Мақолалар

Илмсизликнинг давоси сўрашдир

Чоп этилди Aprel 26, 2019 Илмсизликнинг давоси сўрашдирda fikr bildirishni o'chirish

Савол: Ясама соч (парик) тақиб юрган аёл киши таҳорат пайтида унинг устидан масҳ тортса жоиз бўладими?

Жавоб: Ясама сочнинг устига масҳ тортилса, таҳорат жоиз бўлмайди.

 

Савол: Аёллар руку ва саждани қандай қилишади?

Жавоб: Аёллар саждада қоринларини сонларига, болдирлари ва билакларини ерга теккизиб, билакларини қўлтиқларига ёпиштириб сажда қилади. Аёллар саждада қадамларини тикка қилмай, уларни жуфтлаб ўнг тарафларидан чиқариб, оёқ бармоқларини иложи борича қиблага қаратишади (“Ҳидоя”).

Аёллар руку учун салгина энгашади. Рукуда қўл бармоқларини жуфтлаштириб, тиззаларига қўйишади. Аёллар қаъдада думбалари билан ерга ўтирадилар. Оёқлари эса ўнг тарафдан чиқиб, бармоқлари қиблага қаратилади (“Раддул Муҳтор”, “Баҳрур роиқ”).

 

Савол: Бир дугонам менга олдинги турмушингдаги қайнотанг ҳам сенга маҳрам бўлади,деб айтди. Шу тўғрими?

Жавоб: Ҳа, тўғри. Аёл кишига эр томонидан қайнотаси, эрининг бошқа хотини бўлса, ундан туғилган фарзандлари абадий маҳрам бўлиб қолади. Яъни, улар билан ўртада никоҳ жоиз бўлмайди.

Аммо эрининг амакиси, тоғаси, ака-укаси ва уларнинг ўғиллари аёлга маҳрам бўлмайди.

Савол: Аёлимга менинг ака-укам, амаким ва тоғам маҳрам бўладими, уларнинг аёлим билан ёлғиз қолишлари мумкинми?

Жавоб: Эрининг амакиси, тоғаси, ака-укаси ва уларнинг ўғиллари аёлга маҳрам бўлмайди. Шу сабабли уларнинг аёл билан ёлғиз
қолишлари, эри йўқ вақтда унинг уйига киришлари жоиз эмас.

Савол: Тиббий кўрик натижалари эрнинг бепуштлиги, хотиннинг фарзанд туғиши мумкинлигини кўрсатди. Замонавий илмфан эса бундай ҳолатда бегона эркакнинг пуштини хотиннинг бачадонига сунъий йўл билан юбориш орқали ҳомила пайдо қилиш имкониятига эга. Ҳар бир эр-хотиннинг фарзанд кўришга бўлган истагини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг умидини шу йўл
билан рўёбга чиқариш шаръан жоизми?

Жавоб: Сунъий уруғлантиришнинг икки тури мавжуд. Биринчиси жоиз. Бу никоҳда бўлган эр-хотиннинг ўртасидаги мазкур амалиётни ўтказишдир. Иккинчиси, шаръан ножоиз. Яъни, никоҳи бўлмаган эркакнинг уруғини солиш. Ҳозирги илм-фан сунъий йўл билан уруғлантириш борасида, шаръий никоҳ орқали эр-хотин бўлганлардан ташқари, бегона эркак ва аёлнинг ҳам уруғ ва тухум ҳужайраси бир-бирига сунъий йўл орқали чатиштирилиб, фарзанд туғдириш ҳолатлари кузатилмоқда. Маълумки, эркак ва аёлнинг шаръий никоҳсиз жинсий яқинлик қилишлари зино ҳисобланади.

Бегона эркак билан аёлнинг бевосита қўшилишлари ҳаром саналганидек, билвосита, яъни сунъий йўл билан уруғларини бирбирига чатиштириш ҳам ҳаромдир. Шундай экан, беникоҳ эркак билан аёлдан сунъий йўл орқали туғилган фарзанд ҳам зинодан туғилган деб ҳисобланади.

 

Савол. Никоҳ вақтида қиз розилигини айтмай йиғласа, никоҳ боғланган бўладими?
Жавоб:
Йўқ, турмуш қураётган йигит ва қиз икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл ҳузурида никоҳ қуриб, бир-бирларига розиликларини ўтган замон лафзида, очиқ-ойдин, яъни “жуфтиҳалолликка ўзимни бағишладим”, “жуфти ҳалолликка қабул қилдим” каби сўзларни айтишлари шарт. Уларнинг розилик сўзларини, ана шу ўринда гувоҳлар ҳам эшитишлари лозим (“Ҳидоя”). Лекин фиқҳий
китобларда яна қиздан розилиги сўралганда овоз чиқармасдан йиғласа розилик аломати, дейилган.

Савол: Қиз никоҳ вақти розилик сўралганида “рози эмасман” деса, нима қилиш керак бўлади?

Жавоб: Қизни зўрлаб эрга бериш мумкин эмас. Агар қиз никоҳ маросимида очиқдан-очиқ рад жавобини берса, никоҳ боғланмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан