Мақолалар

Яхши муҳит – гўзал тарбия омили

Чоп этилди Aprel 21, 2019 Яхши муҳит – гўзал тарбия омилиda fikr bildirishni o'chirish

Тарбияда “ўрнак” ва “яхши муҳит” тушунчалари бевосита бир-бирига узвий боғлиқдир.

Динимизнинг мўътабар таълимотларида баён қилинишича, инсон фарзанди дунёга келар экан, соф ва покиза бир фитрат ила туғилади. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай дейди:

فَأَقِمْ وَجْهَكَ لِلدِّينِ حَنِيفًا فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لَا تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللَّهِ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ

“Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англанг!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар” (Рум сураси, 30-оят).

Жаноб Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси муборакларида бу ҳақда бундай деганлар:

قال النبي صلى الله عليه وسلم “كل مولودٍ يولد على الفطرة…”

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар:

“Ҳар бир гўдак (Ислом) фитратда туғилади…” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳар бир туғилган гўдак Аллоҳга имон келтирган ҳолида дунёга келади. Агар дунё юзини кўрган фарзандга туғилибоқ ушбу икки омил – фазилатли тарбия ва солиҳ муҳит омили асосида вояга етса, у имон-эътиқодда улғайиши муқаррардир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ворид бўл­ган жуда кўплаб ҳадисларда фарзандларга одоб ва яхшиликни ўргатиш таъкидланган:

“لأن يؤدب الرجل ولده خير من أن يتصدق بصاع”

“Киши фарзандига одоб бериши бир соъ миқдорда садақа қилгандан яхшидир” (Имом Термизий ривояти).

«ما نحل والدٌ ولدًا أفضل من أدب حسنٍ»

“Ота фарзандига гўзал одобдан афзалроқ нарса бермайди” (Имом Термизий ривояти).

“علموا أولادكم وأهليكم الخير وأدّبوهم”

“Фарзандларингиз ва аҳлингизга яхшиликни ўргатинглар ва уларга одоб беринглар”(Абдураззоқ ривояти).

“أدّبوا أولادكم على ثلاث خصال: حب نبيكم، و حب آل بيته، وتلاوة القرآن…”

“Фарзандларингизга уч хислатни ўргатинглар: Пайғамбаримиз (алайҳиссаллом)ни севишни, аҳли байтига муҳаббатли бўлишни ва Қуръон тиловат қилишни” (Имом Табароний ривояти).

Айримлар Яратганнинг бетакрор неъмати бўлган умрини турли фасод ва гуноҳлар гирдобида ўтказиб, фарзандларининг тарбиясига мутлақо парво қилмайди. Натижада фарзандида инсоф, диёнат, қадр-қиммат, ҳурмат каби тушунчалар умуман бегона ҳис-туйғуларга айланади. Бир вақтлар келиб, тарбия булоғидан бебаҳра ўсган бундай фарзанднинг наздида ота ёки онасига қўл кўтариш оддий ҳол бўлиб қолади. Ана шундай машъум ҳолат юз берганида (Аллоҳ асрасин), ота-она ёзғиришни бошлайди: “Инсофинг борми сени?”, “Шуни кутиб тарбия берганмидик?”, “Худодан қўрқмайсанми?” қабилидаги ҳасрат ва надоматлар отилиб чиқади.

Аслида ўзлари айтаётган “инсоф, тарбия ва Худодан қўрқиш”ни ўргатолганмидики, эндиликда талаб қилса? Бу “саҳродан сув қидириш” ёки “денгиздан уй қидириш”га ўхшаш ўта мантиқсиз ҳолат эмасми? Йиллар мобайнида эътиборсизлик қилиб покиза ҳолатда дунёга келган беғубор гўдакни тубан ва ваҳший бир ҳолга келишига сабаб бўлган ота-онага бу жазо эмасми? Дунёга бўлган ҳарис муҳаббатларининг йўлида вақт ва имкониятларини бой бериб қўймадимикан? Гўзал ахлоқ ўрнига зулумот ва разолатнинг жирканч булоғидан беихтиёр сув ичириб, фарзандларининг ҳаётини буткул бадном қилган ота-она ўзларининг ва уларнинг икки дунёдаги бахту саодатини бой бериб қўймадимикан?

Бундай ғам-андуҳли муаммога дуч келмасликнинг бирдан-бир йўли бу – фарзандларга чиройли ҳусну хулқни бериб боришдир.

Навбатдаги ҳадисни чуқур тафаккур билан ўқиб чиқинг:

“المرء على دين خليله فلينظر أحدكم من يخالل”

“Киши дўстининг динидадир, (шундай экан) ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин” (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳар бир ҳадисларини такрор ва такрор ўқиганда қайта-қайта ҳикматларни топаверасан киши. Араб халқларида шу маънодаги ҳикматли сўз мавжуд: “Дўс­тинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман”. Аксарият кишиларнинг “дўстим” дея атаган кишисини кў­риб, баъзилар онгида бугунги кунда “дўстлик” маъноси нақадар тор моҳият касб этаётганининг гувоҳи бўласиз. Чин ва ҳаққоний дўст ҳеч қачон ёмонликка бошламаслиги аниқ. Аммо баъзи ёшларнинг “қадрдоним, дўстим” дея ҳурмат билан тилга олаётганлари ҳақиқий дўстмикан? Ёки аксинча, чин маънодаги дўстларни душман деб сингдирувчи хиёнаткормикан? Ахир ота-онага қарши қайраётганларни, оиласидан совутаётганларни ва ўз ватандошларига қарши курашмоқни ўрга­таётганларни ким деб аташ мумкин? Кўринишлари бамисоли забардаст йигитлар, ҳар бир нарсага ақлу идроклари етадиган бир ёшларида наҳотки дўст билан душманни ажрата олмайди? Ахир уларнинг ота-боболари ватаннинг бир қарич ери учун жон фидо қиладиган ориятли инсонлар эди-ку. Наҳотки ўтмишда аждодлари кўз­ларига тўтиё қилган бу азиз диёрларини кўр-кўроналик билан топтамоқчи бўляптилар?

Юқорида келтирилган ҳадисни ўқиб, айнан шундай ўйлар чулғаб олади кишини. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг бугунги замонага боқиб туриб айтгандек, гўё. Дарвоқе, биз ота-оналарнинг ҳа­ли бу борада бажарадиган анчайин залворли ишлари бор экани ойдинлашмоқда. Фарзандларимизга тўрт ҳақиқатни: муқаддас динимиз моҳиятини, она-Ватан қадрини, ота-онага эҳтиромни ва аҳлу оиласига масъулият ҳиссини сингдириб қўяйлик.

Акс ҳолда яхшилик ниқобидаги хиёнаткор, жиноятчи кимсаларга аралашиб қолгудек бўлса, кўпгина зулм ишларини амалга ошириб, бегуноҳ инсонлар қонини тўкишгача бориши эҳтимоли ортади.

Айни яхши муҳит борасида сўз юритар эканмиз, Пайғамбар (алайҳиссалом) баён қилган, тўқсон тўққизта одамни ўлдирган кишининг воқеасини келтиришни жоиз деб билдик.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади:

Абу Саид ибн Саъд ибн Синон Худрий (розияллоҳу анҳу) айтади:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Сизлардан олдинги қавмда тўқсон тўққизта одамни ўлдирган киши бор эди. У шу ердаги олим кишидан нима қилишни сўради. Бир обид (роҳиб)га боришини айтди. Шунда уни олиб бориб: “Бу тўқсон тўққизта нафсни ўлдирган. У тавба қилса (тавбаси қабул) бўладими?” – деди. У: “Йўқ” деб жавоб берди. Шунда уни ҳам ўлдириб, ўлдирилганларнинг саноғини юзтага етказди. Сўнгра шу ернинг олими ҳақида сўради. Унга бир олим киши кўрсатилди. Олимга: “Бу юзта нафсни ўлдирган, тавбаси қабул бўладими?” – деди. У: “Ҳа, унинг тавбасига ким халал беради? Фалон ерга бор, чунки у ерда Аллоҳ таолога ибодат қиладиган одамлар бор. Улар бирла Аллоҳга ибодат қил. Ўз ерингга қайтмагин, чунки бу ёмон жой”, деди. Бас, у йўлга чиқди, ярим йўлга етганида вафот этди. Раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари тортишиб қолди. Раҳмат фаришталари: “Бу тавба қилиб, Аллоҳга қалби билан юзланди”, деди. Азоб фаришталари эса: “Бу ҳеч яхши амал қилмаган”, деди. Шунда одам суратида бир фаришта ҳозир бўлди ва улар ўртасида ҳакам бўлди. У: “Икки ернинг орасини ўлчанглар. Қайсиси яқин бўлса, у ўшангадир”, деди. Улар ўлчаганларида у ўзи хоҳлаб кетаётган ерга яқин бўлиб чиқди. Шунда уни раҳмат фаришталари қабз қилди».

Бошқа ривоятда: «Аллоҳ таоло унга узоқлаш, бунга яқин бўл деб ваҳий (амр) қилди. Ва “улар орасини ўлчанглар”, деди. Улар ўлчагач, уни бир қарич яқин топди ва уни мағфират қилди».

Демак, атроф-муҳитнинг таъсир доираси инсон ҳа­ётининг муҳим омилидир. Том маънодаги камолотга етган кишиларга нисбатан халқимиз орасида айтиладиган гаплар мавжуд: “Ота-онангга раҳмат”, “Таълим берган устозингга ташаккур” каби. Ёки аксинча, қабоҳат манзилини забт этган кимсаларга нисбатан: “Падарингга лаънат”, “Ҳе, ўргатган устозингдан сени”, қабилидаги гаплар айтилади. Шу боис фарзандларга устоз-муаллим танлашда ҳам адашмаслик лозим. Айни мавзуда, салафи солиҳларимиз фарзандлари учун қай тарзда мураббий танлаганлари ва устозлардаги нима жиҳатларига эътибор қаратганларини ҳавола қиламиз:

Имом Жоҳиз ривоят қилади:

Уқба ибн Абу Суфён фарзандини тарбиячига бераётганида: “Фарзандимни тарбиялашдан олдин ўзингни тарбиянгни гўзал қилгин. Чунки унинг кўзи сени кўзингга боғланган. Сен яхши деб ҳисоблаган нарсани у яхши деб билади. Сен ёмон деб ҳисоблаган нарсани у ёмон деб билади. Унга ҳакимларнинг сийратлари ва адибларнинг ахлоқларини ўргатгин. Унга касалликни аниқламагунча дори бермайдиган табиб бўлгин. Менга узр айтишга таянма, мен сенга кифояланишга суянганман”, деди.

ذكر الراغب الأصفهاني: أن المنصور سأل مَن في الحبس من بني أمية فقال لهم: ما أشد ما مرّ بكم في الحبس؟ فقالوا :ما فقدنا من تربية أبنائنا.

Имом Роғиб Асфаҳоний айтади:

Мансур қамоқхонада ётган Бани Умайя қавмидан бўлган кишиларга: “Қамоқхонада бўлганингизда сизлар йўқотган энг қаттиқ нарса нима бўлди?” деб сўради. Улар: “Фарзандлар тарбиясини йўқотганимиздир”, деди.

Ибн Сино фарзанд тарбиясидаги кўрсатмасида: “Бола гўзал ахлоқли болалар ўқийдиган мактабда таҳсил олмоғи лозим. Чунки бола боладан ўрганади ва унга улфат бўлади”, дейди.

Баъзи одамлар онгида бола айнан яхши ёки ёмон бўлиб туғилади. Худдики қўзичоқ мулойим бўлиб, йўлбарс эса йиртқич бўлиб туғилганидек. Инсондаги ёмонликни ўзгартириб бўлмайди, мисоли асли яхшини ўзгартириб бўлмагандек, деган фикрни илгари сурмоқчи бўладилар. Уларнинг бу даъволари шаръан ботил, ақлан рад этилгандир ва ҳаётдаги тажрибада ҳам ўз аксини топмаган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм