Мақолалар

Юсуф Ҳамадонийнинг шакл ва шамойиллари

Чоп этилди Aprel 22, 2019 Юсуф Ҳамадонийнинг шакл ва шамойиллариda fikr bildirishni o'chirish

Муборак оёқларидан бири иккинчисига нисбатан бир оз калта эди. Юзларида чечак (доғи обила) хасталигидан излар қолганди. Соқоллари узун ва қизғиш эди. Жуссалари озғинроқ эди. Кимни кўрсалар, «хожа» деб мурожаат қилардилар. Сафарга кўп чиқардилар. Либослари жундан ва ямоқли бўларди. Арпа унидан тайёрланган нон, тариқли нон, уруғ ёғи ва қовун истеъмол қилардилар. Қирқ кунда бир марта товуқ гўшти, баъзан туя ва қўй гўштлари ҳам ер эдилар. Этикдўзлик ва деҳқончилик билан шуғулланар, Ҳақ таоло нима берса, камбағал, етим-есир, ға­риб, бемор ва аёлманд (серфарзанд), муҳтож, йўқсил оилаларга тарқатар эдилар. Умрларида бирон марта тиланчилик қилмаган, муридларини ҳам бундан қайтарардилар. Доимо Аллоҳга суянар, дунё ишларига муҳаббат қўймас, бошқаларни ҳам бу йўлдан ман қилар эдилар. Ҳар йил қирқ кун амри маъруф, наҳйи мункар қилар, инсонларга яхшиликни тавсия этардилар. Подшоҳ ва бойларнинг уйларига бормас эдилар. Етмиш беш йил бўйдоқ яшадилар (Кейин уйланганлар тарж).

Кўзларининг устида бир нишона бор эди. Вафотларидан кейин ихтилоф чиқди. Баъзилар «ўнг тарафида», баъзилар «чап тарафида эди», дедилар. Муборак кўзлари қатъиятли эди. Номаҳрам, болалар ва аёлларга тикилиб қарамас эдилар. Хизр (алайҳиссалом)нинг изни билан ражаб ойининг ўнинчи куни Самарқандга келдилар. Хушовоз, ўрта бўйли, бармоқлари узун эди. Кўпинча шиппак ва ямоқ кийим киярдилар. Муридларидан ямалган кийим кийганларни ёқтирар, уларга ҳурмат кўрсатардилар. Умрларида бирон марта оёқларини узатмаганлар. Доимо Ҳақ таолодан қўрқиб йиғлардилар. Ширинсўз, табассум билан гапирардилар. Очликдан ва риёзатдан беллари букилган эди. Баланд овоз билан (жаҳрий) зикр қилмасдилар. Зеро, уларнинг замонида жаҳрий зикр йўқ эди. Муридлари жуда кўп эди. Шайхининг шайхи бўлган Абул Ҳасан Харақонийни (425/1034 йил вафот этган) кўрган эдилар. Ҳамадоннинг Ғунайма маҳалласида туғилган эдилар. Кўп вақт яёв юрардилар.

Пайшанба, жума ва байрам кунларида оқшом чоғи улуғ зотларни зиёрат қилардилар. Бошқа шаҳардан келган мусофирдан қайси шаҳардан келганлиги, у ерда қандай дарвишлар яшаётганлиги ва у жойда дафн этилган орифларнинг номларини сўраб-суриштирар эдилар. Нафасни тутиб, қалбий зикр қилганлари учун аъзойи баданлари доим терларди. Кундалик ўқийдиган зикр (вирд)лардан ташқари, ҳар фарз намозидан кейин бир пора Қуръон тиловат қилардилар. Ҳозир ул зот дафн этилган Ғатфар тумани Хушвуруд маҳалласидаги уйдан[1] масжиди жомеъга боргунга қадар Қуръони каримни хатм қилардилар. Масжиддан Хожа Ҳасан Андоқий ва Хожа Аҳмад Яссавийнинг уйларига қадар Бақара сурасини ўқир, масжидга қайтишда эса Оли Имрон сурасини тиловат қилардилар. Шайхимизнинг масжидидан бу дарвишларнинг уйларигача бўлган масофа бир юз етти қадам эди. Намознинг икки ракатида бир пора Қуръон ўқирдилар.

Шайхимиз юзини баъзан Ҳамадон тарафига буриб, кўп йиғларди. Ҳақ таолодан солиҳ бир ўғил фарзанд сўрар эди. Доимо Хожа Абдурраҳмон Деҳмард Алийёнагийнинг ваъзига борарди. Қиш мавсумида сочларини кам тарошларди. Ул зот Салмони Форсийнинг асоси ва салласини сақлардилар. Янги ой кирганда, Самарқанд пешволарини чақирар, улар билан шариат илмидан баҳс ўтказарди. Самарқанд улуғлари ҳам унинг суҳбатидан баҳраманд бўлардилар. «Хожаи зиндадилон» («тирик қалблар хожаси») Хожа Хизр (алайҳиссалом) билан суҳбат қиларди. Яхши ўқ отар, мол-мулк сотиб олмас, доим ёнида Қуръон, жойнамоз, тароқ, мисвок, хушбўйлик ва сочиқ олиб юрарди. Кўз оғриғи ва яралар учун дорию малҳам тайёрлар, бадан ҳарорати учун суюқ дори берарди. Чата ва Тўқмоқ[2] лашкарлари бостириб келганида уларга қарши жанг қиларди. Доим таҳоратли юрар, узрсиз жума ва жамоат билан намоз қилишни тарк этмас эди. Кимдан жафо ва азият кўрган бўлса, унга яхшилик билан жавоб қайтарарди.

Таомини ўзи пиширар, кийимларини ўзи ювар, йиртилса ҳам ўзи тикиб-ямарди. Бозорда пиширилган овқатлардан емасди. Салласини катта қилиб боғларди. Либосининг енги кенг ва калта бўларди. Кийимларини совун билан камдан-кам юварди. Овоз чиқариб кулмасди. Бировнинг насибасига ва луқмасига кўз олайтирмас, тўсқинлик қилмас эди. Мулойим сўзлар, юраётганда оҳиста қадам ташларди. Салавоту истиғфорни кўп такрорлар, витр, таҳажжуд ва тасбеҳ намозларини бир-бирига яқин вақтда адо этарди. Кўп дуо қилар, суҳбатдошларига ҳам кўп-кўп дуо қилишни тавсия этарди. Каромату валийлигини намойиш қилмасди. Мўминлардан бирортаси ул зотни уйига таклиф қилса, ким бўлишидан қатъи назар борарди. Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани камситмас эди. Бировга асло мақтанмасди. Тез-тез қабр зиёрат­ла­ри­га борар, қабристонни ялангоёқ кезар, қабр аҳлига салом берар, оят-ҳадисларда нақл этилган дуоларни ўқирди. Кўпинча нон­ни сиркага қў­шиб истеъмол қиларди. «Дуои Сай­фий», «Қасидаи Бурда», «Чиҳил исми аъзам» ва Қуръон оятларини кўп мутолаа этарди. Кечалари соқолини кўп тарарди. Кўп фой­дали ишлар буюрарди. Отга кам минар, кўпроқ эшак ва туяга минарди. Бозорга кам борарди. Исломдаги илк тўрт халифа – чаҳорёрларнинг фазилатларини кўп тилга олар, уларнинг маноқибларини ҳикоя қи­либ берарди. Ҳа­лол еб, ҳалол меҳнат қилувчи­лар­ни дўст ту­тар­ди. Ўлимни, қиёматни, жон беришни, қабрдаги савол-жавобни, қайта тирилишни, амал кито­бининг ўқилишини, амалларнинг тарозида тор­тилишини ва Сирот кўпригидан ўтишни кўп эслар ва йиғларди. Халқни ҳалол маошдан ки­йинишга ва ҳалол меҳнат билан кун кечиришга ташвиқ этарди. Мўминлар билан бирга бир идишдан овқат ер, овқатланишдан аввал ва кейин қўлларини ювар, таомни туз билан бошлар ва яна туз билан тугатар эдилар. Калимаи радди куфрни доим такрорлаб юрарди[3]. Бомдод намозидан кейин доим «Ёсин» сураси­ни ўқишни асло тарк қилмасди. Жумодас-со­ний ойининг охирги кунлари билан Ражаб ойи­да рўза тутиш­ни канда қилмасди. Мис, ку­муш ва олтин идишларда таҳорат ва ғусл қилмас эди.

Фирибгар, айёр, фосиқ, мутакаббир, лақма, ҳийлакор, золим кишиларни ва ота-онасини ранжитувчи, жанжалкаш, бидъатчи, феъли бузуқ, бенамоз, беҳуда сўзловчи, маддоҳ, сохтакор, судхўр, ёлғончи, очкўз, бозорда тентировчи ҳаромхўр, одамларга ёмон лақаблар қўювчи, жамият ишларида ўз манфаатини кўзловчи, макр, қаттиқ-сўзлилик ва товламачилик билан ҳақни ноҳақ­қа чиқарувчи, ўзини халқ орасида мўмин, зоҳид, диндор, суннатга боғлиқ, дарвиш, олим, тақводор, обид, амри маъруф ва наҳй мункар қилувчи бир инсон сифатида кўрсатувчи риёкор, дунёвий мақсадлар билан ўзини омма орасида яхши ва зоҳиран шариатга риоя қилувчи киши қилиб намойиш этувчи кимсаларга суҳбатла­ри­да тавба қилишни тавсия этарди. Тавба қил­ма­са, ўзига душман тутар ва ўз мажлисидан қу­виб юборарди.

Нонни сув билан кам истеъмол қиларди, ле­кин кўпроқ қуруқ нон ер эди. Гапираётганда «мен» демасди. Агар эҳтиёж бўлса, «бечора» дерди. Би­рон кишини «кўппак, тўнғиз, бадбахт, лаънати, бенасиб» сингари сўзлар билан сўкмасди. «Иссиқ-совуқ» демасди. Ҳаммомга бормасди. Ҳеч кимни қарғамас, учраган мўминга салом берар, ҳар бир кириб келган киши учун оёққа турарди. Доим фикр сурар, ғамгин эди. Адад ҳисобини билмасди. Хати гўзал эди. Мўйловларини қисқартириб юрар, муридлари ҳам шундай қилишарди. Танҳоликни, хилвату узлатни ихтиёр этарди. Кўпинча ёвғон (гўштсиз, ёғсиз тайёрланган суюқ овқат) ер эди. Доимий равишда мужоҳада ва  риёзатли эди. Халқнинг таомини емас[4], авом билан суҳбатлашишдан сақланарди. Қора этик кияр, салласини донишмандларга ўхшаб ўрар ва учини икки елкаси орасига ташларди. Яхши кетмон чопарди. Ишсиз, текинхўр ва еявериб семириб  кетган одамларни дўст тутмасди.

Табобат илми билан алоқадор нарсалардан сўзларди. Йўлда кетаётиб, ҳар томонга аланг­ламасди. Мажлисда барчага тааллуқли сўзлар­дан гапирарди. Масжидга, хонақоҳга ва уйига ўнг оёқ билан кириб, чап оёқ билан чиқарди. Ўнг қўл билан овқатланар, кам таом ер эди, бошяланг намоз ўқимас ва овқатланмас эди. Баланд овозда қироат қилмасди. Агар кунда юз марта таҳорати синса ҳам қайта таҳорат қи­ларди. Масжид, саҳро, маҳалла, қишлоқ ва тоғларга кўп чиқар, у ерда яшовчи турк, тожик, араб, эркагу аёл, хожа, дарвиш, қул, савдогар, хўжайин, чўпон, туякаш, таниш-нотаниш ҳар хил тоифадаги кишиларга Исломдаги фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, одоб, ҳаром, ҳалол, мубоҳ ва макруҳ нарсалар, ҳайз, нифос, истиҳоза, ол­ди-сотди ва ҳоказо муома­лалардан сўз юри­тар, имкон ва тоқатларига кўра тушунтирар эди.

Кимдан бир яхшилик кўрса, уни бир неча баробар қилиб қайтарарди. Ёнида доимо хурмо, йирик майиз ва кулча олиб юрар, атрофидагиларга улашарди. Шайхининг ҳузурида гапир­мас эди. Одамларнинг экинзорларидан ўтмас­ди. Намозни чўзиб юбормасди. Уй-рўзғор ишларини ўзи бажарар, тегирмонга ўзи борарди. Баҳорда кўп саёҳат қиларди. Ишроқ, аввобин, таҳажжуд ва истихора (каби нафл) намозларини тарк этмас эди. Шаҳид бўлишни орзу қиларди. Садақа ва закот берар, эътикофга кирар, қурбонлик қилар, қул озод этарди. Ҳақ
таолонинг таҳдидидан қўр­қар, ваъдасига умидвор бўларди. Кўнгилдан севувчи ва севилувчи, сидқу сафо аҳлига мансуб бир инсон эди. Ихлосли, ҳалим ва саховатли зот эди. Аллоҳга доим шукр қилар, асло шикоят этмасди. Ҳақ қисматига рози, ҳар лаҳза ўлимга тайёр эди. Атрофи­дагиларга меҳру шафқатли, қарияларни ҳур­мат қилар, норасидаларни эркалатарди. Омонат­га хиёнат этмас, қариндош-уруғларини тез-тез зиёрат қилар, ҳар қандай хавф-хатардан Аллоҳ­га сиғинарди. Доимий равишда охиратни талаб қилар, Аллоҳдан тавфи­қу тоат тиларди. Қўни-қўшничилик ҳақига риоя қиларди. Йўлларни йўловчиларга азият етказувчи нарсалардан тозалаб юрарди.

Имонига шубҳа йўқ, «ҳақиқатан мўминман» дер эди. Мусулмон жамоалар билан тортишмас, яхши-ёмон ҳар қандай инсоннинг орқасида туриб намоз ўқир, қибла аҳлидан бирортасини «кофир» демасди. Катта-кичикнинг жаноза намозини ўқирди. «Яхши ва ёмон ҳар қандай қадар Аллоҳдан» дерди. Ҳукмдорга бўйсунар­ди. «Имон Жаноби Ҳақнинг лутфидир», дер эди. «Банда бутун азамати ва мукаррам­ли­гига қарамай барибир махлуқдир… Қуръ­он Аллоҳнинг бандалари­га айтган сўзидир, махлуқ эмасдир», дер эди. «Қабр азоби, Мункар ва Накир (савол-жавоби) ҳақдир. Тирикларнинг дуосидан ўликларга наф етади, дер эди. «Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг шафоати ва меърожи ҳақдир. Амал китобини ўқиш ва сирот кўприги ҳақдир. Ўн саҳоба (ашараи мубаш­шара) жаннатийдирлар. Кофир доим азобда[5]. Ўликнинг суягидаги оташ, тошдаги оташ кабидир», деб айтарди. «Аллоҳ таолонинг дийдорини кўриш ҳақдир. Пайғамбарларнинг мартабаси ав­лиё­нинг мартабасидан баланддир. Авлиёнинг ка­ромати ҳақдир. Пайғамбарларнинг ақли авлиёнинг ақлидан устундир. Мўминларнинг ақли ко­фирларникидан афзалдир. Ҳақ таоло ҳақи­қий маънода билувчи ва қудрати билан қувват­ли», дерди.

«Инсонлар беш тоифага бўлинадилар: мў­мин, кофир, мунофиқ, гуноҳкор ва мушрик. Имон ҳақиқийдир, мажозий эмас», дер эди. «Душман­ларингни хурсанд қилинглар», дер эдилар. «Ҳақ­нинг тавфиқи банданинг феъли ва ғайратига боғлиқдир. Имон икки аъзодаги бир нарсадир. Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхша­май­ди, бошқа нарсалар ҳам унга ўхшамай­ди. У муайян бир маконда эмас. Балки маконни Яратувчидир. Унга макон ҳожат эмас. Касб қилиб кун кечириш фарздир. Солиҳ амал имондандир. Имон тоатдир, аммо ҳар қандай тоат имон эмас. Ҳар қандай гуноҳ иш куфр бўлавермайди. Пайғамбарлар, валийлар, мўминлар, солиҳ зотлар ва гуноҳкорлар­нинг имони билан Жаброил (алайҳиссалом)нинг имо­ни бир хил. Имомнинг нуқси қавмга ура­ди. Имон орт­майди ва камаймайди. Аллоҳнинг севикли бандаларидан бу меҳнат ва муҳаббат­ла­ри ту­файли илоҳий амрлар соқит бўлмайди», дер эди­лар[6].

Суи хотима (имонсиз кетиш)дан қўрқар­ди. Тутган йўли ва танлаган мезони юқо­ри­да зикр қилинган тарзда эди[7]. Мазҳа­би (Имо­ми Аъзам) Абу Ҳанифа ва асҳоби тутган йўл эди. Фақирлик ва йўқсилликни хуш кўрарди. Баъ­зи дарвишлар чориқ киярдилар ва ҳазрати шайх масҳ тортишни буюрардилар.
Таомни ейиш­дан аввал «бисмиллаҳ», ниҳояси­да «алҳамду лил­лаҳ» дер эди. «Ҳуш дар дам» (Ҳар бир нафасни идора этинг, гуноҳ ва ғаф­лат­да қолмаслик учун ундан огоҳ бўлинг), «назар бар қа­дам» (гуноҳ ва ғафлатда қолмаслик учун оёғингиз остига ва олдингизга қаранг), «сафар дар ватан» (ватанда сафар қилинг) ва «хилват дар анжуман» (зоҳиран халқ билан ботинан Ҳақ билан бўлинг)», дер эди. Зоҳирда ва ботинда машойих ҳузурида адаб, таъзим ва икром билан ўтирарди. Суҳбатдош, ҳаммаслак ва хизматдош биро­дарларига нисбатан қўли очиқ эди, уларни ўзи­дан устун кўрарди. Барча махлуқотдан рози эди. Ҳеч кимга ҳасад қил­мас, бойликдан қўрқарди. Гоҳида: «Эй азаматли подшоҳлар ва нодону ғо­фил, жоҳиллар, дарвишларнинг хилватдаги ру­ҳий лаззат­лари­дан ғофилсизлар. Бошқаларни дил зикри билан баҳраманд қилинг. Нафсни танишга ва кўнгил­га келадиган тушунча (хавотир)ларни билишга ҳаракат қилинг», дер (ва қўшимча қи­либ: «Эй Абдулхолиқ, хавотирни билиш иши сенга ҳавола қилинди»)[8], «Зоҳирингизни парокандаликлардан халос этинг, чунки зоҳиран пароканда кишининг ботини ва кўнгли ундан ҳам баттар пароканда бўлади», дер эди.

Кофирлар, насроний, оташпараст ва зардуштийларнинг уйларига борар, уларга ҳазрати Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг фазилатларини тушунтирар, жаннат ва дўзах ҳақида сўзлар, огоҳлантирар, исломни қабул қилишга даъват этарди. Натижада, улар исломни қабул қилишарди. Кейин улар шайхга совға-салом инъом этишар, шайх ҳазрат ҳам уларга ҳадя билан жавоб қайтарардилар. Уларга диний амр ва таъқиқларни ўргатар, муридларига: «Уларни ҳурмат-иззат қилинг!» дер эди. Муридлари билан бирга саёҳатга чиқишни ёқтирар, «Ақлга эргашинг, нафсга мухолифлик қилинг, ақл ва нафс бир жойда жам бўлмайдиган бир-бирига зид икки нарсадир. Тоатга мағрурланманг. Дунё­га берилманг ва дунёвий безакларга майл этманг», дер эди. Доим шайхининг орқасида туриб намоз ўқирди-ю, ёнида турмасди. Аввал ўнг пойабзалини кийиб, тўпиғига эътибор берар, сўнг чап оёқ кийимини кияр эди.

Фарз намозидан кейин ўтириб «Оятул курсий», «Аманар расулу», «Қулиллаҳумма маликал мулк» оятларини ўқир, сўнг суннат намозини адо этарди. Намозни ўз вақтида ўқир, кечиктир­мас­ди. Қиш кечаларида ёстиқ ишлатар, ёзда эса бўйра устида суяниб ётарди. «Илоҳи, бизни нафсимиз билан ёлғиз ташлаб қўйма, бизга рози бўлганинг нарсаларни насиб айла, оқибатимизни хайрли қил, инсон шаклидаги шайтонлардан бизни узоқ тут!» деб муножот қиларди. Муридларининг ҳурма­тини жойига қўяр, мажлисга келган-келмаган ва бир-биридан шикоят қилганларни юзлашти­риб, яраштириб қўяр, бир кишининг сўзига қа­раб, бошқасини ранжитмасди. Мабодо бириси келиб: «Фалон киши сизни менсимай тилга олди, ҳақорат қилди», деса, «Унинг айтганига розиман», дер эди.

Қози, муфти, раис, имом, муаззин ва қоровулларга қилган хизматларининг савобини ту­шунтирар, уларни эзгуликка ташвиқ этиб: «Ҳақ томонида бўлинг!» дея насиҳат қиларди. Самарқанд пешволарига қалъа қуриш лозимлигини айтар эди. Агар капча – чўмич орқали қозонга чанг-тупроқ тушган бўлса, у таомдан емас эди. Касалларни зиёрат қилар, муҳтожларга қарз берар, лекин қайтиб олмасди. Шаҳзода Қусам ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг қабрини зиёрат этарди. Дўстларидан бирортаси Чата, Тўқмоқ ва Урус қўшинларига қарши жангларда шаҳид бўлганини эшитса, жаноза намозини ўқирди. Бирон нарса ёки бирор кишини лаънатламас ва Чингизни дуоибад қилмасди. Муридларини гўшт ейиш (ғийбат) ва кўп сўзлашишдан ман этарди. Ўзи ҳам кўп гапирмасди. Ҳужрасида бўйра, кигиз, кўза, икки ёстиқ ва қозондан бошқа нарса йўқ эди. Бойни мол-давлати туфайли камбағалдан устун кўрмасди. Ҳар доим фақир ва бой саҳобаларнинг аҳволларидан сўз юритар, муридларига ҳам уларга эргашишни буюрарди.

Қон олдирар, ништар урдирар, дори ичарди. (Ўзи ташкил этган) мадрасада талабаларга дарс берарди. Доимо таҳоратли юриб, овқатни ҳам таҳоратли ҳолда ерди[9]. Ишларида шошилмас, бало ва қийинчиликларга сабр қилар, ҳар кимга сирини ошкор этмас, ўзининг одатий ишларини тарк этмас, бир ишга кучи етмаса, ўзидан ранжиб, истиғфор айтарди. Ҳар оқшом ўтган кунининг ҳисоб-китобини қиларди. Ризқ ғамини емасди. Кўп намоз ўқир, рўза тутар, муридларини инс, жин ва шайтон каби душманлардан огоҳлантириб: «Бу душманлар доимо таҳоратли юриш ва зикр қилиш билан даф этилади», дер эди. Шайхидан нима эшитган ва кўрган бўлса, шуларни муридларига тавсия қиларди. Тўғри келган жойга ҳожат қилмасди. Гиёҳ ўсган жойларга бавл қилмас ва тупурмас эди. «Ҳақ» исмини кўп айтар, Аллоҳ таолони зикр қилмасдан таомга қўл узатмас ва: «Луқма ейиш бу – уруғ сепишдир. Уруғни онгли ва ҳушёр ҳолатда экиш керакки, қуввати таом бўлсин», дер эди.

Либосини пешобдан эҳтиёт қилар эди. Бирон кишига ваъда берган бўлса, сўзининг устидан чиқарди. Мусулмонларга қўли ва тили билан зиён етказмасликка ҳаракат қиларди. Муҳтожларга ёрдам берарди. Бурнига хушбўй ҳид таралса, салавот келтирар, «Ла илаҳа иллаллоҳ ал-Малик ул-Ҳаққ ул-Мубин» ва «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳоналлоҳил-азим ва биҳамдиҳи, астағфируллоҳа мин кулли занбин ва атубу илайҳ» дуоларини, «Субҳоналлоҳ» калимасини охиригача кўп ўқирди. Доимий равишда бош оғриғидан қийналарди. Бир кун Хожа Ҳамидуддин Мултонийнинг мақоми (қабри)да: «Менга бу дард берилганига қирқ уч йил бўлди. Саҳобалардан баъзилари ҳам доим бир дард билан оғриб юрар, аммо улар буни халқдан яширар эди», дедилар. Бева, ғариб, етим ва мусофирларнинг аҳволини сўраб-суриштирар, уларни қўллаб-қувватлар эди.

[1] Манбаларда Юсуф Ҳамадонийнинг қабри Туркманистон­нинг Марв шаҳрида эканлиги айтилади. Дарҳақиқат, бугунги кунда у ерда Ҳамадонийнинг зиёратгоҳ қабри мавжуд. Абдулхолиқ Ғиждувоний устозининг қабрини Самарқанддаги Ғатфар тумани, Хушвуруд маҳалласида деб кўрсатмоқда. Бу маълумотни ва Ҳамадоний ҳазратларининг дафн этилган ерини тўғри аниқлаш келгусидаги тадқиқотлар мавзусидир (Тарж.).

[2] Т.н.да: «Луқмот».

 

[3] Калимаи радди куфр: «Аллоҳумма инний аъузу бика мин ан ушрика бика шайъан ва ана аъламу вастағфирука лима ла аълам. Иннака анта алламул ғуюб» (мазмуни: Аллоҳим, сенга бирон нарсани шерик қилиб қўйишдан паноҳ тилайман. Билганим ва билмаганим мавзуларда сендан мағфи­рат сўрайман. Албатта, сен яширин нарсаларни энг яхши билувчисан).

 

[4] Яъни, тақво юзасидан ҳар хил одамларнинг таомидан емас­ди. Лекин уйига даъват қилганларнинг хонадонига борган, таоми­дан ҳам еган (Тарж.)

 

[5] Т.н.да шу сўздан кейин: «Худои таоло мўминлардан (кимнидир гуно­ҳи­га яраша) азоблайди».

 

[6] Т.н.да бу жумла йўқ.

[7] Т.н.да шу ерда: «Суннат шудирки, Расул (алайҳиссалом) буюрган ва қил­ган ишдир. Жамоат шудирки…» жумласи бор.

[8] Қавс ичидаги жумла «Рисолаи соҳибия»дан киритилди.

 

[9] Т.н.да шу сўздан кейин: «таомни туз билан бошларди».

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙНИНГ  “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 11500 сўм