Мақолалар

Масъулият

Чоп этилди Aprel 24, 2019 Масъулиятda fikr bildirishni o'chirish

Қадим замонда бир подшоҳнинг одамови ўғли бор эди. Шаҳзоданинг тенгқурлари, ака-укалари ўйнаб-кулишарди, овга чиқишарди… У эса уззукун хонасига қамалиб олиб, ёлғиз ўтиришни хоҳларди. Ўғлининг маҳзун юзига боқиб, подшоҳ эзиларди. Шу боис у бир донишмандни ҳузурига чақирди. Унга аҳволни маълум қилгач, бир чора топишни буюрди. Агар бир ҳафта ичида бу топшириқни уддалай олмаса, бошидан айрилишини айтди.

Донишманд ўйга толди. Шаҳзодани маҳзунлик ҳолатидан чиқариб олишга кўзи етмагач, ўз жонини қутқариш учун узоқларга бош олиб кетишга жазм қилди. Хафа, ўйчан ҳолда уй-жойини, ватанини тарк этиб, йўлга чиқди. Яйловда қўй боқиб юрган болани учратди. У билан суҳбатлашди. Шунда чўпон бола донишманддан илтимос қилди:

– Амаки, бир оз қўйларимга қараб туринг. Эрталаб шошганимдан тушликка егулик олишни унутибман, қишлоққа бориб келай!

Донишманд рози бўлди.

У ўз ташвиши билан бўлиб, бир улоқча жарликка қулаб тушганини сезмай қолди. Эчкининг тинмай маърашидан сергак тортди ва улоқчани қутқаришга шошилди. Аввало пастга тушиши анча қийин кечди. Кейин бечора жониворни олиб, тепага кўтарилиш эса янада машаққатли бўлди. Бир неча бор қилган ҳаракатлари зое кетди. Аммо донишманд таслим бўлмади, тиранди, тирмашди, қийналди. Охир оқибат улоқчани қутқаришга эришди.

“Ёш дўсти”га берган ваъдасининг устидан чиқиш, улоқчани қутқариш учун шу қадар қаттиқ уриндики, оқибатда ўз ташвишларини унутаёзди…

Шу пайт унинг онгу шуурида бир фикр чақмоқдек чақнади: “Одам жиддий иш билан банд бўлса, унга бирор масъулиятли юмуш топширилса, майда-чуйда ташвишлар ҳақида ўйлашга, ўзи билан овора бўлишга вақти қолмайди…”

Бу ҳақиқат барчага, шу жумладан, подшоҳнинг ўғлига ҳам тааллуқлидир.

Донишманд ортига қайтиб, ҳукмдор ҳузурига кирди ва топган ечимини айтди.

– Ҳукмдорим, агар ўғлингизни маҳзунликдан қутқаришни истасангиз, унинг зиммасига бир масъулият юкланг. Бутун вақтини банд қиладиган иш топширинг. Шаҳзодадаги барча муаммоларнинг асосий сабаби бекорчилик. Унинг елкасига юклаган масъулият қанчалик жиддий ва муҳим бўлса, ўғлингизни шунчалик тез ҳаётга қайтаради.

Нигора МИРЗАЕВА

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан