Мақолалар

ЖАННАТ АЁЛЛАРИ САЙЙИДАСИ – ФОТИМАИ ЗАҲРО (605 – 633)

Чоп этилди Dekabr 19, 2018 No Comments

Жаннат аёлларининг саййидаси Фотима онамиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг севимли, у зотга энг кўп ўхшайдиган кенжа қизларидир. Бу муҳтарама аёлнинг исми асли Фотима бўлган эса-да, ниҳоятда гўзал ва нафис бўлгани боис Заҳро (Гулдек) сифатини қўшиб айтганлар. Фотима онамизнинг Али розияллоҳу анҳудан олти нафар фарзанди – уч ўғли (улардан бири болалигида вафот этган. Унинг оти Муҳсин бўлган), уч қизи бўлган. Вояга етган фарзандларининг исмлари: Ҳасан, Ҳусайн, Умму Кулсум. Зайнаб ва Руқиядир. Пайғамбар алайҳиссалом бетоб ётганларида Фотима онамизнинг қулоғига бир гапни айтганларида йиғлаганлари, яна бир гапни айтганларида кулганлари ҳикоят қилинади. Кейинроқ Оиша онамиз ундан: “Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деган эдилар, бир йиғладингиз, кейин кулдингиз?” деб сўраганларида “Мен боқий дунёга кетаман” деганларида йиғладим; “Менга энг тез етишадиган сен бўласан”  деганларида севиниб кулдим”, деб жавоб қилган эканлар.

Худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, У зот боқий дунёга кўчганларидан кейин олти ойдан сўнг Фотима онамиз оламдан ўтдилар. Саодат асри тарихидан аён бўлишича, Фотима онамиз шу қадар ғамга ботган эканларки, ўша ўтган олти ой ичида сира ҳам кулмаган эканлар.

Фотима онамиз Мадинада дафн этилганлар.

***

Қурайш ўша замонларда арабларнинг энг катта қабиласи эди. Уларнинг бошқа қабилалардан фахрланишга арзийдиган устунлиги – Каъбанинг калити уларнинг қўлида эди. Қурайшлар иккита  уруғга бўлинган эди: Бани Умайя ва Бани Ҳошим. Бани Умайя уруғи энг бой уруғ сифатида эътиборли бўлса, Бани Ҳошим Каъбанинг хизматчилари бўлгани боис уларнинг нуфузи янада  баландроқ эди.

Бани Ҳошим уруғи бошлиғи Абдулмуталлиб вафот этганидан сўнг йўлбошчилик унинг ўғли Абу Толибнинг қўлига ўтди. Лекин у отасидек қудратли одам эмас эди. Чунки савдо ишлари ўша кезларда орқасига кетгани оқибатида жуда ҳам камбағаллашиб қолган эди. Шундай донишманд одам муҳтожлик сабаб бўлиб фарзандларини ҳам яқин қариндошлари оиласи тарбиясига беришга мажбур бўлади.

Икки уруғ орасида кучли рақобат бошланади. Умайидлар қурайшни тўлиқ назорати остига олишга ҳаракат қилади. Бунинг учун улар ҳошимийларнинг руҳини синдириши керак бўлар эди. Қурайшлар ичида уларнинг шарафини ҳимоя қила оладиган киши сифатида Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ишонч билдирилади.

Абдулмуталлибнинг Маккадаги эътиборли ва бадавлат аёл – Хадичага (розияллоҳу анҳо) уйланган набирасининг ижтимоий аҳволи хийла яхши эди.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қатъиятлилик, тўғрисўзлик, ҳалоллик, омонатга хиёнат қилмаслик каби юксак инсоний фазилатлари билан ҳошимийлар ва қурайш йўлбошчилари орасида машҳур эдилар. Бу сифатлари унинг Абду Манноф авлодларининг улуғ ишларининг давомчисига бўлишига ва ҳошимийлар шарафини муносиб тарзда ҳимоя қила олишига ишонч уйғотар эди. Одамлар уни Абдулмуталлибнинг обрў-эътиборини ва шон-шарафини қайта тиклайди деб умид қилар эдилар.

Ҳамза ёвқур эди, аммо ёш эди. Абу Лаҳабга ишониб бўлмас эди, у бетайин эди. Аббос бадавлат эди, аммо юмшоқ табиатли киши эди. Абу Толиб яхши фазилатларга бой, аммо моддий жиҳатдан камбағал одам эди. Фақат Муҳаммадда (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) раҳбар бўлиш учун етарли барча воситалар мавжуд эди. Боз устига у ёш ва навқирон эди. У жуфти билан бирга Бани Ҳошимнинг ҳар жиҳатдан тўкис оиласи эди. Бу оиладан катта умидлар қилинаётган эди.  Уларнинг сояси Маккага тушиб турган эди.

Ҳамма бу оилада ўғил фарзанд туғилишини кутаётганди. Чунки ўғил бола Абдулмуталлиб авлодларининг руҳини кўтариб куч-қувват бағишлар эди. Биринчи фарзанд ўғил туғилди. Унга Қосим деб от қўйдилар. Аммо у икки ёшида вафот этди. Оила яна ўғил кутишда давом этди. Кейин яна биринчи фарзанд қиз туғилди. Унга Зайнаб деб от қўйдилар. Иккинчи ва учинчи фарзандлар ҳам қиз бўлди. Уларга Руқаййа ва Умму Кулсум деб от қўйдилар. Кейин ўғил туғилди: Абдулло. Ундан умидлар жуда катта эди. Аммо у ҳам кичик ёшида нобуд бўлди.  Энди оиланинг уч нафар қизи бор эди, холос.

Хадича онамизнинг ёши қайтиб қолди. Аммо ўшандай бўлса ҳам яна бир фарзанд кўрдилар. Лекин у ҳам қиз туғилди. Унга Фотима деб от қўйдилар.

Бахт умайяларга кулиб боққандек эди гўё. Душманлар ўзаро: “Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уруғи кесилган. Оила халқасининг охирги занжирининг тўртта қизи бор, холос”, деб шивирлаша бошлашди.

“Тақдирнинг қандай ажойиб ва ғаройиб ўйинлари бор” деганларидек, ҳаёт давом этарди. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг Расули ўлароқ Маккани озод қилдилар. Бутун араб қабилалари унинг итоатига ўтди. Унинг қиличи нафақат Арабистон ярим оролини, балки бутун олам империясини тор-мор қилди. Унинг овози осмону ер бўйлаб жаранглади. Бир қўлида қудрат, иккинчисида нубувват тожи. Мутлақ шараф уники бўлди. Абду Маннофдан бошланган шажара дарахти ҳошимийлар даврида ҳам, Абдулмуталлиб даврида ҳам бу қадар баланд ўсмаган эди. У тез орада Хира тоғидан ҳам баландликка юксалиб кетди. У араб саҳросининг ҳар тарафига қараб қўл чўзди. Қиёматга қадар у шу йўсинда юксалишда давом этажак ва бу юксалиш тўрт қизи бор инсоннинг шарофати ила бўлди.

У бу ютуқларга эришгунга қадар уч қизи вафот этиб фақат биргина кенжа қизи – Фотима онамиз қолдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсоният тарихини Абду Манноф, Абдулмуталлиб, қурайшлар ёки арабларнинг муносиб вориси сифатида бирлаштирмади, балки  у Иброҳим алайҳиссаломнинг, Нуҳ алайҳиссаломнинг, Мусо алайҳиссаломнинг, Исо алайҳиссаломнинг вориси эди ва унинг ягона меросхўри Фотима онамиз эди.

Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Раббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй. Албатта, сени ёмон кўриб айбловчининг ўзининг орқаси кесикдир” (Кавсар сураси).

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилган кимсаларнинг, унинг уруғи кесилган деб туҳмат қилганларнинг ўнлаб ўғли бор эди. Ана ўшаларнинг ҳаммасининг уруғи кесилди. Зеро, “Биз сенга Кавсарни ҳадя қилдик”дан мурод – Фотима онамиз эди.

Фотима онамиз Одам алайҳиссаломдан бошланган буюк аждодлар – пайғамбарлар авлодининг давомчиси эди.

Аёллар ислом дини туфайли озодликка эришди. Бу – ислом динида аёлнинг қадри қанчалик баланд эканини кўрсатади. Жоҳилия даврида қиз боланинг туғилиши иснод саналарди. Қизларни туғилгани заҳоти тириклай кўмиб келишарди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло унга нима тақдир қилганини идрок этгандилар. Фотима онамиз ҳам ўзининг ким эканини яхши билардилар. Шу боисдан тарих Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига бўлган муносабатда унга қандай мулойим муомала қилганига, қўлларида кўтариб юрганига ҳайрат билан боқади.

Фотима онамизнинг уйлари Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларнинг ёнида, Масжиди Набавийнинг қаршисида эди. Икки уйнинг орасини икки метр чамасидаги девор ажратиб турар эди. Бир-бирига қараган икки деразанинг бири Пайғамбар алайҳиссаломнинг, иккинчиси ҳазрати Алининг деразаси эди. Ҳар тонгда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам деразаларини очиб севимли қизи билан саломлашар эдилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарга чиқадиган бўлсалар эшикларни чертиб у билан хайрлашар эдилар. У зот сафарга чиққанларида энг кейин хайрлашган ва қайтганларида уйига кирадиган биринчи инсон бу – Фотима онамиз эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом эшикни тақиллатиб унинг аҳволини сўрардилар.

Айрим тарихий манбаларда Пайғамбаримиз Фотима онамизнинг юзларидан, қўлларидан ўпганларини айтади. Ота ва фарзанд ўртасидаги бундай меҳрибонлик ўша даврнинг ғайриинсонийлик муҳитига қарши инқилоб бўлган эди. “Ислом дини Пайғамбари Фотиманинг қўлидан ўпдилар” бу муносабат нуфузли одамлар ва сиёсатчиларнинг кўзини каттароқ очишга мажбур этди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг атрофидаги саҳобаи киромлар эса Фотима онамизнинг буюклиги қаршисида ҳайратга тушдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу одатлари инсониятни асрлар давомида йиғилиб келган  ярамас анъаналардан воз кечишга ўргатди. Бу одатлар инсонларни фиръавинларга хос бўлган тожу тахтга, мансабу амалга, бойлигу бадавлатликка учиб ғурурланишни ортга улоқтириб аёлларга эҳтиром кўрсатишга ўргатди. У одатлар авлодлар давомчиси бўлган аёлларни эъзозлашга ўргатди.

Бу билан Пайғамбар алайҳиссалом фақат оталик меҳрини намойиш этиш билан чекланиб қолмасдан оталик бурчини қандай адо этишни ҳам кўрсатиб бердилар. У зот Фотима онамизни улуғлаб: “Бу дунёда яшаган аёлларнинг аълоси тўртта. Улар: Мария, Осиё, Хадича ва Фотимадир”, деган эдилар.  Шунингдек, Имом Ҳоким қилган ривоятда: “Фотиманинг севинчи – менинг севинчим; унинг нафрати – менинг нафратим. Ким Фотимани яхши кўрса, мени яхши кўрибди. Ким уни севинтирса, мени хурсанд қилибди. Ким уни ранжитса, мени ранжитибди” ва “Фотима – менинг жонимнинг бир парчаси. Ким унга озор берса, менга озор берибди, ким менга озор берса, Аллоҳга қарши борибди”, деганлар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима онамиз ҳақидаги гапларини жамоат олдида кўп қайтарар эдилар. Бу билан одамлар у зотнинг Фотима онамизга бўлган муносабатларини билишини истардилар. Ва ниҳоят севинч ва озорга урғу берганларининг сабаби ҳам маълум бўлди.

Бунинг жавоби оғриқли ва шунинг билан бирга, жуда муҳим ҳам эди…

***

Тарих буюк шахслар ҳақида ҳикоя қилиш билан чекланиб қолмайди, балки уларнинг шахсига бўлган диққатни бир ерга жамлайди ҳам. Болалар эса ҳар доим унутиб қолдирилади. Фотима онамиз оиланинг кенжа фарзанди эди. Инсоният тарихидаги ва қиёматга қадар энг шарафли бўлиб қоладиган оиланинг ана шу кенжа фарзанди Пайғамбар алайҳиссалом боқий дунёга кўчгунларигача яшаган ягона фарзанддир. Унинг болалиги шиддатли даврлар ичида кечди.

Унинг туғилган санаси ҳақида Имом Табароний, ибн Исҳоқ ва ибн Ҳошим унинг отасига ваҳий келиб бошлашидан беш йил бурун туғилган, дейдилар.

Муравиж аз‑Заҳиб Масъудий бу ҳодиса нубувват бошланганидан сўнг беш йил ўтгач юз берган эди, деб ёзади. Яъқубий: “Ваҳий келиб бошлаганидан кейин”, дейди.  Шундай қилиб анъанавий манбаларда турлича тахминлар айтилади. Ҳанафийлар, моликийлар, ҳанбалийлар, шофиийлар бу санани ваҳий келишидан беш йил бурунги вақт билан белгилашга иттифоқ қилганлар. Жаъфарийлар эса нубувват ҳаёти бошланганидан сўнг  беш йил ўтганидан кейин деган фикрдалар. Мантиқан олиб олиб қаралганда, Пайғамбар алайҳиссалом 63 ёшида боқий дунёга кўчганлар. Ўша йилда Фотима онамиз ҳам вафот этдилар. Ёшлари 28да эди дейилади тарихий манбаларда. Расули акрамга 23 йил ваҳий келганидан ҳисоб қилсак, Фотима онамиз нубувватдан беш йил олдин туғилгани аён бўлади.

Фотима (онамиз) Маккада ёлғизланиб қолганлар. Икки акаси кичик ёшида ўлиб кетган, онасидек бўлиб меҳрибонлик қилиб тарбиялаётган катта опаси Зайнаб (розияллоҳу анҳо) Абу ал-Осс (розияллоҳу анҳу) оиласига келин бўлиб тушиб кетади. Орадан яна қанчадир вақт ўтиб Руқаййа ва Умму Кулсумни Абу Лаҳаб ўғилларига келин қилиб олиб кетади. Бундан кейин Фотима (онамиз) буткул ёлғизланиб қолади.

Бу вақтда Пайғамбар алайҳиссалом ҳар тарафдан душманларнинг қаршилигига учраётган, Хадича онамиз севимли жуфтига далда бўлиб турган эдилар. Фотима (онамиз) жуда кичик ёшиданоқ азоб-уқубатларни ва қўрқинчли воқеаларни кўп кўрган эдилар. У жуда ҳам кичик бўлса-да, отаси уни ўйнатиб кўчага олиб чиқишга вақт топа олмас, унинг ўзининг ҳам кўчага ёлғиз чиқаришдан хавотир олар эдилар. У отасини оломоннинг ичида турганларини кўп кўрган эди. Отаси мулойим овозда гапирар, улар эса шовқин-сурон солиб у зотни хақорат қилар эдилар. Бир сафар у отасининг Масжид ул-Ҳаромда хақоратлашганига гувоҳ бўлдилар. Ўша вақтда Фотима (онамиз) отасининг ёнларида эдилар. Кейин улар бирга уйларига кетишди.

Бир сафар Пайғамбар алайҳиссалом саждага борганларида жоҳиллар у зотнинг бошига қўйнинг ичак-чавоғини ағдариб юбордилар. Фотима (онамиз) отилиб бориб жажжи қўлчалари билан отасининг бошларини тозалаб уйларига эргаштириб кетдилар.

Шу мурғаккина қизчанинг отасига меҳрибонлигини кўрганлар унинг отасини қўллаб-қувватлаётганини кўриб қойил қолдилар. У ана шу машаққатли даврда қаттиқ синовларни ва хатарларни бошдан кечирди. Ҳар доим беғубор бола қалби билан отасини қўллаб ёнида юришга ҳаракат қилдилар. Шу боисдан “умм ал-абиха – отасининг онаси” деган номни олдилар.

***

Пайғамбар алайҳиссалом боқий дунёга кўчганларидан сўнг 95 кун ўтиб жумадус сонийнинг душанбасида Фотима онамизга ҳам ажал соя солди. Дастлаб болаларини ўпдилар, сўнгра Али розияллоҳу анҳу билан видолашдилар. Кейин Умми Рофиани чақиртириб унга устидан сув қуйдириб ғусл қилдилар. Отаси боқий дунёга кўчган вақтда кийиб дафн маросимидан кийин ечиб қўйган кийимларини кийдилар. Сўнг Умми Рофиага тўшагини хона ўртасига ўтказдириб, юзини Каъбага ўгириб кутиб ётдилар. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, кўз юмдилар.

***

Фотима онамиз шахси ҳақида сўз юритишга инсон на сўз топа олади, на журъат. У ислом дини инсониятга мусулмон аёл ҳаётда қандай яшаши кераклигини кўрсатувчи идеал эди. Унинг маънавий қиёфаси шахсан Пайғамбар алайҳиссалом тарбияси ила шаклланган эди. Оламлар сарвари уни инсониятни ҳали-ҳали ҳайратга солиб келаётган ўткир донишмандлиги билан покиза ҳолда улғайтирдилар.

Фотима онамиз аёл назокатининг тимсоли эди. У отаси билан бўлган вақтида ҳар жиҳатдан мукаммал қиз эди. Эри билан бўлган вақтда ҳар жиҳатдан мукаммал жуфт эди. Болаларининг ёнида бўлганида ҳар жиҳатдан мукаммал она эди.

Фотима онамиздан сўнг Али розияллоҳу анҳу бир неча марта уйланганлар ва кейинги аёлларидан фарзандлар кўрганлар. Аммо бошданоқ Фотима онамизнинг болаларини айириб, уларга алоҳида меҳр билан муносабатда бўлганлар. Шу боисдан кейинчалик “бану Али”, “бану Фотима” деган атама пайдо бўлган эди.

Бу бизнинг одатларимизга тўғри келмайдиган ажойиб ҳодиса эди. Али розияллоҳу анҳунинг фарзандлари Фотима онамиздан исм олган эдилар. Биз Пайғамбар алайҳиссалом уларга алоҳида меҳр билан қараганини кўрамиз. Пайғамбаримизнинг қизлари орасида фақат унинг фарзандлари шундай номга эга бўлган эди.

Фотима онамиз. Расул акрам фақат унга ишонар эдилар. У энг кичик ёшиданоқ буюк таклифнома олган эдилар.

Биби Марямга бағишланган конференциялардан бирида француз ёзувчиларидан бири бундай деган эди: “1700 йилдан бери Шарқу Ғарбдаги турли халқларнинг файласуфлари ва мутафаккирлари Марямнинг буюклигидан сўз юритиб беҳад ажойиб фикрларни айтдилар; 1700 йилдан бери дунёнинг энг истеъдодли шоирлари қаламларини чархлаб Биби Марям ҳақида гўзал шеърлар ёздилар; 1700 йилдан бери дунёнинг энг моҳир ҳайкалтарошлари ва рассомлари Марямнинг ёрқин сиймосини яратишга ҳаракат қилиб ақл бовар қилмас ҳайкаллар ясадилар, расмлар солдилар. Аммо ўтган шунча вақт ичида мутафаккирлар ҳам, ҳайкалтарошлар ҳам, рассомлару шоирлар ҳам Марям ҳақидаги оддийгина сўз – Марям Исонинг (алайҳиссалом) онаси деган иборачалик унинг сиймосини ярата олмадилар”, деган эди.

Дарвоқе, дунёнинг энг моҳир сўз усталари ҳам  Фотима онамизнинг тасвирини яратишга ожизлик қиладилар. Чунки Фотима онамиз – отасининг онаси эдилар.

Маъмурахон СУЛТОНОВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan