Мақолалар

Қайс ибн Саъд

Чоп этилди Aprel 27, 2019 Қайс ибн Саъдda fikr bildirishni o'chirish

Қайс ибн Саъд ибн Убода Саъдий Хазражий. Куняси: Абу Абдуллоҳ. Отаси: Хазраж қабиласининг улуғларидан Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу). Онаси: Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу)нинг амакисининг қизи Фукайҳа бинти Убайд ибн Дулайм.

Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ғайратли ва жасурлиги билан танилган эди. Амр ибн Динор (розияллоҳу анҳу) ансорлар Қайсни ўзларига етакчи деб билишарди, дея васфлаган.

Хурайм ибн Асад: “Мен Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)нинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўн йил хизмат қилганини кўрдим”, деб айтган (Имом Бухорий ривояти). Макка фатҳи куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Саъд ибн Убодадан байроқни олиб, ўғли Қайсга топширдилар.

***

Имом Табароний  (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилишича, Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу): “Ё Аллоҳ, менга ҳам мол, ҳам саховат бер. Чунки саховат фақат мол билан бўлади”, деб дуо қилар эди.

“Сайфул Баҳр” юришида қўшиннинг озиқ-овқат захираси тугади. Қайс (розияллоҳу анҳу) учта туя қарз олди. Уларни сўйиб, аскарларга таом пишириб, тарқатди. Кейин яна учта туяни қарз олди. Сўнг  уларни ҳам сўйиб, аскарлар учун таом пиширтирди. Абу Убайда ибн Жарроҳ (розияллоҳу анҳу) уни  тўхтатмагунича шу ишини давом эттирди. Саҳобалар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) олдиларига келиб, бўлган ҳодиса ҳақида айтиб беришганида, у зот (алайҳиссалом): “Сахийларнинг уйида катта бўлган-да”, дедилар (Ибн Асокир ривояти).

Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қайс ибн Саъд ерини тўқсон минг дирҳамга сотди. Сўнг пулнинг қирқ мингини қарзга бериб, қолганини садақа қилиб юборди. Мана шу воқеадан кўп ўтмай Қайс хасталаниб қолди. Ҳол сўраб келувчиларнинг сони озлигини кўриб: “Қарз бўлишгани учун ҳижолат тортишмоқда”, деб барча қарзини кечиб юборди. Шу куни кеч кирмасданоқ зиёратчилар кўплигидан эшиги олдида навбат ҳосил бўлди. Хонадон аҳллари эса бундан беҳад қувонишди”.

***

Али (розияллоҳу анҳу) Қайсни Мисрга амир этиб тайинлаган. Волийлик даврида кекса бир онахон келиб унга рўзғори бўшаб қолганини киноя тарзда баён этганда Қайс: “Бу киноя қандай ҳам гўзал-а! Унинг уйини нон, ёғ ва хурмо билан тўлдириб беринг”, деди.

 

Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан Абдуллоҳ ибн Малик Жайшани, Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Абу Омир Ҳамадоний, Валид ибн Убода ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) Мадинада яшади. Муовия ибн Суфён халифалигининг сўнгги йилларида оламдан ўтди.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 Абдулбосит АБДУВОҲИД ўғли тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 7-сонидан