бўлиб, бутун халқни ҳақ динга даъват қилур. Унинг сўзига араблар инкор қилиб, қарши чиққайлар. Ўз қабиласидин унга кўп жабру жафолар етгай, охирида уни ўз шаҳри Маккадин қочишга мажбур қилгайлар. Кошки мен у замонда тирик бўлсам эди. Афсуски, у замонни кўришга умр оз қолди, – деб ҳар қачон шундоқ сўзлар билан ҳасрат қилур эдилар. Варақанинг шундоқ сўзларини эшитиб юрган онамиз Хадича:

– Агар бу улуғ давлат араб­лар ичида бировга насиб бўлса, албатта, Муҳаммаддан бошқага бўлмаса керак. Чунки унда ҳар бир яхшиликнинг белгилари бордур. Ўшандоқ зотнинг хизматига лойиқ бўлсам, никоҳларига кирсам, мен учун қандоқ улуғ бахт-давлат бўлур эди, – деб ҳамиша орзу қилар эди.

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан