Мақолалар

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қурайш карвони ҳақида хабар беришлари

Чоп этилди Aprel 24, 2019 Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қурайш карвони ҳақида хабар беришлариda fikr bildirishni o'chirish

Исро ва Меърожга тааллуқли мўъжизалардан яна бири – Исро воқеаси бўлганда Қурайш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Фалон ердаги бизларга тегишли туялар ёнидан ҳам ўтдингми?” деб сўрадилар. “Аллоҳга қасам, ўтдим. Бир туяни йўқотиб қўйиб, излаб юришганини кўрдим ва яна фалон қабиланинг туялари ёнидан ҳам ўтдим, улар ичидаги бир қизил туянинг оёғи синиб қолганини ҳам кўрдим”, дедилар.

“Туяларнинг сони ва уларни боқувчилари ҳақида хабар бер”, дейишди. У зот сўраган нарсаларининг хабарини бердилар.

Шунда Қурайшдан бири туриб, туялар ва боқувчиларини санаб, қайтиб келди. “Уларнинг сони шунча-шунча ва боқувчилари фалончилар”, деб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини тасдиқлади (Ҳасан ҳадис. Имом Абу Яъло ривояти. Ибн Ҳажарнинг “Фатҳул Борий” китоб­ларида 7/240-ҳадис).

Байҳақийдан келтирилган ривоятда бундай дейилган:

“Ё Расулуллоҳ! Исро воқеаси қандай бўлганди?” деб сўрадик. “…сизларга айтган сўзимнинг исботи, мен фалон ердан сизларнинг карвонларингиз ёнидан ўтдим. Бир туяни йўқотиб қўйишган экан. Уларни фалончи тўплаб турибди ва фалон-фалон жойга тўхтадилар. Сизларнинг олдингизга фалон куни етиб келишади. Уларнинг олдида устига қора, дағал, каноп ёпинчиқ ёпилган қора туя келмоқда. Туянинг устига иккита қора қоп ортилган”, дедилар.

Айтилган кун келганда одамлар уларни кутиб олиш учун чиқишди. Кун ярмига яқинлашганда карвон кўринди. Уларнинг олдида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сифатлаган туя келарди» (Саҳиҳ ҳадис. Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа ривоятда:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Байтул Мақдисга сайр қилдилар. Сўнг шу кечада қайтиб, қилган сайрлари, Байтул Мақдис ва уларнинг карвонлари ҳақида сўзлаб бердилар. Шунда одамлар: “Биз Муҳаммаднинг бу сўзларига ишонмаймиз”, дейишди. Аллоҳ таоло уларни Абу Жаҳл билан биргаликда ҳалок қилди» ( Саҳиҳ ҳадис. Имом Аҳмад ривояти. Ибн Касир тафсири).

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 23000 сўм