Мақолалар

“Аёлларингизга яхшилик қилишни тавсия этаман”

Чоп этилди Aprel 22, 2019 “Аёлларингизга яхшилик қилишни тавсия этаман”da fikr bildirishni o'chirish

Ҳозирги пайтда баъзи эркаклар арзимас нарса туфайли хотинини сўкиши, уриши ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаши каби кўнгилсиз воқеалар учраб туради. Баъзи эркаклар орасида Исломда аёлларни уриш орқали тарбия қилиш ҳақида кўрсатма бор, деган нотўғри талқин борлигига гувоҳ бўламиз. Йўқ, асло бундай эмас. Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб, унга бошқа махлуқотларига бермаган ақлу идрок неъматини берди. Демак, инсон уриб-сўкиб эмас, балки чиройли муомала ва гўзал хулқ билан тарбия қилинади. Тўғри, Қуръони каримда: «…уринглар…» дейилган, лекин бундан олдин бир қанча шартлар қўйилган. Қўлга эрк беришдан олдин бир қанча тарбиявий босқичларни ўтказиш лозим. Уриладиган тақдирда ҳам қаттиқ уриш, кўкартириш эмас, номига уриб қўйиш, заифа эканини эслатиш назарда тутилади.

Арзимас айби учун, фарзандларингиз онаси, кеча­лари ухламай бола катта қилган, саҳар туриб уйингизни супурган, кийимингизни тозалаб, сизга ширин-ширин таомлар тайёрлаб берган заифа аёлга кучингиз етдими? Албатта, аёл кишининг айби бўлиши мумкин. Хатолар так­рорланмаслиги учун шунга яраша шароит яратиб бериш эркак кишиниг вазифаси эканини унутмаслик лозим.

Баъзи кишилар Қуръонда «урингиз» дейилган, деб уни суиистеъмол қилишга уринадилар. Бу хатодир. Ҳар қандай оилавий можарони тинч йўл билан оқилона ҳал этиш мумкин.

Видолашув хутбаларида Пайғамбаримиз (алайҳис­са­лом), жумладан, бундай деганлар: «…Аёлларингизга яхшилик қилишни тавсия этаман. Улар сизларнинг барча ишларингизда ёрдамчиларингиздир. Фақат итоатсизлик ва ахлоқсизлик қилганларида уларни енгилгина уриб қўйингиз». Бошқа ҳадиси шарифда: «Яхшиларингиз (аёл­ларни) ҳеч қачон урмайдиганингиз», дейилган.

Уламоларимиз ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб: «Агар аёл била туриб, Аллоҳ таолонинг ҳақига риоя қилмаса, одоб тариқасида бир туртки сифатида танбеҳ берса бўлади», дейишади. Оятда аёлни уриб қўлини синди­риш, юзини кўкартириш ёки шунга ўхшаш бошқа шикаст етказишга умуман рухсат берилмаган.

Ҳар қачон ва ҳар ерда бизга ўзларининг юксак ахлоқ­лари билан ўрнак бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларини уриш у ёқда турсин, уларга ҳатто қаттиқ гапирмаганлар. Бу борада Ойша (розиял­лоҳу анҳо) онамизнинг  саҳобалардан бирларига айтган сўзлари ибратлидир: «Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам) ўз аёлларидан ва ходи­маларидан бирортасини ҳам умуман урмаганлар, ҳаётларида ҳеч кимга озор берма­ганлар. Фақат Аллоҳ йўлида, ҳаромдан қайтариш ёки Аллоҳ таоло учун қасос олиш мақсадида (уриш керак бўлса) урганлар».

Албатта, бу ўринда аёллардан ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида “Хотинларнинг яхшиси агар қарасанг, сени хурсанд қиладигани; буюрсанг, сенга итоат этгани; йўқлигингда ўз нафсини ва молингни муҳофаза қиладиганидир”, деб сифат­лаг­ан­ларидек хо­тин бўлишлари талаб қилинади.

  1. Эркак киши оиласига нисбатан барча масъулият­ни ҳис этиши ва ўзининг оилада устун эка­нини ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Шу маънода эркакнинг аёлдан устун экани ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёл­лар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоят­ли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинлар­нинг итоатсиз­ли­гидан қўрқ­сан­гиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтар­мангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир» (Нисо, 34).

Оятда эркак кишининг аёл устидаги раҳбарлик масъулияти икки сабабга асослангани баён қилинган. Биринчиси, эркак киши хилқат жиҳатдан чидамли, оила бош­лиғи бўлишдек масъулиятни кўтаришга қодир экани. Чунки эркаклар куч-қувват, сабр қила олиш, ҳар бир ишда шошмасдан мулоҳаза юритиш ва бошқа қоби­лиятлари билан устундир. Иккинчиси, оилада эркак­лар ўз молларидан нафақа сифатида сарф қилишлари, за­рур бўлган барча молиявий харажатларни ўз зиммала­ри­га олишлари. Яъни, хотиннинг еб-ичиш, кийиниш ва бошпа­нага бўлган эҳтиёжини эркак киши қондириши лозимлиги назарда тутилган.

Ҳақиқатда, эркак зоти аёл кишидан баъзи ху­сусият­ларда ортиқ қилиб яратилганига ҳеч шубҳа йўқ. Буюк ҳикмат ва қудрат соҳиби Аллоҳ таоло хилқатдаги бу ус­тунликда бир неча ҳикматни мужассам қилган. Таф­сирларда, жумладан, шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос қуйидаги афзаллик хусусиятлари қайд этилган: пайғамбарлик, ўринбосарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккур­нинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, таш­риқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номининг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиши ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларни ҳи­соб­га олиб, аёл кишининг эрига итоатли, ҳи­моятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида дои­мий ҳаракат қилиши диёнат жиҳатидан талаб этилган.

Эр киши, умуман, оиланинг тинчлиги тўғрисида қай­ғуриш билан бирга, энг муҳим таъминотлар бўлган озуқа, кийим-кечак, бошпана билан таъминлашга масъул­дир.Ушбу масъуллик шариат нуқтаи назаридан вожиб деб қа­ралади. Яъни, ушбу масъулиятни бажармаган одам Аллоҳ таоло олдида қаттиқ гуноҳкор ҳисобланади.

Маълумки, никоҳ муносабати билан зиёфат уюшти­рилиб, валийма-тўй ўтказилади. Ушбу тўйнинг хара­жат­лари, имкони бўлса, куёвнинг ўзи, яқин қариндошлари ёрдамида қопланади. Яъни, қисқа қилиб айтганда, тўйни куёв томон ўтказади. Эр ва хотин ўзлари яшайдиган уйни турмуш учун зарурий жиҳозлар билан жиҳозлаш ҳам эрнинг зиммасида бўлади. Лекин, афсуски, бугунги куни­мизда кўп ҳолларда буларнинг акси кўзга ташлан­моқда.

Хуллас, эркак киши оиланинг ҳамма талабларига жавоб бера оладиган бошлиқ бўлишга буюрилган. Қуръони каримда бундай дейилган:

«Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бача­дон­ларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол (иш) эмас. Агар эрлари ислоҳни (оилани тик­лаш­ни) хоҳласалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олиш­га ҳақлидирлар. Аёллар учун (белги­ланган ҳуқуқ­лар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркак­лар­да бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Бақара, 228).

Бир ёки икки талоқ қўйган эрлар идда чиққунига қадар сўз ёки ҳаракат билан ўз аҳдларидан қайтиб, никоҳни янгиламасдан турмушни давом эттиришлари мумкин. Аммо бир ёки икки «боин» (қатъий) талоқ қўйган бўлса, никоҳни янгилаш шартдир. Уч талоқ ёки ундан ортиқ ададни айтиб қўйган бўлса, эр-хотин ўртасидаги шаръий никоҳ бекор бўлиб, бирга турмуш қуриш мумкин бўлмай қолади. Бундай тақдирда, албатта, шариат пешволарига мурожаат қилиб, маслаҳат олиш зарур.

Бу эркаклар хоҳлаганларини қилишсин ёки аёлларига истаганларича  зулм ўтказишсин, дегани эмас. Устун­роқ бўлиш ортиқча масъулиятни зиммага олиш деганидир. Имконияти бўлатуриб оиласининг ҳожатларини қондиришга ҳаракат қилмаслик ҳам гуноҳдир. Бу Аллоҳ таолонинг омонат деб бер­ганига хиёнат қилишдан ўзга нарса эмас.

Устунлик эркакка хотинининг бирор айби бўлса, дарров унинг адабини бериш, азоблаш имкониятини бермайди, балки аёлларга бундай зулм қилишни шариа­ти­миз қат­тиқ танқид этади. Пайғамбаримиз (алайҳис­салом) бир ҳадисларида: «Яхшиларингиз аёлларига ях­ши муома­ла қиладиганларингиздир», деганлар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бир поғона устунроқ бўлиш тил ва қўлга эркинлик бериш эмас, балки уни яхшиликка ишлатиш, деганидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳадис­ларида:

ألا كلكم راع وكلكم مسؤول عن رعيته فالأمير الذي على الناس راع وهو مسؤول عن رعيته والرجل راع على أهل بيته وهو مسؤول عنهم

Яъни:“Огоҳ бўлинг! Ҳаммангиз раҳбарсиз ва ҳамман­гиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз. Бас, амир қўл остидаги инсонларга  раҳбар ва уларга масъулдир, эркак ўз оиласида раҳбар ва уларга масъулдир”, деганлар. Раҳбарлик масъулиятни сезиш мажбуриятларни бажариш демакдир. Ноҳақ ҳукм чиқариб, ножоиз ҳаракатлар қилиш, аҳлларига зулм кўрсатиш маъсият, гуноҳ деганидир. Демак, кишининг мавқеи қанчалик баланд бўлса, жавобгарлиги ҳам шунчалик қаттиқ бўлади.

  1. Аёл киши оиласининг ички ҳолатларига масъул. Юқорида таъкидланганидек, эр киши кўпроқ вақтини оиласини нафақа билан таъминлаш йўлида ҳаракат қи­либ ўтказади. Табиий, уй ишлари билан шуғул­ланиш­га кам вақт ажратади. Шу ўринда никоҳнинг фойдаси яқ­қол кўзга ташланади. Уй ишларини аёл киши қилади, покликка, тинчликка жавоб беради. Шунингдек, бошқа муҳим вазифаси ҳам бор, бу фарзанд кўриш, унга тарбия беришдир. Демак, аёл оиланинг ички ишларига масъулдир. Юқоридаги ҳадиснинг давомида бундай дейилган:

والمرأة راعية على بيت بعلها و ولده وهي مسؤولة عنهم والعبد راع على مال سيده وهو مسؤول عنه ألا فكلكم راع و كلكم مسؤول عن رعيته

яъни: “Аёл эрининг уйига ва фарзандларига раҳбар ва уларга масъулдир. Қул хўжайинининг молига раҳбар ва унга масъулдир. Огоҳ бўлинг! Бас, ҳаммангиз раҳбар­сиз ва ҳаммангиз қўл остингиздагиларга масъулдирсиз”.

Яъни, аёл эрининг молини у билан маслаҳатлашмай тасарруф қилмаслиги керак ва эрининг фарзандларига чиройли тарбия бериши керак.

  1. Ота-она фарзандларига масъул бўлиб, уларга адолат қилишлари зарур. Ота-онанинг неча фарзанди бўлса, ҳаммасига тенг қараши, ҳатто муомала қилганида ҳам баробар кўриши керак.
  2. Фарзандлар ота-оналарига яхшилик қилишлари, уларнинг сўзларини асло ерда қолдирмасликлари шарт.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 24000 сўм