Мақолалар

ОТА-ОНА – ФАРЗАНД  УЧУН  НАМУНА

Чоп этилди Aprel 19, 2019 ОТА-ОНА – ФАРЗАНД  УЧУН  НАМУНАda fikr bildirishni o'chirish

Худди шундай. Халқ орасида “Ота-она фарзандига андоза”, “Онасини кўриб қизини ол”, “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Олманинг тагига олма тушади” каби пурҳикмат мақоллар кўп. Ота-она боланинг назарида энг олий намуна бўлиб қолаверади. Фарзанд истаса-истамаса, ота-онасига тақлид қилади. “Нимани эксанг шуни ўрасан” деганларидек, бола эсини танибоқ, ўз атрофидаги воқеликлардан ибрат олади.

Кекса киши бир оиладаги она ва бола ўртасидаги суҳбатни сўзлаб берган эди:

– Эндигина уйқудан турган беш яшар боладан онаси сўради: “Шокиржон болам, саломинг қани? Ҳар куни салом берардинг-ку тойчоғим?” Бола жим. Она эса ҳайронлиги ошиб, ўғлини олди ва меҳр билан ким хафа қилганини сўради. Бир оз ўзига келган бола бошини кўтариб:

– Кеча мени уришдингиз, – деди.

– Э, шунга хафа бўлдингми? Бу учун саломни тарк қилиш яхши эмас.

– Кеча дадам билан бирга кўчага чиқдик. Бир киши ёнимиздан ўтаётиб салом берди. Дадам индамадилар. Ҳалиги одам узоқлашгач, мен дадамдан алик олмагани сабабини сўрадим. Дадам: “Сен ҳали кўп нарсани тушунмайсан, ўғлим, икки кун аввал у одам менга қаттиқ гапирган эди. Шунинг учун унинг саломига жавоб бермадим”, деди. Шунга мен ҳам… сизга салом бермадим.

Ушбу воқелик “Қуш уясида кўрганини қилади” мақолини ёдга туширади. Фарзандлар ота-онасининг сўзлаши, юриш-туриши ва ҳар қандай хатти-ҳаракатларини ўзларида намоён қилади. Модомики, дилбандининг ахлоқи комил ва гўзал бўлишини истаган ҳар бир ота-онадан ҳаётда ўзлари ўрнак ва ибрат бўлиши талаб этилади. Қачонки, ота-она тўғрисўз, омонатдор, сахий бўлса, фарзандларга ҳам шу сифатлар сингиб боради. Акс ҳолда… фарзандларни қанча яхши хулқда тарбияламайлик, ҳарчанд покликни ўргатмайлик, ота-она намуна бўлмас экан, уларнинг қалбларига яхшилик уруғи қадалмайди. Мўътабар китобларда: “Одоби йўқнинг илми фойда бермайди”, дейилади. Демак, одамнинг илми ўз амали ила уйғунлашмас экан, ҳикмат ва манфаат ҳосил бўлмайди. Чунки амалини топмаган илм эгаси, ўз нафсини жиловлай олмайди. Инсоннинг нафси ақлига бўйсунмас экан, кишини зулм, хиёнат, ҳою ҳавас, очкўзлик каби иллатлар уммонига ғарқ этиши муқаррардир.

Парвардигор муқаддас динимизни улуғ неъмат қилиб берди. Бу динни инсонларга етказишдек буюк вазифани эса Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)дан тортиб, то қиёматга қадар давом этадиган одам наслига ҳар томонлама ўрнак ва намуна бўлажак пайғамбарлар ҳамда аҳли башарнинг азизи ва саййиди бўлган Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиммаларига юклади. Ҳар бир замон ва маконда барча инсонларга зиё таратувчи бамисоли чироқ, зулматларда йўл кўрсатувчи мунаввар ой бўлиши учун юборилган ҳақ Пайғамбар намуна ва ибрат борасида ҳам башариятга улуғ устоздир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

“(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا

Эй Пайғамбар! Дарҳақиқат, Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик” (Аҳзоб сураси, 45-оят).

وَدَاعِيًا إِلَى اللَّهِ بِإِذْنِهِ وَسِرَاجًا مُنِيرًا

“Аллоҳнинг изни билан (Сизни) Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам (юбордик)(Аҳзоб сураси, 46-оят).

Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак сийратларига шу қадар етук ва баркамол гўзал хулқни ато қилдики, бу ахлоқи ҳамийдалари сўнмайдиган ва тоабад порлаб турувчи нур янглиғ азиз сиймодир. Бу мунаввар чироқ эса ибрат тариқасида, ҳар бир замонларда не-не золим қалбларни инсофга келтирмоққа, ширк ва куфр ботқоғига ботганларга ҳидоят улашмоққа, гуноҳкор ва исёнкорларни тавбага келтирмоққа, адашганларга тўғри йўл кўрсатмоққа сабаб бўлди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг қалбларга ҳузур бахшида этувчи буюк хулқлари ҳатто Ғарб олимларининг ҳам қалбларини жунбушга келтирган.

Машҳур мутафаккир Гёте 23 ёшида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га атаб ажойиб қасида битган. Унинг Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шу қадар эҳтироми баланд эдики, бу ҳурмат уни Қуръони каримни тўлалигича ўқиб ўрганишга ундади. Олмон олими 70 ёшида замонасининг етук жамоатчилиги ҳузурида: “Қуръон тўлалигича Пайғамбарга (алайҳиссалом) туширилган муқаддас кечани эҳтиром ила байрам қилиб нишонлаш ниятим бор”, деб айтган эди.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари ҳақида сўралганда: “Ул зотнинг хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берди. Бу қисқа ва дақиқ жавобда бутун уммат ибрат ва намуна олгулик гўзал ҳикмат, юксак илм мужассамдир.

روى العسكري وابن السمعاني عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «أدبني ربي فأحسن تأديبي»

Аскарий ва Ибн Самъоний ривоят қилади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Раббим менга одоб берди, одобимни гўзал қилди”, дедилар».

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) гуноҳларнинг ҳар турини содир этиш оддий ҳолга айланган жоҳилият даврида ҳам бундай амалларнинг бирортасига яқин йўламаганлар. Ўша замоннинг яхши ва ёмон инсонлари ичра ўта иффатли, тўғрисўз ва бениҳоя омонатдорликлари билан ажралиб турардилар. Шунинг учун жоҳилият аҳли ҳам у зотни “амин”, яъни ишончли деб улуғлашарди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг “Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётда чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм