Мақолалар

Бидъат ва хурофотдан сақланайлик

Чоп этилди Aprel 23, 2019 Бидъат ва хурофотдан сақланайликda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло амр этади:

“…Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим…” (Моида сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло камолига етказган мукаммал динимизга бирор кишининг ўзича янгилик киритиши катта разолатдир. Динда йўқ нарсани “бу иш диндан”, “савоб бўлади”, “қилмаса бўлмайди” деб, унга қўшиш ёки бир нарсани олиб ташлаш бидъат амал ҳисобланади.

“Бидъат” – “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ” деган маънони билдиради.

Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим” деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотлардан сақланишдир.

Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамоат билан ўқимас эдилар. Умар (розияллоҳу анҳу) эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, дедилар.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амални жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, шариатимизда рад этилгандир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”. Бу ҳақда ҳадиси ширифда бундай дейилган: “Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амалнинг ажри ва унга амал қилганларнинг ажри бўлур. Бунда уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмас. Ким Исломда бир ёмон одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша одатнинг гуноҳи ва кейинчалик унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур. Бунда уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмас (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳар бир мусулмон бидъатдан сақланиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Мен (Қиёмат куни) Хавзи Кавсарга сизлардан биринчи бориб, сизларни кутиб тураман. Ҳузуримда (умматимдан бўлган) кишилар тортиб олинадилар. Мен: “Эй Раббим, булар менинг асҳобларим-ку”,  десам, “Сиздан кейин нималар пайдо қилишганини билмайсиз”,  дейилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Жаҳолат ва нодонлик бидъат-хурофотларни юзага келтиради. Айниқса, аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш айнан мана шундай бидъатлардан саналади. Ушбу хурофотларни динимиздан деб билиниши ва амал қилиниши олди олинмас экан, кун сайин авж олиб бораверади. Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу): “Бидъат пайдо бўлса, кун сайин ривожланиб боради. Суннат амалдан чиқарилса, кун сайин узоқлаша бошлайди”, деганлар.

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ): “Бидъат шайтонга гуноҳдан ҳам севиклироқдир. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатчи гуноҳ қилаётганини билмай, унга тавба қилмайди”, деганлар.

Халқ орасида  тарқалган “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка хамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” каби ирим-сиримларга ишониш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Абу Айюб Сахтиёний (раҳимаҳуллоҳ): “Бидъатчи ўз бидъатида қанча тиришса, Аллоҳдан шунча узоқ бўлади”, деганлар.

Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли бидъат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим. Имом Молик (раҳимаҳуллоҳ): “Суннат – Нуҳ (алайҳиссалом)нинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, деганлар.

 

Абдулатиф ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими ходими

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан