Мақолалар

Шаҳобиддин Маржоний

Чоп этилди Aprel 26, 2019 Шаҳобиддин Маржонийda fikr bildirishni o'chirish

Файласуф, илоҳиётчи ва маърифатпарвар уламо Шаҳобиддин Маржонийнинг тўлиқ исми Шаҳобиддин ибн Баҳоуддин бин Субҳон бин Абдул Карим ал-Маржонийдир. У 1818 йил Татаристоннинг Қозон шаҳри яқинидаги Япанчи қишлоғида таваллуд топган. 1845–1849 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейинчалик Самарқанддаги Шердор мадрасасида ҳам таълим олиб, араб ва форс тилларини пухта ўзлаштирган, математика, астрономия, Шарқ фалсафаси ва тарихи билан шуғулланган.

Маржоний Бухорода “Мовароуннаҳр машҳур уламоларининг аҳволи ва фаолиятлари” ҳамда “Курсавийнинг Бухородаги фаолияти тўғрисида”ги асарларини ёзди. Айниқса, унинг X–XII асрларда Мовароуннаҳр хонақолари ва тасаввуфнинг аҳволи, Туркистондан етишиб чиққан буюк алломалар ҳақидаги тадқиқотлари таҳсинга сазовордир.

Шаҳобиддин Маржоний Бухородан Самарқандга келган пайтда машҳур қози Абусаиднинг илми ва бой кутубхонасидан унумли фойдаланган.

Қозон шаҳрида босилган “Маржоний таржимаи ҳоли” деган асарда Маржонийнинг Самарқандда кечирган ҳаётига алоҳида тўхталиб ўтилган. Унинг “Маржоний” таҳаллусини олиши ва мустаҳкам эътиқод эгаси бўлишига қози Абусаиднинг тарбияси ва кутубхонаси сабаб бўлгани ушбу манбада таъкидланган.

Маржоний ўзининг “Вофият ул-аслаф” асарида Қози Абусаид Самарқандий ўз вақтида Мовароуннаҳр уламоларидан бири, улуғ аллома эканини баён этган.

Шаҳобиддин Маржоний тавозели, жавонмард, хушхулқ киши бўлиб, аҳли тариқат ва машойихларни эҳтиром этар эди.

Маржоний таржимаи ҳолида бундай ёзади: “Чин илм ва тараққий йўлига кирган кишилар, ўзларига бирор олим кишини йўлбошчи этиб, унинг йўлидан боришга ҳаракат қиладилар”.

Аллома Ислом дини ва мадраса таълимини такомиллаштириш борасида қуйидаги асосий масалаларга алоҳида эътибор қаратган: Қуръони карим, ҳадиси шариф, Ислом тарихига оид фанлардан пухта билим бериш билан бирга математика, тарих, жўғрофия, табобат, ҳандаса, мантиқ, фалсафа ва бошқа дунёвий фанларни ҳам ўқитишни қўллаб-қувватлаган. Ўша даврларда ва ҳозирда ҳам эл орасида тарқалган хурофий одатлар – пайшанбалик, якшанбалик каби худойилар килиш ва йигирма, қирқ деб катта қозонларда ош дамлаб, маросимлар ўтказишга қарши бўлган. Бу ишлар шариатимиз буюрмаган одатлардан эканини ўз асарларида баён қилган. “Ал-Баркул ва мийз” деган китобида: «Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, ундан на маййитга ва на хонадон соҳибига савоб бор», деб ёзган.

Шунингдек, олим диний-маърифий, тарихий ва бошқа мавзуларга оид 30 дан ортиқ асарлар таълиф этган. 1850 йилларда Татаристоннинг Қозон шаҳридаги катта жоме масжидда имомлик ва муҳтасиблик ҳам қилган.

Шаҳобиддин Маржоний 1889 йилда вафот этган.

Аллоҳ таоло олимнинг хайрли ва савобли ишларини ўзига ҳамроҳ айлаб, охиратини обод қилган бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан