Слайдер

Рамазон тақвими нашр этилди

Чоп этилди Aprel 23, 2019 Рамазон тақвими нашр этилдиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳурматли мўминлар ва мўминалар барчангизни тобора яқинлашиб келаётган раҳмат ойи – рамазон билан қутлаймиз.

Рамазон рўзасини тутишга тайёргарлик кўраётган азизларимиз ҳар йили Рамазон тақвими чиқишини ўзгача интиқлик билан кутадилар. Зотан, рамазонда вақтнинг аниқлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриёти ҳам юртдошларимизга қулайлик бўлсин деган ниятда ҳижрий 1440 (милодий 2019 йил) учун  “Рамазон тақвими”ни нашр этди. Тақвим фалакиёт илми билан шуғулланувчи олимлар, Мусулмонлар идораси фатво ҳайъати уламолари ва бошқа мутахассисларнинг маслаҳатларига таянилган ҳолда тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 2122-хулосаси асосида чоп этилди.

Бу  йилги тақвимда фойдаланувчилар учун қулайлик бўлиши учун саҳарлик вақти пушти рангда, ифторлик вақти мовий рангда берилди. Тақвимнинг бир тарафида Тошкентдан олдин саҳарлик ва ифторлик қиладиган ҳудудлар, бошқа тарафида эса Тошкентдан кейин саҳарлик қиладиган ҳудудлар келтирилди.

Тушунарли бўлади деган мақсадда бу ерда ҳам ранглар ажратилди. Масалан, Тақвимда Қўқон –  5/8 дейилганда ёзувларнинг рангига қараб ажратилади: 5 сони пушти рангда, дроб ортидаги 8 сони  мовий рангда. Демак, қўқонликлар тошкентликлардан 5 дақиқа олдин оғиз ёпишади ва 8 дақиқа олдин ифторлик қилишади.

Тақвимнинг сўнгги саҳифасида саҳарлик, ифтор дуолари ҳамда таровеҳ тасбеҳи араб ва ўзбек тилларида берилган. Буни яхши ўрганиб олган кишилар ушбу дуоларнинг арабчасини ўқиб, ўзбекчасини кўнглидан ўтказиб Аллоҳ таолодан ҳожатларини сўрайди, иншаа Аллоҳ.

“Рамазон тақвими”ни республикамиздаги барча китоб дўконларидан харид қилишингиз мумкин. Нашриётнинг ўзидан харид қилсангиз, янада қулай нархларда оласиз.