Мақолалар

Юсуф Ҳамадонийнинг Самарқандага келишининг сабаби

Чоп этилди Aprel 24, 2019 Юсуф Ҳамадонийнинг Самарқандага келишининг сабабиda fikr bildirishni o'chirish

Самарқандга ҳазрати Шайх билан бирга (қуйидаги) ўн бир киши келган эди: 1. Абу Мусо Ходим. 2. Бу ожиз банда Абдулхолиқ. 3. Имом Яҳё Ғатфарий. 4. Хожа Исҳоқ. 5. Хожа Рибот. 6. Хожа Закариёнинг акасининг ўғли. 7. Хожа Одам Шодворий. 8. Хожа Муҳаммад Ҳаким Сарпулий Балхий. 9. Хожа Муҳаммад Чилла[1]. 10. Хожа Қурайш. 11. Бобо Сулаймон Орифи Туркий.

Шайхимиз Юсуф Ҳамадонийнинг Самарқандга келиш сабаби шундай эди: Хожа Ҳамидуддин Мултоний вилоятга кетади, орадан олти йил ўтади. Хожа Хизр (алайҳиссалом) Малатяда эди. У ерда Имом Молик наслидан Абдулжамил исмли бир юз ўн уч ёшли бир одам яшарди. Ҳақ таолодан бир фарзанд тиларди. Ўша аснода Малатя подшоҳига қарши душман пайдо бўлиб, уни мамлакатидан қувиб чиқариб, мол-мулкини эгаллаб олади. Малатя подшоҳи дашту саҳрода кезар, соқоли ва қошларини тарошлаган эди. Тасодифан йўлда Абдулжамилнинг уйига кўзи тушади. Бир неча кундан бери ҳеч нарса емагани учун бу хонадон аҳлидан егулик сўраш хаёлига келди. Уйга яқинлашганида дўстлик бўйи димоғига урилди. Кекса бир отахонга кўзи тушди, унга салом бергач, рум тилида: «Бу вилоятнинг лашкариданман. Бир неча кундан бери ҳеч нарса еганим йўқ», деди. Хожа Абдулжамил: «Уйга киринг», деди. Подшоҳ уйга киргач, уни ўтқазиб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Сув  келтириб: «Таҳорат қилинг», – деди. Подшоҳ таҳорат олгач, кекса Абдулжамил «таҳорат учун шукр намози ўқинг», – деди. Подшоҳ намозни адо этгач, Абдулжамил турли неъматларга тўла бир дастурхон келтириб, подшоҳнинг олдига ёзди. Подшоҳ истаганича тановул қилди.

Кейин унинг кийимларини ювдилар. Соч-соқолини тартибга келтирдилар ва: «Истироҳат қилинг», дедилар. Подшоҳ уйқуга кетади. Уйғонгач, йиғлай бошлади. Кўп йиғлади. Хожа Абдулжамил подшоҳнинг кўп йиғлаганини кўриб, бунинг сабабини сўради. Подшоҳ: «Айтолмайман», деди. Хожа Абдулжамил қасам ичди ва: «Айт, уялма», деди. Подшоҳ унга қараб: «Мени танийсизми?» деди. Хожа: «Малатя подшоҳи бўлсанг керак», деди. Подшоҳ: «Ҳа», деди. Хожа Абдулжамил:  “Вилоятингни қайтариб олмоқчимисан?», деб сўради. «Албатта, оилам, бола-чақам номаҳрамларнинг қўлида», дейди подшоҳ. Хожа: «Агар вилоятингни қайтариб олсанг, менга қизингни берасанми?» деб сўраганида, подшоҳ бу таклиф-шартни қабул қилди. Хожа деди: «Сен падаримиз Имом Молик мақбарасига бориб, у ерда қирқ кун чилла ўтиришинг керак». Подшоҳ қабул қилди ва Имом Молик мақбарасига равона бўлди.

Вилоятни қўлга киритган золим ҳукмдор эса халққа зулм қилар, мусулмонларнинг мол-мулкини, бола-чақаларини тортиб олиб, истаганича тасарруф этарди. Шу боис халқ қийин аҳволда қолган эди. Эски подшоҳни эса излаб тополмасдилар. Халқнинг оқсоқоллари Хожа Абдулжамилнинг ҳузурига келиб, аҳволни тушунтирдилар. Хожа: «Мен сизларга аввал айтгандим, подшоҳингиз билан бирга бўлинг, у билан бирга жанг қилинг, дегандим. Аммо танбаллик қилдингиз, энди қилган хатоингизнинг жазосини тортяпсизлар», деб койиди. Шунда халқ пешволари: «Бизга ўша подшоҳимиз керак, маънавий ҳиммат кўрсатинг, уни топиб беринг», дея илтижо қилдилар. Хожа: «Кечаси зирҳларингизни кийиб, қуролланинг. Подшоҳга ҳужум уюштиринг, уни ва одамларини асир олинг, мен эса подшоҳингизни олиб келаман», деди. Хожа шундай дегач, одамларни жўнатди ва Имом Моликни зиёрат қилишга йўл олди. Зиёратгоҳда подшоҳни кўрди, у анча озиб қолган эди. Подшоҳ Хожани кўриб, ўрнидан турди, ҳурмат кўрсатди ва ундан Малатя вилоятини қайтариб олишда ёрдам беришини сўради. Хожа: «Вилоятингни сенга топширдик, ўрнингдан тур ва уловингга мин», деди. Румнинг пешволари унинг (подшоҳнинг) истиқболига чиқдилар ва Хожанинг айтганини қилиб, подшоҳни кутишарди. Подшоҳнинг келганини эшитиб, дарҳол шаҳар ташқарисига чиқишди, уни тахтга ўтқазишди. Душманларни оғир занжирларга солиб олиб келишди ва ҳукмдорнинг буйруғи билан қатл этишди. Шаҳар ичига киргунга қадар тантана қилиб, қизни Хожага узатиш тараддудини кўрдилар. Подшоҳ Хожага: «Қизимни қабул қилинг!» деди. Хожа подшоҳ қизини никоҳлади ва Рум диёрига йўналди. Ҳақ таолонинг тақдири билан у қиз Хожа Абдулжамилга бир ўғил туғиб берди. Унга Хожа Абдулхолиқ деб ном қўйдилар.

«Муҳтарам отам исмимни Хожа Хизр (алайҳиссалом) танлаганини айтарди. Йигирма икки ёшга тўлганимда Хожа Хизр (алайҳиссалом) мени ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадонийга олиб борди. Шайх Хизр (алайҳиссалом)нинг олдида менга қалб зикрини талқин этдилар. Кейин Хизр (алайҳиссалом) ҳазрати шайхга: «Сиз Самарқанд шаҳрига боришингиз керак», деди. Шундан кейин Шайх Юсуф Ҳамадоний исмлари юқорида айтиб ўтилган азизлар билан бирга Самарқандга келдилар. Ғатфар туманининг Хушвуруд маҳалласида яшай бошладилар. Уч ой ўтиб, Хожа Ҳасан Андоқий ва Хожа Аҳмад Яссавийлар шайхнинг суҳбатига келиб қўшилдилар. Шайх уларга ҳам қалб зикрини талқин этдилар. Тўққиз ойдан кейин Хожа Абдуллоҳ Баррақий келиб, мурид бўлди. Бу азизларнинг даврида Самарқанд, ҳатто Амударё бўйидаги вилоятлардан тортиб, Қора Хожагача, Хоразм вилоятидан то Бадахшонгача бўлган минтақада бидъатчи ва нафсу ҳавосига тобе бўлган бирон эътиқоди бузуқ киши қолмади.

[1] Т.н.: Жўҳла.

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 11500 сўм