Мақолалар

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарларнинг саййиди ва сўнггисидир

Чоп этилди Aprel 24, 2019 Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарларнинг саййиди ва сўнггисидирda fikr bildirishni o'chirish

Муҳаммад (алайҳиссалом) пайғамбарлар сўнггисидир. У зотдан кейин Аллоҳ томонидан бошқа ҳеч қандай расул юборилмайди. Бундан кейин ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси каззобликдан ўзга нарса эмас. Бу нарса буюк Аллоҳ таолонинг ўзгармас қарори – иродасидир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан ҳадиси шариф ворид бўлган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَثَلِى وَمَثَلُ الأَنْبِيَاءِ مِنْ قَبْلِى كَمَثَلِ رَجُلٍ بَنَى بُنْيَانًا فَأَحْسَنَهُ وَأَجْمَلَهُ إِلاَّ مَوْضِعَ لَبِنَةٍ مِنْ زَاوِيَةٍ مِنْ زَوَايَاهُ فَجَعَلَ النَّاسُ يَطُوفُونَ بِهِ وَيَعْجَبُونَ لَهُ وَيَقُولُونَ: هَلاَّ وُضِعَتْ هَذِهِ اللَّبِنَةُ؟!» قَالَ: «فَأَنَا اللَّبِنَةُ وَأَنَا خَاتَمُ النَّبِيِّينَ».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтдилар: “Ўтмиш анбиёлар билан менинг мисолим бундай: бир киши чиройли ва гўзал бино қурдида, бурчакларнинг бирида бир ғишт жойини бўш қолдирди. Одамлар бу гўзал бинони зиёрат қилади, томоша қилатуриб, ажабланган ҳолда: “Бу бўш жойга ҳам ғишт қўйилмайдими?!” дейди. Ана шу ғишт менман ва мен пайғамбарларнинг якунловчисиман(Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар чиқиши мум­кин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик даъво қилса, у барча мўминлар томонидан ёлғончи дея, инкор этилиши керак.

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, ер юзида яшайдиган Ўзининг халифаси қилгандан кейин унинг болаларига тўғри йўлни кўрсатиб туриш учун таълимотлар ҳам юборишни ва буларни одамларга етказиш, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиш учун уларнинг ичидан пайғамбарлар танлаб олишни ирода қилди. Ана ўша пайғамбарларнинг биринчиси Аллоҳнинг иродаси билан Одам (алайҳиссалом) бўлди. Кейин эса, бирин-кетин бошқа пайғамбарлар кела бошлади. Пайғамбарлар силсиласининг охирги ҳалқаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўлдилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ана шу нубувват ва рисолат биносининг охирги ғишти ва Аллоҳ таоло Ўз банд­ларига юборган пайғамбарларнинг охиргиси экани таъкидланмоқда. Бинога охирги ғишт терилгандан кейин қурилиш якунланади. Ундан кейин бошқа ғишт терилмайди. Аллоҳ таоло М­ҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салла)ни пайғамбар қилиб юборганидан кейин пайғамбарлик ниҳоясига етди. Энди бошқа пайғамбар юборилмайди.

Ҳар бир нарсанинг ҳикматини биладиган Аллоҳ Ўзи яратган инсониятни пайғамбарлар орқали тўғри йўлга солишни ихтиёр қилди. Бунинг учун нубувват ва рисолат биносининг пойдево­рини мустаҳкам қилиб қўйди. Яъни, ҳар бир пайғамбарга юборган диннинг асоси бўлмиш ақидани ҳаммалари учун бир хил қилди. Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган барча пайғамбарларнинг ақидалари бир хил эди. Бу ақида Аллоҳ таолонинг ягоналиги, барча айблардан холи экани, қиёмат куни, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзахга имон келтиришдан иборат эди.

Аммо динларнинг ақида қисми бир хил ва ўзгармас бўлгани билан, уларнинг амалий қисми – шариатлар ўзгармай туриши мумкин эмас эди. Аксинча, шариатлар замон ва маконга, уммат­лар ва уларнинг савиясига қараб ривожланиб борди. Шунинг учун Аллоҳ таоло диннинг пойдевори бўлмиш ақиданинг устига ҳар бир набийга берилган шариатни худди пойдевор устига қўйилаётган ғишт мисоли қилиб бирин-кетин қўйиб турди.

Одам (алайҳиссалом) даврида кишилик жамияти содда бўлгани учун, уларга содда ва оддий шариатни жорий қилди. Мисол учун, шароитдан келиб чиқиб, ўша шариатда ака-сингилнинг оила қу­ришига изн берилди. Кейин эса, инсонлар сони ортиб бориши натижасида бу ҳукм бекор қилинди. Вақтлар ўтиши билан шариатлар ҳам ўсиб борди. Аллоҳ таоло инсониятни ана шу тарзда тарбиялаб, уларни камол топтириб келди.

Охири келиб, инсоният вояга етганда, унга энг мукаммал ва боқий шариат бўлмиш шариати муҳаммадияни берди. Нубувват ва рисолат биносининг энг сўнгги ва энг гўзал ғишти қўйилди.

Энди бу бинога ғишт қўйилмайди. Бошқа пайғамбар юборилмайди. Ислом шариати барча замон ва маконлар учун, барча халқ, элат ва миллатлар учун қиёматга қадар боқийдир.

Муҳаммад (алайҳиссалом) абул анбиё вал мурсалин – набий ва расулларнинг отаси Иброҳим (алайҳиссалом) ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг зурриёти эдилар. Оталарининг исмлари Абдуллоҳ, боболариники Абдулмутталиб, оналарининг исми Оминадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари шарқда – Ислом дунёсида ҳам, ғарбда – христиан оламида ҳам кўплаб тарихчилар томонидан жуда муҳим ва аҳамиятли бир мавзу сифатида ўрганилди, бу борада катта тадқиқотлар олиб борилди.

Ислом дунёсида тарих мусулмон олимлари томонидан дастлаб “сияр” ва “мағозий” шаклида бошланди ва кейинчалик “Футуҳот тарихи”, “Табақот”, “Умумий тарих” каби номлар остида бир неча тарих китоблари ёзиб қолдирилди. Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўргатувчи тарих турига эса“Сийрати набавия” ёки “Сияри Набий” деб ном берилди.

Ҳадис олимлари у зотнинг бутун ҳаётларини илмий йўл билан тушунтириб берди.

Инглиз олими Жон Давенпорт ўзининг “Ҳазрати Муҳаммад ва Қуръони карим” китобида бундай ёзади: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар ичида тарихий ҳаёти ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган шахс йўқдир”.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида сўраган кишиларга Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқлари Қуръон эди”, деб жавоб берган эди. Ҳақиқатан ҳам, Қуръоннинг ҳамма амрлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суратлари ва сийратларида ўз ифодасини топган. Демак, Исломнинг асосий қонуни бўлган Қуръонни тушунишимиз учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини, сийратларини ўрганишимиз шартдир. Бу зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини билмасдан туриб, исломий илмлардан бирортасини на тафсир, на ҳадис, на фиқҳ, на ахлоқни) рисоладагидек тушуниб, моҳиятига етиб бўлмайди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” (1-жилд) китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 34000 сўм