Мақолалар

Она тилимиздан уяламизми?

Чоп этилди Aprel 21, 2019 Она тилимиздан уяламизми?da fikr bildirishni o'chirish

Жамиятимизда тўғри ёзиш маданиятини шакллантиришга асосан ким масъул? Ҳар бир шахснинг ўзими, ота-онами ёки ўқитувчими? Юртимизда саводхонлик масаласига эътибор қай аҳволда? Нега қонун лойиҳалари асосан рус тилида ишлаб чиқилади, каби саволларимизга филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Бахтиёр Менглиев жавоб берди.

– Тўғри ёзиш маданиятини шакллантиришга асосан ким масъул бўлиши керак, ҳар бир шахснинг ўзими, ота-онами ёки ўқитувчими, деган саволга албатта, аввало, шахснинг ўзи ва ўқитувчи деган бўлардим. Қолаверса, ота-она ҳам. Жамият яхлит ҳолда ёзув маданияти юксалиши учун курашмоғи лозим.

Бунинг учун: саводхонлик ва нутқ маданияти тинимсиз реклама, ташвиқ қилиниши лозим (ҳолбуки, бу ҳолат мамлакатимизда ноль даражада). Ўқувчилар она тили машғулотларида кичик гуруҳларга бўлиб ўқитилиши керак. Давлат тили ҳақидаги қонунни такомиллаштириш зарур. Саводхонлик давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим.

– Юртимизда саводхонлик масаласи ачинарли аҳволда. Ҳукумат, жамоат ташкилотлари учун бу масала энг сўнгги ўринлардан бирида, десам янглишмайман. Буни бартараф этиш борасида ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти.

– Бир савол мениям қийнайди. Нега қонун лойиҳалари асосан рус тилида?

Назаримда бунинг икки сабаби бор. Биринчиси, қонун матнлари андозаси Россия ва бошқа ҳамдўстлик мамлакатларидан олинади. Иккинчиси, қонунни тайёрловчилар ўзбек тилида ёза олишмайди ёки дастлабки ўқийдиган кишилар ўзбекчани тушунмайди. Шунинг ўзиёқ тилга оид муаммонинг бошланишидир.

Ўзбек тили имкониятларини эгалламаган, тил ва нутқ компетенцияси ривожланмаган, бу тилда таъсирчан ва чиройли сўзлай олмайдиганлар ўз она тилидан уялади. Ўз онасидан оддий, қишлоқи ва замондан орқада қолган, дея зоҳирий тасаввурлар асосида, унинг қалби ва руҳиятини англамай уялганларни кўрганмиз.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА