
Маърифатга бахшида умр
“Қайси бир мусулмоннинг сочи Исломда оқарса, унга ҳар бир оқ тола баробарида савоб ёзади ва бир хатосини ўчиради” (Имом Абу Довуд ривояти).
Фарғона туманининг Чимён қишлоғидаги «Ҳувайдо» жоме масжиди имом-хатиби (ҳозир имом ноиби) Абдураҳим ҳожи ота Мўминов 1927 йили Чимён қишлоғида темирчи уста оиласида дунёга келди. Ҳаёти мобайнида турли жабҳаларда ишлаш билан бирга илм ўрганди. Оила қуриб, Аллоҳ насиб этган беш нафар фарзанд – икки қиз, уч ўғилни ҳалол едириб ичирди, тарбиялади.
Истиқлол шабадаси эса бошлагач, бир қанча қишлоқлар маркази бўлган Чимён қишлоғида “Ҳувайдо” жоме масжидини бунёд этишга киришилди. Маърифатга ташна, савобталаб Абдураҳим ҳожи Мўминовнинг ёнига Ҳамид ота Аҳмедов, Ғофурҳожи Чўтанов, Собир ҳожи Обидов, Абдураим Султонов, Муҳаммадкарим Тўхтасинов, Раҳим ҳожи Тешажонов каби кўплаб фидойи, саховатпеша инсонлар қўшилиб, янги масжид қурилиши бошланди. Ҳашарга бутун қишлоқ ва қўшни қишлоқлардан инсонлар кела бошлади. Замон талабига мос бўлган, шарқона услубда барпо қилинган намозгоҳда ҳозир ҳам қурилиш ишлари тингани йўқ.
Ушбу масжидга Абдураҳим ота 1989 йилдан имом-хатиблик қила бошлади. Домла ҳануз одамларни, айниқса, ёшларни илм олиш, маърифатли бўлиш, бирор касб эгаллашга даъват қилади. Шунинг учун бўлса керак, қишлоқда ёшларнинг ножўя оқимларга кириб кетиши кузатилмаган, оилавий ажримлар сони анчайин кам.
92 ёшни қарши олган ҳожи ота жума, ҳайит намозларида имомликка табаррукона ўтиб беради, минбарда маърузалар қилади. У кишининг ўгит ва насиҳатлари бизга дастуриламалдир.
Ҳусанбой ҚУРБОНОВ,
Халқ таълими аълочиси
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 3-сонидан