Мақолалар

Онам

Чоп этилди Aprel 23, 2019 Онамda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта дуо шакшубҳасиз қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандлари зиддига қилган дуоси”, дедилар
(Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).

Онажоним қўмондон сингари аёл эди. Уч ака-ука бола-чақали бўлганимизда ҳам, ундан қўрқиб турардик. Ҳам яхши кўрардик, ҳам чўчирдик. Унинг назоратида ўсдик, ўқидик, мен имом бўлдим…

Шомга яқин қўй-молларни ўтлатиб қайтганимизда, қатор қилиб ўтирғизиб: “Олдин бир текшириб кўрай”, деганча сигарет чекканмизми-йўқми, назорат қиларди. Кейин савол берарди: “Пешинни, асрни ўқидингми, таҳоратни қаерда олдинг, ёнингда ким бор эди?” Агар қаноат ҳосил қилмаса, бошимизда туриб қазосини ўқитар, шундан кейингина овқат берарди.

Болалигимизда онамдан қўрққанимиздан биров билан жанжаллашмасдик ҳам. Чунки унга бу борада ҳам ҳисоб берардик. Онам сўкинадиган болаларни ёнимизга йўлатмас, улар билан бирга ўйнашга қатъиян рухсат бермасди.

Азизлар, бу юртга хизмат қилишни, жамиятимиз равнақ топишини хоҳласангиз, яхши қизларни – яхши оналарни тарбияланг. Қизларимизга инсоний таълим берайлик. Зеро, мен бугун имом бўлиб, озми-кўпми динимизга, элимизга хизмат қилаётган бўлсам, бу онамнинг ўша тергашлари, дуолари туфайлидир.

Бир имомнинг хотираларидан

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан