Мақолалар

Бидъатлардан сақланайлик

Чоп этилди Aprel 20, 2019 Бидъатлардан сақланайликda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз, умматларини огоҳлантириб, динда бўлмаган турли бидъатлардан узоқ бўлишни васият қилдилар. Динимизни хурофот ва бузғунчи ғоялардан сақлаш мақсадидаги ҳар бир мусулмон Жанобимизнинг васиятларига амал қилиши лозим.

“Бу яхши бидъат”, “бу ёмон бидъат” каби ибораларни одамлар тушуниб-тушунмай, айтиб юришади. Шу сабабли ҳам баъзида келишмовчиликлар юзага келади.

“Бидъат” сўзи луғатда илгари ўхшаши бўлмаган, кейинчалик жорий қилинган иш, яъни янги пайдо бўлган нарса маъносини билдиради.

Кўп уламолар китобларида бидъатни “бидъати ҳуда ёки ҳасана” ва “бидъати золал ёки саййиа” каби қисмларга ажратишган. “Бидъат” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларини бир-биридан ажратиш учун уламолар бундай қоида ишлатишган. Амалга ошириш ё адо этишга зарурат бўлса-да, бирор тўсиқ сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амалга оширмаган ё адо қилмаган нарса (ибодат ё иш) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этишлари билан тўсиқ йўқолганидан сўнг амалга оширилса ва у “бидъат” деб номланса, бунда “бидъат” луғавий маънода бўлади ва бу тикланган ё бажарилган иш учун савоб берилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик даврларида бажарилишига зарурат бўлиб, уни амалга оширишга тўсиқ бўлмаса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амалга оширмаган ва вафотларидан сўнг амалга оширилган нарса шаръий истилоҳдаги бидъатдир. Баъзи саҳоба ва уламолар тилида “бидъат”нинг мақталишини луғавий маънода деб тушуниш керак.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таровеҳ намозини масжидда ўқимай қўйганларига унинг фарз бўлиб қолишидан қўрқишлари тўсиқ бўлди. Умар (розияллоҳу анҳу) халифаликлари даврида таровеҳ намозини тарқоқ ҳолда ўқиётган мусулмонларни бир имом ортига жамлаб, жамоат бўлиб ўқишни жорий қилдилар ва: “Бу нақадар яхши бидъат бўлди!” дедилар. Бу гапларида “бидъат” сўзининг луғавий маъносини назарда тутдилар. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотлари билан таровеҳ намозини жамоат билан ўқишнинг фарз бўлиб қолишидан қўрқиш тўсиғи кўтарилган эди.

Бидъатнинг бу турига ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифаликлари даврида Мусҳафни жамлашлари ва ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг Қуръондан нусхалар кўчиртириб, Ислом диёрларига жўнатишлари каби янги ишларни ҳам киритиш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик даврларида Қуръонни мусҳаф шаклига келтиришга ваҳий нозил бўлиб туриши тўсиқ эди. Саҳобалар бу ишларни “яхши” деб топишган ва шариатда асли борлигига шубҳа қилишмаган. Чунки саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса, у албатта бундан қайтарилади”, деган сўзларини тўғри англаб етишган. Халифалар пайдо қилган бу ишлар динда асли йўқ, ёмон бидъат бўлганида, улар жим қараб туришмас эди.

Ҳақиқатда, бу “бидъат”лар баъзилари мандуб ё мустаҳаб, баъзилари эса ҳатто фарзи кифоя бўлиши ҳам мумкин. Хулафои рошидинлар амалга оширган ишлар ва саҳобалар уларни қўллаб-қувватлаганлари сўзимизга мисолдир. Бундан ташқари, араб тилини ўрганишда зарур бўлган наҳв (синтаксис) илми, меросга тегишли фароиз илми ва Қуръонни чуқур тушунишга кўмак берувчи тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва Ислом шариатининг шу каби асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам мақталган ишлардандир. Жамиятнинг ривожланиши ва инсониятнинг муваффақияти учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам шулар жумласидандир.

Уламоларимиз томонидан “яхши бидъат” тушунчаси ижобий қабул қилинганини кўрганимиздан сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида келган “залолатга бошловчи бидъат”дан мурод бидъатнинг шаръий маъноси экани маълум бўлади. Демак, ким бир ишни динга боғласа-ю, унинг динда асоси бўлмаса, у залолатга бошловчи бидъат бўлади. Ислом залолатга бошловчи янгиликлардан мутлақ пок ва бунга муҳтож ҳам эмас.

Комил мўминнинг сўзи билан амали, фикри билан тутган йўли ўртасида қарама-қаршилик бўлмайди. Бундай мўминнинг тили эътиқодига мос, ақидаси амалларига хос бўлади. Унинг мустаҳкам имони ҳавойи нафс ва шаҳватларга қул бўлишдан қайтаради. Узун орзу ва сароб кўринишларга алданмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “To хоҳиш-истаклари мен олиб келган нарсага бўйсунмагунича, сизлардан ҳеч ким (ҳақиқий) мўмин бўла олмайди”, деганлар.

Инсоннинг ўз нафсий хоҳишларини шариат кўрсатмаларига бўйсундиришга буюрилгани бежиз эмас. Чунки нафсини ўз майлига топширган банда гуноҳлар ва бидъат ишлар гирдобига тушиб қолиши аниқ. Адашиш ҳақни тушуна олмаслик ёки унга қониқмасликдан эмас, балки нафсу ҳаво хоҳиш-истакларига эргашиш оқибатидандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Бас, агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ (томони)дан ҳидоят қилинмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Албатта, Аллоҳ (ширк аҳлидан иборат) золимлар қавмини ҳидоят этмас” (Қасас, 50).

Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилмайдиган кимсаларнинг нуқсони ҳавойи нафсларига эргашиш экани ва оқибатда улар золим кимсалардан бўлиб қолишининг хабари берилмоқда (Аллоҳ сақласин).

Ҳою ҳаваслар ва нафс инсоннинг ҳақдан оғишига сабаб бўладиган майлидир. Зеро, кўнгил истаги ҳамиша ҳам шариат кўрсатмаларига мувофиқ келавермайди. Шариатга зид ҳар бир ҳаракат эса инсонни адаштиради. Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом)ни ҳавойи нафсга эргашишдан қайтаргани ҳам нафсга эргашишнинг ёмон эканини билдиради:

“…Бас, сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур (Сод,26)

Аслида, пайғамбарлар тўғри йўлдан адашиши мумкин эмас. Лекин бу ўринда Аллоҳ таоло сизу биз, бандаларни огоҳ этяпти. Қуръонда хабари келган Юсуф (алайҳиссалом)­нинг сўзларига эътибор қилсак. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечирувчи ва раҳмли Зотдир” (Юсуф, 53).

Юсуф (алайҳиссалом) пайғамбар бўлатуриб ҳам ўз нафсларини оқламаяптилар. Чунки Аллоҳ раҳм қилиб, тўғри йўл­га бошламаса ёки шариат орқали ҳақни баён қилиб бермаса, нафс инсонларни ҳар хил ёмонлик ва турли бидъат ишларга ундайверади.

Оят маъноларидан маълум, барча ёмонлик, ҳақ йўлдан адашиш, зулм ва бидъатларнинг ўчоғи айнан инсоннинг ҳавойи нафсига эргашиши орқали пайдо бўлади. Демак, нафс тарбияси жуда зарур. Ўз нафси устидан ғолиб кишигина зафар топади, Аллоҳнинг раҳматига эришади.

Ақида масалаларидаги бидъат жуда ёмондир. Уламолар аҳли сунна вал жамоадан бошқа фирқаларни “бидъат аҳллари” деб аташган. Чунки уларнинг ақидалари аҳли сунна вал жамоага зиддир. Масалан, хаворижлар катта гуноҳ қилган киши кофир бўлади дейишса, мўътазилалар бундай киши имондан чиқади, аммо кофир бўлмайди, дейди. Қадарийлар ва жабарийларнинг эътиқоди асл эътиқодга зиддир. Диёримиз мусулмонлари диний масалаларни аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мос, мотуридия ақидавий таълимотлари бўйича ўрганишлари лозим. Шунда бидъатлар билан бир қаторда ақида масалаларидаги ихтилофларга ҳам барҳам берилади. Шунингдек, кундалик ибодатларимизда кўпдан бери амал қилиниб келинаётган, лекин ҳанафийлик мазҳабида бўлмаган хатти-ҳаракатлардан ҳам сақланишимиз мақсадга мувофиқдир. Шунда мусулмонлар ўзаро ихтилофга боришларининг олди олинади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: “Бидъатчи фосиқ билан ўтирсанг, қалбингда унинг гапига мойиллик туғилади, натижада ҳалок бўласан”.

Шу жумладан, гўё урф-одат дейилиб, динда бор деб саналиб қолинган баъзи бидъат ишлар ҳақида ҳам тўхталсак. Мисол учун, яқин кишиси вафот этса, орқасидан қилинадиган “етти, йигирма, қирқ, оқ кийди, кўк кийди” маросимлари ёки никоҳ тўйларидан сўнг “чақирди”, “ота кўрди” каби йиғинларга ўхшаш. Буларнинг ортидан қарзга ботиш, исроф қилишдек гуноҳ ишлар, ортиқча қийинчиликлар пайдо бўлади. Ушбу маросимларнинг биронтаси шариатда йўқ ва буюрилмаган ҳам. Шариатда буюрилмаган ишларни қилиш зарур, деб тушунмаслик керак.

Демак, зарарли, бидъат ишларнинг олдини олишда илм аҳллари ва имом-хатибларнинг зиммаларига масъулият юкланади. Чунки улар минбардан туриб халқ билан гаплашади, одамлар уларни тинглашади ва уларга эргашишади. Шу жумладан, ёмон бидъатларга қарши кураш, халқимизнинг тинч-осойишталиги, мусулмонларнинг бирдамлиги жуда муҳим эканини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақ йўлдан адаштирмасин, ҳавойи нафсимизга эргашиб, турли бидъат ишлар қилишдан паноҳида асрасин. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) васиятларига оғишмай амал қиладиган солиҳ бандалардан бўлайлик. Омин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муфтий Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари (2-жилд)” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 30000 сўм