Мақолалар

РАМАЗОН ФАЗИЛАТИ

Чоп этилди Aprel 28, 2019 РАМАЗОН ФАЗИЛАТИda fikr bildirishni o'chirish

عن عبد الرحمان بن عوف رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: إن شهر رمضان شهر فرض الله على المسلمين صيامه، وسننت لكم قيامه. فمن صامه وقامه إيمانا واحتسابا خرج من الذنوب كيوم ولدته أمه.

Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай  марҳамат қилдилар: “Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган ойдир. Мен эса бу ойда тунлари бедор бўлишни суннат қилдим. Кимки бу ойда ишонч билан ва Аллоҳдан мукофотини умид қилиб, рўзасини тутса, тунлари бедор бўлса, онасидан туғилган кунидек гуноҳларидан пок бўлади”.

Аллома Ҳаким Термизий ушбу ҳадисни бундай шарҳлайди: “Ҳадисдаги имон-ишонч билан рўзасини тутса дейилганда, Аллоҳ бу рўзани фарз қилганига имон келтириб, мана шу ният билан рўзасини тутса, деганидир. Рўза – емоқ, ичмоққа дахлдор ҳар қандай нарсадан ҳамда аёлига яқин бўлмоқдан тийилишга азму қарор қилишдир. Бу азму қарор банда ва унинг Раббиси ўртасидадир. Унга бирор киши назар сола олмайди. Банда куннинг ҳар соатида турли шаҳватларга рўбарў бўлади. Шунда Аллоҳ унинг ҳолатини, ичидаги ўйларини кўриб турганига эътиқод қилиши бу банданинг имонидандир. Мана шу имон-эътиқоди туфайли банда шаҳватлардан тийилади. Аллоҳ унинг ниятию, ичидаги кечинмаларини билиб турганидан унинг кўнгли хотиржам. Банданинг қалби бу ишларга барқарор ва бардавом бўлиб боради, умидворлиги ортади, мана шунинг бари ҳадисда айтилган имон ва ишончдир”.

Одам боласининг ҳамма иши ният билан бўлади. Ният қалбнинг Аллоҳга интилишидир. Унинг аввали – ўй-фикр, кейин истак, сўнг рағбат, кейин талпиниш, сўнг Аллоҳга ақли ва амали, зеҳни, хоҳиши, азму қарори ва яширин мақсадлари билан интилишидир. Мана шу ерда ният тугаб, у тана аъзоларига ўтади ҳамда уларнинг феъл-атворларида намоён бўлади. Демак, ниятнинг боши қалбнинг уйғониши ва Аллоҳга интилишидир.

Азму қарор қалбнинг аҳди бўлиб, фақат шу аҳд билангина у ният бўлади. Агар азму қарор тўғри бўлса, банданинг барча амали риё, манманлик ва кеккайишдан фориғ бўлади. Бу масалада одамлар турли даражадалар. Одамлар савоб умид қиладиган амалларига юқоридаги сифатлар (риё, манманлик, кеккайиш) аралашиб қолади. Улар бу ҳолатни яхши фарқламайдилар, уни қалблари билан кўра олмайдилар. Чунки қалб жойлашган кўксилари нафс кирдикорлари, фитналари, шаҳват васвасалари билан тўла. Шундай экан қандоқ қилиб кўксидаги бу муҳит билан ниятнинг ўй, истак, рағбат, талпиниш ва интилишларини банда кўра олсин. Аллоҳ аҳли тавҳид бандаларига меҳрибон, шу нарсалар ичида бўлса ҳам уларга тавҳид ато этиб, уни қалбларига жойлади. Улар мана шу қувват билан хайрли ишларни қиладилар: эҳтимол, ихлос билан ёки ихлоссиз, қалб хотиржамлиги билан ёки усиз – нифоқ билан.

Шунинг учун ҳам Расули акрам (алайҳиссалом) дедилар: “Аллоҳнинг ерда идишлари бор, бу идишлар қалблардир. Огоҳ бўлингки, уларнинг яхшилари му­саффо, мулойим ва қатъиятлиларидир”. Яъни, ёмон хулқлардан мусаффо, дўстларига мулойим ва ҳамдард, Аллоҳ таолога эътиқод нуқтаи назаридан қатъиятлидирлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ниятсизнинг амали бўлмас, Аллоҳдан ноумид кимсанинг эса ажри йўқ”. Бир киши, масалан, хайрли ишларни Аллоҳга бандалик нуқтаи назаридан эмас, балки одатига кўра бажараверса, унга ажр йўқ. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дедилар: “Аҳлинг билан яқинлик қилишинг садақадир”. Саҳобийлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ шаҳватимизни қондирсак ҳам ажр оламизми?” Дедилар: “Агар ҳаром билан қондирсангиз, гуноҳ қилган бўлармидингиз?” “Ҳа”, дедилар. Шунда: “Ёмонликка ҳисоб-китоб қилинасиз-ку, яхшиликка ҳисоб қилинмайсизми?”, деб марҳамат қилдилар. Бунинг маъноси шуки, зино қилса, нафсини ўйлаб, унинг талабига юриб шаҳватини қондиради. Агар уни ҳалол йўл билан қондирса, бу билан ҳаромдан тийилишни мурод қилса, мазкур амали бандаликни адо этиш деб ҳисобланади ва оиласига садақа бўлади.

Шунинг учун ҳам Муоз ибн Жабал:

“Мен туннинг ярмини уйқуда, қолган ярмини бедор ўтказаман. Мен уйқумнинг ҳисобини олгандек, бедорлигимнинг ҳам ҳисобини қиламан”, дедилар. Яъни, иккисини ҳам Аллоҳдан ажр умид қилиб адо этаман. Банда уйқуси учун ҳам, аҳли аёлига яқинлиги учун ҳам Аллоҳдан ажр умид қилса, демак, ўша ажрга сазовор бўлади. Агар банда роҳатланиб ухласа, лаззат учун аёлига яқин бўлса, аммо бу амалларида бандаликни адо этишни ният қилмаган бўлса, ажрдан бебаҳра бўлади. Бу вақтдаги бандалик ҳақи зиммасида қолиб кетади. Вақти-соати етганда Аллоҳга ўша вақтдаги бандалик ажридан маҳрум ҳолда рўбарў бўлади.

Агар шаҳватлари билан ҳаромга мойил бўлса, унда нафсига қуллик қилган бўлади. Аллоҳ эса бандасини фақат Ўзигагина қуллик қилиши учун яратган. Бандаси эса шуни гарданига олганига қарамай, нафсига эргашади, унга ва унинг шаҳватларига қул бўлиб олади. Бу иши билан банда Расулуллоҳ (алайҳиссалом)­нинг лаънатларига дучор бўлади. У зот шундай марҳамат қилганлар: “Динор бандаларига лаънат бўлсин, дирҳам қулларига лаънат, қорин қулларига лаънат бўлсин…”

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дедилар: “Кишининг Аллоҳдан ажр умидида қилгани – фойдасига, орттиргани – зараригадир…” Бунинг маъноси шуки, банданинг бандаликни ният қилиб адо этган амаллари фойдасига, аммо бандалик ҳақига беэътибор бўлиб орттирган нарсалари (амал ва моллари) унинг зарарига хизмат қилади. Чунки орттирган нарсалари ҳою ҳавасларига эргашиш натижасида, нафснинг шаҳват, ҳирс, орзу-ҳавас ва лаззатларига қуллиги оқибатида юзага келгани учун ҳам банданинг зараригадир. Агар Аллоҳга бандалик нияти қалб қувватидан чиқса, сидқидил бўлса, бундай ният амалнинг моҳиятини ўзгартиради. Бу амал энди ният учун, ҳою ҳавас учун эмас. Бу амали билан шаҳвоний истаклари, нафси ва ҳирсини қондириш эмас, балки Аллоҳга бандалик адо этгани учун Унинг Ўзидан ажр умид қилади.

Агар банда Рамазонни Аллоҳ фарз қилганига имон келтириб, ҳамда Аллоҳ унинг рўзадаги яширин нияти, рўзадор бўлган вақтда унга дуч келадиган шаҳватлардан ўзини тийишидаги азму қарорини кўриб турганига ишонса, мана шу ҳаммаси имон бўлади. Булар банда ва унинг Парвардигори ўртасидаги сир бўлиб, унга фаришта ҳам пайғамбар ҳам нигоҳ ташлай олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен бераман” дейди. Чунки банданинг ҳар бир шаҳватни рад этиб, ундан ўзини тийган вақтида Раббисидан оладиган мукофоти борки, уни инсонга бириктирилган елкадаги фаришталар ҳам, ҳафаза (сақловчи) фаришталар ҳам кўрмаслар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг “Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 30000 сўм