Мақолалар

Момолар

Чоп этилди Aprel 19, 2019 Момоларda fikr bildirishni o'chirish

Рамазон арафасида Аноргул момонинг боғидаги гилос мевалари бўзарди.
Саҳарлаб ҳовли атрофини супураётган Розия кампирнинг келини Дилобарнинг кўзи яшил барглар орасида чўғдай қизариб турган гилосларга тушиб кўнгли суст кетди. “Жуда шириндир, қани энди ҳозир тўрттагинаси бўлса…” Икки ҳовли ўртасида тўсиқ йўқ. Гилос дарахтининг катта бир шохи Дилобарларнинг боғи томонга эгилиб ўсган. Ҳосили ғуж-ғуж, қўл узатсанг етади. “Бир сиқимгина олсаммикин? Йў-ўқ!” – келинчак кўнглидан ўтган ўйидан уялиб кетди. Мева бировники, сўрамай олиш нотўғри. Устига-устак, икки кун олдин қўшни момолар орасида арзимаган сабаб билан
ола мушук ўтган. Шундан буён саломаликлари номигагина. Келинчак “қулт” этиб ютинди-ю, хаёлини чалғитиш учун бошқа юмушга уннаб кетди.

Сал ўтмай дарахт тагида бошига оқ дока рўмол ташлаган Аноргул кампир
кўринди. Невараси билан икки лаган мева теришди. Фозилжон ғириллаб аввал у,
сўнг бу қўшниникига гилос ташлаб чиқди. Ариқ бўйидаги гуллар тагини юмшатаётган
Дилобарнинг дили ғашланди: “Бизни четлаб ўтишди-я, наҳотки, кексалар ҳам болаларга ўхшаб аразлашса…”

– Дилобар қизим, энангизни чақиринг.

Келин ёнгинасига келиб қолган қўшнисига салом бериб, ўзини чеккага олди. Ҳарқалай, фарзанд кутаётган аёл кўздан панароқда бўлгани маъқул. Хом сут эмган банда-да, барибир, қизиқувчанлиги устун чиқди, аразлашган онахонларнинг кўришганини кўргиси келди.

Тавба, кампирлар орада ҳеч гап бўлмагандай қучоқлашиб кўришдилар. Аввалгидан
ҳам қуюқроқ ҳол-аҳвол сўрашишгач, Аноргул кампир салмоқлаб гап бошлади:

– Ҳали кўклам келмай туриб яхши ниятлар билан гилосимизнинг сиз томонга
қараб ўсган шохининг меваларини Дилобар келинимга атаганман. Қаранг, пишиб етилибди. Болаларингизга айтинг, ҳаммасини териб олишсин. Ана, неварам ҳам ёрдамлашади. Илоё, туғилажак фарзандини Худойим аҳли солиҳлардан қилсин, умри, ризқи рўзи билан берсин. Дуо қилайлик, энди бу ёғи Рамазонга
ҳам яқин қолди…

Дилобарнинг назарида офтоб чарақлаб, олам ёришиб кетгандай бўлди. Момоларнинг сўридаги суҳбати узоқ давом этди…

Содиқжон ИНОЯТОВ

Гурлан тумани

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан