Мақолалар

Дард ҳам неъмат

Чоп этилди Aprel 21, 2019 Дард ҳам неъматda fikr bildirishni o'chirish

Инсонга бериладиган дард ҳақида шундай хулосага келдим: у икки хил бўлар экан.
Биринчиси, кутилмаган, биз ёқтирмайдиган, кўзимизга ёмон кўринадиган, оғриқлари билан ҳузуримизни бузадиган жисмоний касалликлар. Иккинчиси эса ўзимиз “етиштирадиган” дард.

Кўпчилик, моҳиятига етмагани учун ҳам, дард неъмат эканини билмайди. У туфайли кимдир ҳидоятга эришса, кимдир исён қилади. Аллоҳни ҳақиқий таниган ва тақдирига рози бўлиб, менга Раббимнинг хоҳиши муҳим, деган дардли одамни учратмадим. Фақат китобларда кўрдим: улар авлиёлар, муқарраб бандалар эди.

Инсон сабрли, матонатли бўлса, Аллоҳ берган ҳар бир неъмат тотли, ҳикматли ва мукофотли бўлишини англайди. Касал бўлсам, шу туфайли ўзим билмаган қанча гуноҳларим кечирилишини, хатоларим, камчиликларимни афв этиш учун Раббим мени ўткинчи дард билан сийлаганини ўйласам, енгил тортаман.

Менда бундай туйғулар ўз-ўзидан эмас, ақидамни тўғрилаган, ҳаёт фақат бу дунёдагина эмаслигини билган кунимдан пайдо бўлди. Синовлар, дардлар менга қалбни поклаш, нафсни жиловлаш, охират захираси учун дунёдан фойдаланиб қолиш зарурлигини ўргатди. Умр омонатлигини, эртами индин қабрда ёлғиз
қолишимни, маҳшарда ўзим билан ўзим овора бўлишимни теран ҳис этган кунимдан хаётга бошқача назар билан қарай бошладим. Китоблар дўстимга айланди, вақтимни беҳуда сарфламасликка, охиратга қуруқ қўл билан кетмасликка ҳаракат қиляпман. Дард келса, шукр айтаман, оғриқ роҳатга айланади.

Бу билан ҳамма дард чекиб кўрсин, демоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, Аллоҳдан ҳар не келса, банда рози бўлсин, шукр қилсин экан. Дардни сўкиб бўлмайди, дардмандни ҳам. Чунки буни унинг ўзи сўраб ёки хоҳлаб олмади.
Банданинг ўзи сабаб бўлиб орттирадиган дард бу – қалб хасталиги. У Аллоҳни танимаслик ёки танишни истамасликдан келиб чиқади. Илоҳий буйруқларга итоатсизлик, умрни ўйин-кулгу билан ўтказиш, ёмон ишлардан тийилмаслик, ўзи билганича, ҳеч кимга наф келтирмай, Аллоҳнинг эмас, баъзи одамлар розилигини ўйлаб яшаш – қалб хасталиги аломатлари. Бу иллатлардан қутулиш учун инсон тафаккур қилиши, ўзлигини танишга, ҳаётдан, яшашдан асл   мақсад нималигини англашга интилиши лозим. Бу ишда тақво – Аллоҳдан қўрқув ва умид асос
қилинса, натижага тезроқ эришилади.

Мубина АББОСХОН қизи

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан