Мақолалар

Тингланг ва сукут сақланг

Чоп этилди Aprel 25, 2019 Тингланг ва сукут сақлангda fikr bildirishni o'chirish

Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” (Аъроф сураси, 204-оят).

Уламолар ушбу оятдаги “уни тинглангиз ва сукут сақлангиз” буйруғи намоз ичи ва намоздан ташқарига баробар тегишлидир, дейишган. Хусусан, ҳанафий мазҳаби уламолари: “Имом намозда қироат қилганида иқтидо қилувчилар жим қулоқ осишлари керак”, дея алоҳида таъкидлашган. Ибн Жазий (раҳимаҳуллоҳ): “Мазкур оятга кўра Қуръонга қулоқ солувчи Аллоҳнинг раҳматига ниҳоятда яқин бўлади”, деган.

Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Кўпчилик уламолар овози ширали қироат соҳибидан тиловат қилиб беришини сўраб, уни тинглашар эди. Бу Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатлари ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Менга қироат қилиб бергин”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил қилинган бўлса, сизга мен қироат қилиб берайинми?” дедим. У зот: “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни хуш кўраман”, дедилар. Мен Нисо сурасини ўқиб, “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва сизни (эй Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” (Нисо сураси, 41) оятига етганимда, “Етарли”, дедилар. Қарасам, икки кўзларидан ёш оқаётган экан».

Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг Қуръонни бошқадан эшитишни хуш кўришлари маълум бўлмоқда.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Қуръони карим қироатини ўрганиш ва моҳир қорилардан пухта ўзлаштириб олишга буюрганлар. Шу сабаб саҳобаларга: “Қуръонни тўрт кишидан олинг: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим, Муъоз ва Убай ибн Каъбдан”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Фарҳод ЖЎРАЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан