Мақолалар

Оила – жамиятнинг ажралмас бир бўлаги

Чоп этилди Aprel 21, 2019 Оила – жамиятнинг ажралмас бир бўлагиda fikr bildirishni o'chirish

У қатъ­ий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Ал­лоҳ таоло оилани ўз ҳимоясига олган. Оила таназзу­лининг олдини олиш мақсадида зино қатъий ҳаром қилинди.

Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи – оила­ларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади. Бу эса қуйидаги шартларга риоя қилинишига боғлиқ:

  1. Оиланинг бир-бирига муносиб одамлардан таш­кил топиши.
  2. Эр-хотин орасидаги ўзаро ҳурмат ва тотувлик.
  3. Эркак киши ўзининг оила устуни экани ҳамда раҳ­барлик масъулиятини ҳис этиши ва бунга амал қилиб яшаши.
  4. Аёл кишининг оила ички ҳолатларига масъул­лиги.
  5. Ота-она фарзандларининг риоясини қилиб, уларга адолатли бўлишлари.
  6. Фарзандларнинг ота-оналарига яхшилик қилишлари.

Ана шу шартларга риоя  қилинса, оилада соғлом муҳит вужудга келиб, тарбия топаётган фарзандлар одоб-ах­лоқли, эл-юртга хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етадилар.

Ушбу китобимиз омма учун мўлжалланганини ино­бат­га олиб, оилада соғлом муҳитни шаклланти­ришда зарур бўлган шартларга батафсилроқ тўхталишни лозим топдик:

  1. Оила бир-бирига муносиб одамлардан ташкил топиши керак, чунки фиқҳ китобларида айтилгани каби, ни­коҳда тенгликнинг жуда катта аҳамияти бор. Чунки эр-хотин орасида бойлик, илм ва ҳоказоларда катта фарқ бўлса, улар бир-бирларини тушунишда қийинчиликларга дуч келишади. Шу боис, шариат тенглик, яъни кафоатни жорий қилди. Пайғамбари­миздан (алайҳиссалом) Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда бундай мар­ҳамат қилинади: “Аёллар фақат ўз тенгларига никоҳ қилинади(Имом Бай­ҳақий).

Барча мазҳаб уламолари кафоат–тенглик бора­сида­ги далилларни ўрганиб чиқишиб, унинг етиш­маслиги ни­коҳга тўсқинлиқ қилмаса-да, никоҳда бўли­ши лозим шартлардан эканига иттифоқ қилганлар.

  1. Эр ва хотин бир-бирларини ҳурмат қилишлари ва оила ишларида бир-бирларига ёрдамчи бўлишлари лозим. Маълумки, эр кишининг куни кўчада, ишхонада ўтади. Ишла­ри яхши бўлса, кайфияти ҳам шунга яраша бўлади. Борди-ю, ишлари юришмай қолса, ташвиш­ланади, руҳан тушкунликка тушади. Бундай ҳолатда аёл кишининг донолиги иш бериши керак, яъни эрининг кайфиятини чиройли сўзи, ширин муомаласи билан кўтариши зарур. Аёл бетобланиб ё бошқа бирор сабаб билан уй ишларини адо этолмай қолганида, эр киши хотинига уй юмушларида ёрдамла­шиб юборса, оилада барқарорлик, тотувлик вужудга келади.

Инсон – иссиқ жон, баъзан касал бўлиб қолиши бор. Шундай вазиятда эр-хотин бир-бирларига кўмак бериб, кўнглини олиши лозим. Хотини касал бўлиб қолганида унга эътибор қаратмаслик ёки касаллигини гапириб, дилига озор бериш эркак кишига муносиб иш эмас. Шу­нингдек, айрим оилаларда кузатиладиган, аёли касал бўлиб қолса, ота-онасиникига олиб бориб қўйиб, тузал­ганидан кейин уйга олиб келиш ҳолатлари эркаклик ғурурига мутлақо иснод ҳисобланиб, бу нарса оқибатда оиланинг мус­таҳкамлигига салбий таъсир кўрсатади. Оиладаги ҳар қандай вазиятда эр-хотин бир-бирларини қўллаб-қув­ватлашлари керак. Шунда меҳр-шафқат пайдо бўлади. Фар­зандлари ҳар бир ишни улардан ўрганиб боради. «Қуш уясида кўрганини қилади», деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган.

Қадимги уламоларимиз ўз ижтиҳодларидан келиб чи­қиб, “хотин касал бўлганида, уни даволатиш ва табибга бериладиган ҳақ эрнинг зиммасига вожиб бўлмайди”, деган фикрни айтишган. Лекин замонамиз уламо­ларидан суриялик машҳур олим Ваҳба аз-Зуҳайлий ўзларининг “Ал-Фиқҳул исламий ва адиллатуҳу” деб номланган китобларида ушбу фикрларни изоҳлаб, бундай дейди: “Назаримда, даволаниш ўтмишда асосий эҳтиёж бўлмаган. Чунки саломатлик ва парҳез кўрсатмаларига амал қил­ган инсон кўп ҳолларда даволанишга муҳтож бўлмай­ди. Фуқа­ҳоларнинг ижтиҳодлари ўз асрларидаги мавжуд урф-одатларга асосланган. Аммо ҳозирга келиб, даволанишга бўлган эҳтиёж, худди таомланиш ва озиқланишга бўлганидек, балки ундан ҳам муҳимроқ эҳтиёжга айланиб қолди. Зеро, бемор одам кўп ҳолларда даволанишни барча нарсадан устун қўяди. Киши алам ва оғриқдан қийналиб, ўлим хавфини солиб турган дарддан шикоят қилатуриб, яна бирор нарсани бемалол танаввул қилиши мумкинми?! Шу сабабли ҳам мен бугунги кунда даволаниш нафақаси, худди бошқа зарурий нафақалар сингари эрнинг зиммасига вожиб бўлишини айтаман. Бу фарзандлар учун лозим бўлган даволаниш нафақаси уламоларнинг ижмоъсига биноан отанинг зиммасига вожиб бўлишига ўхшайди. Эр аёлидан соғ-саломатлигида фойдаланиб, касаллик ҳола­тида даволаниши учун ота-онасининг уйига олиб бориб қўйиши Аллоҳ таолонинг “улар билан тотув турмуш қурингиз”деган оятига мутлақо зиддир” (Нисо, 19).

Ҳақиқатан, оила аъзоларининг соғлом бўлиши оила мустаҳкамлигини таъминловчи энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Ақлан ўйлаб кўрилганида ҳам, оилада эрнинг энг яқин кишиси аёлидир. Яқин кишиси ёрдамга муҳтож бўлиб турган бир пайтда, унинг узоқдагиларга яхшилик қилиши ёки аёлининг яқин кишиси ўзи бўлгани ҳолда, бошқаларнинг ёрдам беришига ташлаб қўйиши чиройли иш саналмайди.

  1. Эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг эркалик ва инжиқликларини кўтариши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

 «Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қис­мини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинла­рин­­гизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқ­лик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларин­гиз, (билиб қўйинг,) балки сизлар ёмон кўрган нар­сада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо, 19).

Жоҳилият даврида бир аёлнинг эри ўлса, унинг ўгай ўғли ёки бошқа бир қариндоши келиб, бева аёл устига чопонини ташлаб қўйиш билан уни мерос қилиб оларди. Сўнгра хоҳласа, ўзи унга маҳрсиз уйланар, хоҳласа, бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олар ёки узоқ вақт эрсиз ушлаб, беванинг қўлидаги биринчи эридан қолган мероси ёки бошқа бойлиги эвазига уни озод қилар эди. Агар аёл мазкур кишиларнинг чопон ёпишидан ол­динроқ уйдан чиқиб кетишга улгурса, шундагина ихтиёри ўз қўлида бўлиб, эрининг ўғли ёки қариндошига мерос бўлиб қолишдан қутуларди. Шундай аёллардан Абу Қайснинг хотини Кабша исмли бир бева аёл Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб, эрининг ўғлидан шикоят қилади. Мазкур масалага жавоб тариқасида юқорида келтирилган ояти карима нозил бўлган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алай­ҳиссалом)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳа­мат қи­линади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳамман­гиздан кўра аҳлига яхшироқ муомала қилувчингизман(Имом Термизий).

Мана шундай оят ва ҳадислар орқали Ислом илк давр­даноқ аёлларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини тик­лаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жа­мият­да­ги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эътибор қаратган.

Энг аввало, аёлларга чиройли муомала кўрсатиш, ши­ринсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳа­ракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ши­ринсўзлик билан камчиликларини айтиш, уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ тао­лонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.

Бу ҳақда ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Мўмин (эр) одам мўмина (хотини)га ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқи­дан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади» (Имом Бухорий ривояти).

Ислом дини муҳаббат, раҳмат, меҳр-шафқат каби хислатлар оиланинг таянчи эканини айтади. Бу таянч­лардан бирига арзимас нарса туфайли дарз кетмаслиги зарур. Ҳадисда: «Агар бирон нохушлик бўлса, унинг замирида  кўп яхшиликлар бўлиши мумкин», деб бежиз  айтилмаган.

Бу борада ҳазрат Умарнинг (розияллоҳу анҳу) хоти­ни­ни ёқтирмагани учун талоқ қилмоқчи бўлган кишига айтган мана бу сўзлари жуда муҳим: «Ҳолингга вой! Оилангни муҳаббатдан бошқа нарсалар устига қур­дингми? Риоя қани, уят қаерда қолди?»

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм