Мақолалар

Ақлнинг жавҳари – сабрдир

Чоп этилди Aprel 20, 2019 Ақлнинг жавҳари – сабрдирda fikr bildirishni o'chirish

Обидларнинг ибодатлари, зоҳидларнинг зуҳдлари, соимларнинг рўзалари, ҳожиларнинг ҳаж вақтида чеккан заҳматлари… барча машаққатларни енгиб ўтмоқ нафсини фарёду фиғондан халос этиб, гуноҳ ва ёмонликларини тузатиб, нафсларига ҳоким бўлмоқлари сабр билан бўлади. Негаки, сабри бўлмаган ёки жуда оз бўлган кимсалар кўзлаган ишларига муваффақ бўла олмайди. Муваффақиятларнинг биринчи сири собир бўлиб ҳаёт кечирмоқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда сабрлиларни бағоят гўзал сўзлар билан мақтагандир.

Жумладан, Каломи шарифда сабрнинг имондаги ўрни бошнинг жасаддаги ўрни кабидир. Савоби ҳам қулни озод қилгандан афзалдир, дея марҳамат қилинган.

Сабр – ғам, ғусса ва кадарлардан қутулмоқни Аллоҳдан кутмоқдир. Бу эса амалларнинг афзали ва аълосидир. Ҳар нарсанинг бир жавҳари бор. Инсоннинг жавҳари – ақл, ақлнинг жавҳари – сабрдир. Сабр ўз хусусиятига кўра юмшатувчидир. Яъни бир нарса қандай уқалаб юмшатилса, нафсни ҳам шу йўсинда ислоҳ этмоқ ва ундан келадиган фойдани қўлга киритмоқ учун уни ҳам юмшатмоқдир. Яъни уни ўз ҳолига ташлаб қўймасдан, риёзатлар ила Ҳақнинг амрларига итоат этмоқ ва ризосини талаб қилмоққа мослаштиришдир. Нафасимизни қандай қилиб ҳеч чарчамасдан ва зўриқмасдан табиий равишда ола билсак, сабр билан ҳар нарсани худди шундай табиий ҳол сифатида қабул қилишимиз мумкин. Сабр шариат тақиқлаганлардан, макруҳлардан ва шубҳали нарсалардан қочмоққа зоҳиран ва ботинан матонатли бўлмоқдир. Яъни шариат талабларини аъло даражада бажармоқ учун таянчдир. Буларнинг барчасини яхши ўзлаштирмоқ илм воситасида бўлади. Лекин сабр бўлмаса илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу нуқтаи назардан илм ва сабр бир-бирига боғлиқ бўлган икки дўст ёинки руҳ ва жасад кабидир. Яъни руҳсиз жасад бўлмагани каби жасадсиз руҳ ҳам ҳеч нарсага ярамайди. Комиллик иккисининг бирлашиши билан собит бўлади.

Жаноби Ҳақ субҳаналлоҳу таоло жами пайғамбарларга сабрни тавсия қилган. Уларга умматларидан етадиган турли машаққат ва тангликларни фақат сабр билангина енгишлари ва ўз нафслари эмас, Аллоҳ учун сабр этишлари кераклиги хабар қилинган.

Сирри Сақатий қуддису сирриҳу ҳазратларидан сабр ҳақида сўрабдилар у зот сабрнинг моҳиятини тушунтира бошлаган экан, шу чоқ оёғидан бир чаён чақа бошлабди. Бу ҳолни кўрганлар ҳайрон бўлиб:

– Ҳазратим, нега чаённи ўлдирмадингиз ё нарироққа отиб юбормадингиз?  – деб сўрашибди.

У зот:

– Аллоҳдан ҳаё қилдим: ҳам сабрдан сўз юритиб, ҳам бир чаённинг заҳрига чидай олмай фарёд ва фиғон қилсам, уят бўлар эди, – деб жавоб берибди[1].

Жунайд розияллоҳу анҳу “Аллоҳ таоло ҳазратлари мўминларни имон билан икром этган ва имонларини ақл билан, ақлларини эса сабр билан иззатлаган”, деган эдилар. Бинобарин, имон мўминнинг зийнати, ақл имоннинг зийнати, сабр эса ақлнинг зийнати эканини баён этган. Шу нуқтаи назардан, сабр имонда энг муҳим мавқега эга экани намоён бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг етмишдан ортиқ ерида турли сабаблар воситаси ила сабрни зикр этган. Жумладан, ўрни-ўрни билан сабрнинг лозимлиги, аҳамияти, даражаси, камоли, савобини англатган ва собирларга севинчли хабарлар етказган, ҳисобсиз фойдалар ваъда қилган, шу йўл билан қулларига сабрли бўлмоқни ташвиқ ва тарғиб этган. Бундан англаймизки, сабр ҳар банда учун муҳаққақ даркордир.

Ахлоқ умумий жиҳатига кўра икки қисмдан иборат. Унинг бир қисми, табиийки, пайғамбарлар ва валийлар ахлоқи бўлиб у Аллоҳ таоло ҳазратларининг мислсиз лутфи ва эҳсонидир. Шунинг учун ахлоқийлик уларда ҳеч ҳам зўриқмасдан табиий ҳол сифатида кечадиган жараёндир. Чунки улар бизга ўрнак бўлади, биз улардан намуна оламиз. Дарҳақиқат, намунанинг ҳеч қандай нуқсонсиз, энг гўзал, энг ажойиб шаклда, комил даражада бўлмоғи матлуб ва шундай бўлмоғи табиийдир.

[1] İmam Şa’rani, c. 4, s. 220.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Муҳаммад Зоҳид ҚЎТҚУнинг “Сабр” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 5000 сўм